Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:22

Қирғизистон парламентида "журналистларни жиловлаш" масаласи кўтарилди


Қирғизистонда бош прокуратура перезидент обрўсини тўкканликда айблаб Озод Европа - Озодлик радиоси қирғиз хизмати ва Zanoza.kg сайтларни судга бергани ортидан қирғиз парламентида сўз эркинлиги масаласи муҳокама қилинди.

Қирғизистон бош прокуратураси Азаттик радиоси ва Zanoza.kg нашрини президент обрўсини тўкишда айблаб судга берган. Бош прокуратура бу икки оммавий ахборот воситасидан суд 26 миллион қирғиз сўми ёки тақрибан 377 минг доллар ундириб беришини талаб қилмоқда.

Бош прокуратура Азаттик радиосини судга берганидан бир неча кун ўтгач, президент мансуб бўлган социал-демократлар партияси ҳам 24.kg ахборот агентлигини судга бериб, партия обрўсини тўккани учун агентликдан бир миллион сўм ундириб берилишини илтимос қилмоқда.

Мазкур нашрларнинг ҳукумат томонидан судга берилишига мухолифатчи Ўмурбек Текебаевнинг чиқишлари сабаб бўлган. Номи айтилган нашрлар Ўмурбек Текебаевнинг Алмазбек Атамбаевни коррупцияга аралашгани тўғрисидаги баёнотларини ва бу баёнотлар ортидан турли нуқтаи назарни билдирувчи жамоатчилик фикрларини эълон қилган эди. Ўмурбек Текебаевнинг ўзи эса февраль ойида коррупцияда айбланиб қамоққа олинган.

Бу воқеалар ортидан 15 март куни парламентдаги "Ата Мекен" фракцияси "Қирғиз Республикасида айрим оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқ фаоллари ва адвокатларнинг таъқиб қилиниши тўғрисида" деб номланган ҳужжатни қабул олиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳужжат депутатлар ўртасида ҳам “тили узун журналистларни тийиб қўйиш” масаласи кўтарилишига сабаб бўлди.

-Айрим оммавий ахборот воситалари президентни танқид қилиб давлат хавфсизлигига таҳдид солишаяпти.Бизда махсус хизматлар бор. Улар журналистларни тартибга чақириб, керак бўлса жазолашсин,- деди социал-демократлар партиясидан депутат Азамат Арабаев.

Бироқ бу фикрга социал - демократлар партиясидан депутат бўлган Жанар Ақаев қарши чиқди.

-Журналистлар ҳеч қачон ўзлари тўқиб бирон нарсани ёзмайди. Улар маълумот манбасига таянишади. Маълумот манбаси эса бу ўринда биз-сиёсатчилар бўлмоқдамиз. Сиёсатчиларнинг ўзи тухмат, фитна ва ёлғон сўзларни сўзлаётган бўлса журналистларда нима айб? Унда журналистлар билан бирга мана шу гапларни айтаётган сиёсатчиларни ҳам жазолаш керак, -деди Жанар Ақаев.

Мухолифатчи депутатлар эса, агар мустақил нашрларга қарши ишлар очиладиган бўлса, мухолифат лидерларининг обрўсини тўкишга қаратилган кўрсатувларни намойиш этаётган давлат телеканаллари ҳам жавобгарликка тортилиши шарт, деган талабни кун тартибига қўйдилар. Бунинг ортидан парламент матбуот масаласида ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилгани йўқ.

Азаттик радиоси ва Zanoza.kg нашрига нисбатан суд жараёни 15 март куни бошланиши лозим эди. Бироқ жавобгар томон адвокатининг илтимоси билан суд бошқа кунга қолдирилди.

XS
SM
MD
LG