Линклар

Cтокҳолм суди Раҳмат Оқиловни судгача бир ой қамоқда сақлашга ҳукм қилди


Раҳмат Оқилов

11 апрелда Швеция маҳкамаси Стокҳолм террор амалини содир этганини тан олган Ўзбекистон ватандоши, 39 яшар Раҳмат Оқиловни судга қадар эҳтиёт чораси сифатида бир ой қамоқда сақлашга ҳукм қилди.

Шунингдек, суд руҳий ҳолатини аниқлаш учун Оқиловни шифокорлар кўригидан ўтказиш ҳақида ажрим чиқарди.

Суд ҳукмига муносабат билдирган адвокат Йоҳан Эрикссон Раҳмат Оқилов "террор жиноятини тан олаяпти, шунинг учун қамоқда қолади,” деб айтди.

7 апрель тушликдан кейин Стокҳолм марказида Раҳмат Оқилов юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаши оқибатида 11 яшар бир қизалоқ дохил 4 одам ҳалок бўлганди.

Ҳужумда яна 15 киши жароҳат олганди.

Яраланганларнинг 9 нафари ҳамон касалхонада даволанмоқда.

Ҳужумдан бир неча соат ўтиб, полиция Раҳмат Оқиловни тутишга муваффақ бўлди.

Ҳужум ортидан полиция Стокҳолмнинг Соллентуна, Варберг, Солна ва Кунгсҳолмен минтақаларида рейдлар ўтказди ва ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб 7 кишини ҳибсга олди.

Аммо, кейинчалик ҳибсга олинганларнинг 5 нафари қўйиб юборилди.

Айни пайтда Швеция собиқ бош вазири Карл Билдтга кўра, Швецияда Ўзбекистонга экстрадиция этилиши керак бўлган 137 шахс бор, аммо улар қочувдадир.

Бу ҳақда швед сиёсатчиси ўзининг твиттер саҳифасида маълум қилди.

Карл Билдт бу ҳолатни “ўта муаммоли” дея баҳолади.

Душанба куни Раҳмат Оқилов давлат томонидан унга тайинланган адвокат ўрнига сунний мусулмон адвокатини беришни талаб қилганди, аммо унинг бу талаби рад этилди.

Полицияга кўра, асли Самарқандлик Раҳмат Оқилов Швецияга 2014 йилда келиб, сиёсий бошпана сўраган, аммо 2016 йил июнида рад жавобини олган.

Швеция полицияси баёнотига кўра, ўтган йилнинг 16 декабрида Оқиловга Швецияни тарк этиши учун тўрт ҳафта муҳлат берилган.

Аммо Оқилов ғойиб бўлгач, миграция хизмати унинг ишини Швеция полициясига топширган.

Озодлик Раҳмат Оқиловнинг сўнгги ойларда ўзи рўйхатдан ўтган Стокҳолмдаги манзилда яшамаганини аниқлади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG