Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:34

ЮНЕСКО: Шаҳрисабзда бузилган маҳаллалар ўрта аср кўринишидаги ноёб обида эди


ЮНЕСКО экспертлари Қашқадарёдаги Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмига “тузатиб бўлмас зарар етказилганини” айтмоқда. Ташкилотнинг Жаҳон маданий мероси маркази вакили Фенг Жинг ҳозир асосий масала Шаҳрисабзнинг “мислсиз халқаро қиймати йўқ қилинган-қилинмаганини” аниқлаш эканини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Шаҳрисабзни реставрация қилишни 2014 йилда бошлаган.

Натижада, ЮНЕСКО маданий мерослари рўйхатига киритилган икки маҳалла ўрнини кенг хиёбон, автомобиллар тўхтаб туриш жойи ҳамда узун савдо маркази эгаллади.​

Шаҳрисабз маркази, чапда 2011 йилги ҳолат, ўнгда 2015 йилги ҳолат, сунъий йўлдош орқали олинган суратлар
Шаҳрисабз маркази, чапда 2011 йилги ҳолат, ўнгда 2015 йилги ҳолат, сунъий йўлдош орқали олинган суратлар

ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси марказининг Осиё ва Тинч океани бўлими етакчиси Фенг Жинг ҳозир туризм секторини ривожлантиришга зўр берилаётган қадимий Шаҳрисабзнинг “мислсиз халқаро қийматга эга бўлган қўҳна қисми тўлиқ йўқ қилган-қилинмагани” аниқлаш эканини айтмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Жинг: “Туризмни ривожлантириш лойиҳаси [шаҳар] меросига ўтказиладиган таъсир тўлиқ баҳоланмай амалга оширилган. Шу контекстда тарихий марказнинг тарихий кўриниши ўзгартирилган”, деди.

Жинг Шаҳрисабз 2000 йил ўзининг шаҳар планировкаси учун ўрта асрлар шаҳри ўлароқ жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганини айтди.

2000 йил ЮНЕСКО мутахассислари шаҳар маркази Самарқанд ва Бухорога ўхшашини таъкидлашган.

Улар яна шаҳарнинг ёдгорликларини ва анъанавий уйларини Темурийлар империясининг бошқа пойтахтлари, яъни Самарқанд ва Ҳиротга қиёслашган.

“[Туризмни ривожлантириш] лойиҳаси амалга оширилган тарихий шаҳар марказидаги мазкур анъанавий маҳаллалар анъанавий ўрта асрлар шаҳри кўринишида эди”, деди Жинг.

Жингнинг айтишича, ҳозирча ташкилот томонидан аниқланган етти қадимий маҳалланинг шаҳар тарихий марказида жойлашган иккитаси бутунлай бузиб ташлангани маълум.

Шаҳрисабз марказида бульдозер солинган тарихий маҳаллалар ўрни
Шаҳрисабз марказида бульдозер солинган тарихий маҳаллалар ўрни

Жинг реставрация лойиҳаси тўхтатиб қўйилганини айтаркан, эндиликда ҳукумат қолган маҳаллаларни сақлаб қолиш учун етарли чора кўришига умид қилишини айтди.

Жинг 2016 йилнинг март ва декабрь ойларида Шаҳрисабзга ташриф буюрган ЮНЕСКО кузатув гуруҳларига етакчилик қилган.

Кузатувчилар декабрь ойида қилган ташрифларига таяниб, ҳисобот ёзмоқда. Ҳисобот 19 май куни ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси қўмитасига тақдим этилади.

Июль ойида қўмита аъзолари Краков шаҳрида бўлиб ўтадиган йиллик анжуман давомида Шаҳрисабзни жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқариши ёки чиқармаслик бўйича овоз беради.

“Бу Жаҳон [маданий] мероси жойи бўлиб, Жаҳон мероси конвенцияси бўйича муайян талабларга бўйсунади. Ҳудуднинг мислсиз халқаро қийматини ҳимоя қилишга келадиган бўлсак, олинган барча маълумотларни тасдиқлаш ҳамда етказилган барча зиён кўлами ёки обиданинг мислсиз халқаро қийматига солинаётган таҳдидни текшириш учун масъул расмийлар – ҳукумат партияси билан алоқадамиз”, деди Жинг.

Ўзбекистон расмийларининг Шаҳрисабзнинг ҳимояланган ёдгорликлари ёнида сайёҳлар учун меҳмонхона қуриш режаси 2016 йил ЮНЕСКО расмийлари қистови билан тўхтатилган эди.

Аммо, бунга қадар шаҳарга зиён етказиб улгурилган эди - бир неча қадимий анъанавий маҳалла бузиб ташланган, ЮНЕСКО мақоми берилгани учун ҳимояланиши керак бўлган қадимий сув тизимлари йўқ қилинган эди.

