Линклар

Резюме

Тошкент қора бозорларида 12 март куни 7 минг 150 сўмдан сотилган 1 АҚШ доллари уч кун орасида қарийб минг сўмга қимматлаган эди.​ Сўнгги икки ҳафта давомида қарийб 8000 сўмлик даражага яқинлашиб қолган 1 АҚШ доллари 23 мартга келиб 7300 сўмга тушди. Озодлик Жонли блогида қора бозорларда доллар нархининг янги рекорди ва бунинг оқибатларига оид хабар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда. Янгилик ва фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, марҳамат, йўлланг: +420 724 971 538

16:21 23.3.2017

Расмий курс яна 50 сўмга қимматлади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилади.

23 мартдан АҚШ доллар курси ўтган ҳафтадаги кўрсаткичдан 48,10 сўмга ошди ва 3 548,11 сўмни ташкил этди.

Евронинг қиймати 91,14 сўмга ошиб 3 801,58 сўмга ва рубль 2,89 сўмга қимматлашиб 61,99 сўмга етди.

Жорий йил февралидан бошлаб АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланадиган курси ҳафтасига қарийб 50 сўмдан қимматламоқда.

14:33 23.3.2017

"Қора бозор"даги доллар нархи анча пастлади

Ўзбекистон "қора бозор"ларида АҚШ долларининг курси 12 март ойидаги кўрсаткичга қадар пастлади. Доллар.уз сайти берган маълумотга кўра, 23 март куни Тошкент вақти билан соат 12да Тошкентда 1 АҚШ доллари ўртача 7200 сўмдан сотиб олиняпти ва 7300 сўмдан сотиляпти.

Ўзбекистон вилоятларида эса долларнинг "қора бозор"даги олди-сотдиси турли хил кўрсаткичларни ташкил қилган. Республиканинг турли ҳудудларидан берилган маълумотларнинг ўртачасини ҳисоблаб чиқаркан, сайт 1 АҚШ долларининг сотиб олиниши 7025 сўмни ва сотилиши 7117 сўмни ташкил қилганини ёзади.

Спутник нашрининг ёзишича, доллар курсининг "қора бозор"да пастлашининг асосий сабаби, нашр ўтказган сўровга кўра, ноқонуний фаолият юритаётган саррофларни ушлаш бўйича прокуратура департаменти ўтказган рейдлар натижасидир.

Аммо, Тошкентдаги валюта "қора бозор"ларини айланиб чиққан иқтисодчи Тошбекнинг айтишича, саррофлар аввалгидек бемалол фаолият юритяпти:

"Бугун Чорсу бозори атрофидаги, Юнусободдаги доллар сотиладиган бозорларни айланиб чиқдим. Бемалол сотишяпти. Тўғри, баъзилари пана-панада беркиниб турибдию, лекин машина тўхтаса югуриб келиб алмаштириб беришяпти. Бугунги долларнинг ўртача сотиш курси 7300 сўм экан", деди Тошбек.

Тошкентдаги валюта “қора бозор”ининг энг катта саррофи деб таъриф бериладиган шахс ва унинг яқин одамлари Олмазор тумани Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан 15 март куни ҳибсга олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

17:27 17.3.2017

Ўзбекистон валюта "қора бозор"ларидаги АҚШ долларининг ўзбек сўмига бўлган қиймати 16 март кунги даражасини деярли сақлаб турибди.

Тошкентлик саррофлар 17 март куни 1 АҚШ долларини 7600 сўмдан сотиб олиб, 7680 сўмдан сотган.

Ўзбекистонлик блогерлардан бирининг саррофлар гапига таяниб ёзишича, "қора бозор" курсини "юқоридаги"лар белгилашади.

Блогернинг бу ҳақдаги фикрларини ўқинг:

Жорий йилнинг февраль ва март ойларида Ўзбекистон қора бозорида АҚШ долларининг сўмга нисбатан нархи кескин даражада кўтарила бошлади. 2016 йилнинг ёз ойларидан бошлаб 6300-6500 сўм атрофида сотилиб ва олиниб келинган бир АҚШ долларининг баҳоси 2017 йил февраль ойининг ўрталарига келиб 7000 сўмга яқинлаша бошлади. Март ойида эса бу кўрсаткич тўсатдан 7500-7700 сўмгача кўтарилиб кетди.

Қора бозордаги валютафурушларнинг айтишларича, “кўкат”нинг нарҳи 10 минг сўмгача чиқиши кутилаётган экан. “Алмаштиришга долларингиз бўлса, ҳозирча алмайштирмай турганингиз маъқул. Чунки тепадан келаётган хабарларга кўра, шу йил июнь ойигача бир доллар нақд 10 мингга чиқиб кетаркан”, - дейди Тошкентнинг Чорсу бозорида ишлайдиган валютфурушлардан бири. “Тепа” деганда Ўзбекистондаги валюта қора бозорининг хўжайинларини назарда тутган сотувчининг айтишича, валютафурушларни нақд доллар ва сўм билан таъминлайдиган “хўжайинлар ҳар куни долларни қанчадан олиб қанчадан сотиш ҳақида кўрсатма бериб кетишади” экан. “Ҳар кунги нарҳларни хўжайинлар белгилашади. Биз уларнинг айтганидан чиқа олмаймиз”, - дейди Чорсу бозорида ишлайдиган валютафуруш.

Тошкентдаги тижорат банкларидан бирида ишлайдиган иқтисодчи Рахматжон Маҳмудовнинг “Озодлик”нинг мобил мухбирига билдиришича, охирги бир ярим-икки йилда Россияда ва Қозоғисондаги иқтисодий бўҳрон туфайли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг даромадлари камайиши ортидан Ўзбекистонга ушбу мамлакатлардан жўнатилаётган валюта маблағлари миқдори деярли уч бараварга камайиб кетган. “Мамлакатимиз банклари орқали турли электрон тизимлар орқали олинаётган пулларнинг миқдори кескин камайиб кетганидан қора бозорда валюта танқислиги юзага келди. Авваллари, яъни ҳориждан келаётган ўтказмалар миқдори баланд пайтида бу танқислик унчалик сезилмасди ва долларнинг нарҳи бир нуқта атрофида 1-2 йил турар эди. Қора бозор меҳнат муҳожирлари юборган пуллар ҳисобига кун кўради”, - дейди Р. Маҳмудов.

Унинг айтишича, агар давлат конвертацияни эркинлаштириб, долларнинг сўмга нисбатан юзага келган турли нарҳларини қўрқмасдан бирлаштирса, хориждан келаётган валюта тушумлари банкларга ва давлатга қолар эди. Ҳозир эса бу пуллар тўғри қора бозорга, у ердан эса валюта сиёсатининг эркинлашишига қарши бўлган амалдорлар чўнтагига бориб тушмоқда”, - дейди тошкентлик иқтисодчи.

Ўзбекистон қора бозорларида доллар нарҳи мана шу ва бошқа сабаблар туфайли кўтарилиб кетганидан озиқ-овқат ва маиший техника импорт қиладиган фирма ва компаниялардан баъзилари эҳтиёткорлик қилиб, сотишларни вақтинча тўхтатиб қўйишган. Бу ҳолат Тошкентнинг “Абу Сахий” ва “Малика” савдо комплексларида кўпроқ кузатилмоқда.

14:54 16.3.2017

"Саррофлар овланмоқда"

Қўйлиқ бозоридаги исми сир қолишини сўраган саррофлардан бирининг айтишича, Тошкент шаҳридаги валюта "қора бозор"ларига милиция ходимлари мунтазам рейд уюштирмоқда:

"Кеча Чорсудаги катта саррофни ва унинг одамларини олишган. Шунингдек собиқ Горький метроси яқинидаги йўлда турадиган, Аския бозоридаги саррофлар ҳам ушланган. Бугун ёки эртага Қўйлиққа келишади, деб бизни огоҳлантиришди. Шунга эҳтиёт бўлиб ишлаяпмиз", деди саррофлардан бири.

Қолганини юкланг

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG