Линклар

Мирзиёев Наврўзни Каримовдан ўзгача нишонлади (видео)


Шавкат Мирзиëев ўзбекистонликларни Наврўз билан табриклади

Шавкат Мирзиëев ўзбекистонликларни Наврўз билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз муносабати билан Ўзбекистон телевидениеси орқали халққа табрик йўллади. Бу йил Наврўз байрами Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида халқ сайиллари кўринишида нишонланмоқда. Байрам арафасида мамлакат бўйлаб ўтказилган махсус амалиётда эса 634 одам қўлга олинди.

20 март куни Ўзбекистонда Наврўз байрамига бағишланган расмий байрам тадбири, аввалги йиллардаги каби катта тантаналар остида Тошкент марказидаги Алишер Навоий боғида эмас, балки Абдулла Қодирий номидаги паркда бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев Наврўз муносабати билан ўзбек халқини табриклади ва унинг байрам табриги ҳам марҳум президент Ислом Каримов табрикларига нисбатан қисқа бўлди:

"Азиз ватандошлар! Она диёримизга, барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан, каттаю кичик барча юртдошларимизни, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман!"

Ўз табригида Мирзиёев "Наврўз байрамининг руҳи ва фалсафаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ғоясига ҳамоҳанг" экани, шу боис, бу йил бу байрам Халқ сайиллари кўринишида ўтказилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бу йил Ўзбекистонда Наврўз байрами муносабати аҳолига 3 кунлик таътил берилди. Президент Шавкат Мирзиёев бу борада 16 март куни имзолаган фармонда, жумладан: “Наврўз умумхалқ байрамининг мамлакат маънавий ҳаётидаги улкан роли ва аҳамияти ҳисобга олган ҳолда ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 18 март -шанба кунги дам олиш 20 март-душанба кунига кўчирилди", дейилади.

Шу тариқа, бу йил Ўзбекистон Наврўз байрами ва бу байрамга бағишланган расмий тантаналар аввалгидан ўзгача ўтказилган бўлса-да, аммо байрамга ҳозирлик билан боғлиқ тадбирлар олдингиларидан қарийб фарқ қилмади.

Одатдагидек, бу йил ҳам 19 март куни 21:00 дан бошлаб, Тошкентда айрим кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланди. Бундан ташқари, халқ сайллари ўтказиладиган жойлар яқинида ҳам, зарурат туғилган тақдирда, ҳаракат вақтинча тўхтатилиши мумкинлиги билдирилди.

Ўзбекистонда Наврўз байрами арафасида ўтказилган “Тозалаш – Аксилтеррор” амалиёти давомида эса турли қонунбузарликларни содир этгани учун қидирувда бўлган 634 одам қўлга олинди.

Журналистларга бу борада ахборот берган ички ишлар вазири ўринбосари Даврон Назармуҳаммедвонинг айтишича, амалиёт давомида доимий ёки вақтинча пропискасиз яшаётган ватандошларни, ватандошлиги йўқ шахсларни ва мамлакат ҳудудида бўлиш тартибини бузган хорижликларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Вазир ўринбосари Наврўз куни сайллар ўтказилувчи 262 ҳудудда хавфсизлик кучайтирилган тартибда қўриқланишини маълум қилди. Бундан ташқари жамоат тартибини ва ёнғин хафсизлигини таъминлаш бўйича чоралар ҳам кучайтирилди.

Бу йилги Наврўз байрами арафасида ҳам Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан 11-12 март - шанба ва якшанба кунлари умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Наврўз муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб маҳаллий ҳокимиятлар корхона ва ташкилотлар ходимларидан бир кунлик иш ҳақини "Маҳалла" хайрия жамоат фондига ўтказишни сўралганидан шикоят бўлди.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатга кўра, айни тадбир Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси томонидан 2 мартда қабул қилинган 208-Ф сонли фармойиш асосида амалга оширилган.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳокимият ва "Маҳалла" хайрия фонди вакиллари бир кунлик маошни тўплаш ихтиёрий-мажбурий равишда олиб борилаётганини эътироф этдилар.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG