Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:22

Сурхондарёда киракаш машиналар авариясида 1 йўловчи ўлди, 8 нафари жароҳатланди


Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 17 март куни содир бўлган йирик автомобиль ҳалокати оқибатида 1 киши қурбон бўлди, 8 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Ҳар учала машинани ноқонуний киракашлар бошқаргани, жабр кўрганларнинг барчаси ҳайдовчилар ва уларнинг мижозлари экани айтилмоқда. Ҳозирда Сурхондарё милицияси мазкур холат бўйича жиноят иши очган.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Олтинсой туманида иккита “Жигули” ва битта “Нексия” русумли машиналар тўқнашган.

Ҳар учала машинани ноқонуний киракашлик билан шуғулланган ҳайдовчилар бошқарган.

Ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг барчаси шу машиналарни бошқарган киракашлар ва уларнинг йўловчиларидир.

- Аварияга учраган шу учта киракаш машиналарини ичи одамга тўла бўлган. Жигулини ичида, ҳайдовчини ёнида ўтиран 1968 йилда туғилган Тўраев Алимардон исмли йўловчи ўлди. Беш нафари ўта оғир аҳволда. Қолгани ўртача тан жароҳат олди. Бу юзадан прокуратура суриштирув олиб бормоқда, - деди Сурхондарё ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Кейинги пайтда киракашларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб содир бўлмоқда.

Мижозни илиб кетиш мақсадида бир чизиқдан иккинчи чизиққа кесиб ўтиб, улар йўл-транспорт ҳалокати сабабчиларига айланишмоқда.

Мижозларни тезроқ манзилига етказиб қўйиб, янгиси сари ошиқадиган киракашлар орасида эса тезликни ошириш ҳолатлари ҳам кўп учрайди.

Воқеа гувоҳи бўлган олтинсойликлардан бирининг Озодликка айтишича, 17 март куни ҳалокатга учраган машиналардан бирини бошқарган киракашнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган.

-Шу ҳайдовчиларни бирисини танийман. У коллеж ўқувчиси, праваси йўқ. Улар ГАИдаги "катта ака"ларининг соясида ноқонуний одам ташиш билан шуғулланади, - деди олтинсойликлардан бири.

Лекин, Сурхондарё Ички ишлар бошқармаси ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади. – Уларни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган-бўлмагани тергов давомида аниқланади.

- Улар ноқонуний одам ташиш билан шуғулланганликлари аниқ, - деди бошқарманинг Озодлик боғланган мулозимларидан бири.

Ўзбекистон кейинги йилларда ҳақиқатан ҳам ноқонуний киракашлар юртига айланди.

Яхши ишга жойлашиш ва оилани таъминлаш имконлари йўқлиги сабаб кўпчилик киракашлик қилади.

XS
SM
MD
LG