Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Мирзиëев ташрифи давомида мигрантларга оид ҳужжатлар ҳам имзоланди


Мирзиёев ва Путин 5 апрельда ўтган учрашув натижалари тўғрисида қўшма баёнот берди.
Мирзиёев ва Путин 5 апрельда ўтган учрашув натижалари тўғрисида қўшма баёнот берди.

Шавкат Мирзиëевнинг Россияга қилган давлат ташрифи натижаларига бағишланган якуний баёнотда Ўзбекистон ва Россия президентлари Тошкент ва Москва позициялари кўп масалаларда ўзаро яқинлигини, баъзи масалаларда эса бир хил эканини таъкидладилар. Якуний баёнотда Ўзбекистон ва Россия ўртасида умумий қиймати 15 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қиладиган 50 дан ортиқ шартнома имзолангани билдирилди.

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан 5 апрелда ўтган учрашувдан сўнг берилган якуний қўшма баёнотда Россияга қилган сафаридан чуқур қониқиш ҳосил қилганини айтди:

-Чуқур қаноатланиш билан айтиш мумкинки, сўзлашувларимиз натижаларига кўра, жуда кўп ҳужжатлар имзоланди. Бу Ўзбекистон ва Россия президентларининг қўшма баёноти ҳамда иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид 50тадан кўпроқ шартнома ҳамда контрактлардир. Ҳамкорликда амалга ошириладиган савдо-инвестиция лойиҳалари портфелининг умумий қиймати 15 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади, - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўз баёноти давомида Россия билан имзоланган минтақалараро ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича келишувга алоҳида эътибор қаратди. Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон вилоятлари Россия вилоятлари билан тўғридан тўғри ўзаро ҳамкорлик қилиш ва адресли лойиҳаларни амалга оширишдан жуда манфаатдордир:

- Бугун биз ҳурматли Владимир Владимирович билан бизнес форумлар ўтказишга келишиб олдик. Бизнес форумлар бир йил Ўзбекистонда, бир йил Россияда ўтказилади. Мен ҳурматли Владимир Владимировичга кейинги йилда Бухорода ёки Хоразмда ёки Самарқандда икки давлат президентлари иштирокида мана шундай катта бизнес форумни ўтказишни таклиф қилдим, -деди Мирзиёев.

Владимир Путин эса ўз баёнотида томонлар автомобилсозлик, йўловчи ташувчи авиация ва фармацевтика соҳаларида Ўзбекистон ва Россия ширкатлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масаласида келишиб олганларини айтди.

Путинга кўра, сўнгги бир йил ичида Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш 2 баробарга кўпайди ва деярли 143 минг тоннани ташкил қилди. Путин Ўзбекистон ва Россия ўртасида ишлаб чиқилган 2019 йилгача иқтисодий ҳамкорлик дастури муваффақиятли амалга оширилаётганини айтди:

-Ўтган йили ўзаро товар айрибошлаш 2 миллиард 700 миллион долларни ташкил қилди. Бу Ўзбекистон ташқи савдо балансининг 17 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Ўзбекистонга киритилган Россия капитали эса 6 миллиард доллардан ошиб кетди, -деди Путин.

Россия президенти ўз баёнотида “Ўз-ўзидан бугунги музокараларда минтақавий ва глобал кун тартиби ҳам муҳокама қилинди. Таъкидламоқчиманки, асосий масалалар юзасидан Россия ва Ўзбекистон позициялари ўзаро яқин, баъзи масалаларда эса бир xил экан”, деб айтди.

Путин ўтган йилнингг ноябрида Ўзбекистонда Россия кунлари ўтганини эслаган ҳолда, 2017 йилда Ўзбекистон кунлари Россияда ўтказилишини таъкидлади.

Мирзиёевнинг Москвага қилган давлат ташрифи доирасида имзоланган 55 та ҳужжат ичида “Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш бўйича келишув” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида миграция соҳасида мутасадди органлар ваколатхоналарини таъсис этиш бўйича келишув” ҳам бор.

XS
SM
MD
LG