Шаҳрисабзнинг қадимий қисми “йўқ бўлиш хавфи остида” бўлгани учун ҳозирда ЮНЕСКО шаҳарни жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқариш ёки чиқармаслик масаласини кўриб чиқмоқда.

Жаҳон маданий мероси қўмитаси яна Ўзбекистон ҳукумати ЮНЕСКО талабларини амалга ошираётгани ёки йўқлигини ҳам кўриб чиқади.

Шаҳрисабз марказида аёвсиз таъмирланаётган Кўк Гумбаз масжиди томи, 2016 йилги сурат
Шаҳрисабз марказида аёвсиз таъмирланаётган Кўк Гумбаз масжиди томи, 2016 йилги сурат

Масалан, Шаҳрисабзда туризмни ривожлантириш бўйича ҳукумат фармони яна такрорланмаслиги учун Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ёдгорликларни ҳимоя қилиш бўйича қабул олинган қонунлар кучайтирилиши керак. Шаҳрисабзнинг тарихий обидаларини ҳимоя қилиш учун махсус агентлик тузилиши, агентликда етарлича ишчи ва маблағ бўлиши керак. Бундан ташқари, тарихий меросларни сақлаб қолиш учун ҳукумат бошқарувидаги илмий марказ яратилиши керак.

Аввалроқ, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги қошидаги Маданий ëдгорликларни асраш идораси мулозими шахси очиқланмаслик шарти билан Озодлик билан суҳбатлашиб, Шаҳрисабзнинг қадимий қисмида ëдгорликларга путур етгани юзасидан текширув бораётганини айтган эди.

“Шаҳрисабздаги Шоҳруҳ Мирзо номидан 1435 йили қурилган ва халқ орасида "Кўк гумбаз" номини олган Дор-ут-тиловат меъморий мажмуасининг 1996 йили қилинган таъмир ишлари брак эканлиги муҳокама қилинди. Шаҳрисабзнинг ЮНЕСКОда қолиш ёки қолмаслиги шу йил ёзда ҳал бўлади. Ёдгорликларни сақлаб қолиш қонуни бор, аммо бу қонунни ижро қилиш механизми йўқ. Раҳбарнинг бир оғиз гапи билан меъморий асарни ялтиллатиб, битказиб қўйишади”, деган эди Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозими.

ЮНЕСКО кузатувчиларининг айтишича, XIV-XV асрларда қад кўтарган ёдгорликлар “номақбул, асл бўлмаган ҳамда қайта олиб ташлаб бўлмайдиган реставрация материллари” ёрдамида ҳамда халқаро консервация услубларига амал қилмаган ҳолда реставрация қилинган.

Уларга кўра, неча асрлар давомида сақланиб қолган ғиштларни тозалаш жараёнида уларга тузатиб бўлмайдиган зарар етказилган.

Замонавий тарашлаш машиналари ёрдамида XIV асрда қурилган “Дорус-Саодат” мажмуаси, ўрта асрларда қурилган ҳаммомлар, XV асрда қурилган Кўк гумбаз масжиди ҳамда XVIII асрда қурилган Чорсу бозорлари тозаланган.

Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси аъзоси, таниқли меъмор Озодлик билан суҳбатда Шахрисабз эски шаҳар мавзеининг катта қисми йўқ қилинганини айтди:

“Шаҳризсабз шаҳрининг энг қадимий қисмини 10 фоизидан ортиғини бузиб ташлашибди. Меъморлар ва соҳа мутахассисларини гапини инобатга олишмади. Барибир бу соҳа меъморлар қўлида эмас, бизнесмен пудратчилар қўлида. Бизда қуришдан бузиш яхши пул турар экан. Шунинг учун булар бузишга ишқибоз. Агар имкон бўлса, Ўзбекистондаги тарихий масканларида ҳарқандай қурилиш-таъмирлаш ишларини номаълум муддатга тўхтатиш керак”, деди меъмор.

Акмал Ризаев тахаллуси билан мақолалар ëзадиган тошкентлик санъатшунос Озодлик билан суҳбатда Шаҳрисабздаги Жаҳонгир мақбараси ва Ҳазрат Имом масжиди ҳам реставрация боис тарихий қийматдан мосуво бўлганлигини айтган эди:

“Ўзбек мулозимлари консервация эмас, реставрация тарафдори. Мустақиллик давридаги “Амир Темур мафкураси” боис, Шаҳрисабз мисли кўрилмаган таъмирлаш боис ўрни тўлдирилмайдиган даражада бузилди. Амир Тeмурнинг 660 йиллиги мунoсабати билан олиб борилган “тезлаштирилган реставрация” боис Оқсарой қадимий обидадан кўра Диснейленд мультикларидаги Аловиддин саройига ўхшайдиган псевдо обидага айлантирилди”, деган эди Акмал Ризаев.

XS
SM
MD
LG