Линклар

7 апрел куни Стокҳолмда амалга оширилган ва 4 кишининг ҳалок бўлиши билан тугаган ҳужум ортида ўзбекистонлик тургани Швецияда яшаётган ўзбекистонликларни карахт аҳволга солиб қўйди. Бундан чорак асргина муқаддам ўзбеклар учун бегона бўлган бу мамлакатда йилдан йилга ўзбекистонликлар кўпайиб, шу кунда бир неча минг нафарга етган. Сиёсий ва иқтисодий сабаблар билан Швецияга бориб қолган ўзбеклар вакиллари ўзларига бошпана берган мамлакат ҳақида Озодликка айтиб берди.

Ҳудуди Ўзбекистонники билан тенг мамлакатда қанча ўзбек бор?

Скандинавия ярим оролида жойлашган Швеция ҳудуди ҳажми жиҳатидан Ўзбекистон билан бир хил мамлакатдир: Ўзбекистон ҳудуди Швецияникидан 35 квадрат километрга оз, холос.

Бироқ аҳолиси Ўзбекистонникидан 3 марта оз. Швецияда 10 млн. киши яшайди.

Шимолий Европада жойлашган бу мамлакатга бундан 25-30 йил илгари ўзбекнинг қадами етмаган дейиш мумкин. 90- йилларда Швеция дастлабки ўзбеклар - сиёсий қочқинларни қабул қила бошлади. Ўшандан буён Швециядаги ўзбеклар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Агар 2000 йили Швецияда 155 нафар легал яшаётган ўзбекистонлик қайдга олинган бўлса, 2016 йилга келиб, бу рақам 3792 нафарга етди.

Швецияда яшаётган ўзбекистонлик ижтимоий фаол Дилобар Эркинзода Озодликка тақдим этган маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда туғилиб, Швецияга бориб қолган 3792 ўзбекка уларнинг бу мамлакатда туғилган 606 нафар ўғил-қизини ҳам қўшиш керак.

“Швецияда легал яшаётган бу 4398 ўзбекдан ташқари яна тақрибан шунча нолегал ўзбекистонлик борлиги тахмин қилинади”, деди Дилобар Эркинзода.

Швеция собиқ бош вазири Карл Билдт куни кеча ўзининг Твиттер саҳифасида Швецияда ўзбекистонлик 137 шахс бўйича экстрадиция иши мавжудлиги, лекин улар Швецияни тарк этмай, мамлакат ҳудудида яшириниб юргани тўғрисида хабар қилди.

“Аввал Ўзбекистондаги босимдан қочганлар келди, кейин гастарбайтерлар…”

Касби тақозоси билан “Швециядаги ўзбеклар” мавзуига мунтазам эътибор бериб келаётган журналист Қудрат Бобожон Ўзбекистондаги босимдан қочиб Швецияга келган сиёсий қочқинлардан биридир.

У Швецияга бориб қолган ўзбекларни “сиёсий ва динийлар” ҳамда меҳнат муҳожирларига бўлади.

Қудрат Бобожоннинг айтишича, “сиёсий ва динийлар” гуруҳини ҳам 4 га бўлиш мумкин:

90- йилларда келиб қолган сиёсий мухолифат аъзолари (Пўлат Охунов ва бошқалар);

Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни ташлаб чиққанлар;

диний фаоллар (Обидхон қори Назаров ва бошқалар);

Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган журналистлар (Қудрат Бобожоннинг ўзи ва бошқалар)

Тилга олинган тоифага кирганлар Швецияга БМТ линияси билан бориб қолган ва уларга сиёсий бошпана берилган.

Швецияда яшаётган ўзбекларнинг бу тоифаларга кирмаганлари иқтисодий мигрантлардир ва улар турли йўллар билан бу мамлакатга етиб олиб, бу ерда қолишга, ишлаб Ўзбекистондаги яқинларига пул жўнатишга уринади.

“Пошшо бошқарувидаги социализм”

Швецияда давлат раҳбари қирол Карл XVI Густавдир. Лекин бошқарув шаклига кўра Конституциявий монархия бўлган Швеция айни пайтда Парламент демократияси ҳамдир.

Давлат тепасида “подшоҳ” тургани билан Швецияни биладиганлар бу мамлакатни “Пошшо бошқарувидаги социалистик мамлакат”, деб сифатлайди. Бу мамлакатнинг ўз фуқаролари фойдаланадиган ижтимоий ҳимоядан қочқинлар ҳам мосуво эмас.

Швециядан бошпана олган сиёсий қочқинлардан яна бири, ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораев ўз мисолида қочқинларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида айтиб берди.

- Швецияга БМТ орқали келган сиёсий қочқинларни ҳукумат бепул уй-жой билан таъминлайди. Баъзилар 6 ойдаёқ иш топиб ўзини ўзи таъминлашни бошлаши мумкин. Уч йил ва ундан узоқ муддат давлат ҳисобига яшайдиганлар ҳам бор. Бундан ташқари социал ҳимоя дастурида турган пайтда киши бошига ойига тақрибан 300 евродан озиқ-овқат пули берилади. Ҳатто кийим-кечак сотиб олиш учун ҳам пул берилади. Бепул таълим ва бепул тиббий хизмат билан таъминланади, деди Тўлқин Қораев.

Обидхон қори Назаров касалхонада 2 йил мунтазам ётиб бепул даволанди

2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида отиб кетилган ўзбекистонлик таниқли имом ва сиёсий қочқин Обид қори Назаровнинг тақдири Швеция жамиятининг қочқинларга бўлган муносабатига ёрқин иллюстрация бўла олади.

Қорининг ўғли Довудхоннинг Озодликка билдиришича, унинг отаси суиқасддан сўнг касалхонанинг интенсив терапия бўлимида муттасил 2 йил даволанди. Касалхонадан чиққанидан кейин ҳам врачларнинг доимий назорати остида яшамоқда. Демак, Обид қори Назаровга, мана 5 йилдирки, тиббий хизмат кўрсатилаяпти ва Назаровлар оиласи бунинг учун шу кунгача 1 сўм ҳам сарфлаган эмас.

“Баъзи бўш турган черковлар масжидга айлантирилган”

Сарлавҳага чиқарилган гапни Швеция берган сиёсий бошпанада яшаётган Абдулвоҳиддан эшитдик. Унинг айтишича, бу мамлакатда мусулмонлар учун ҳеч қандай чеклов йўқ ва истаган мусулмон учун эътиқоди талаб қилган амалларни бажариш имкони мавжуд.

Коррупцияга барҳам берган Швеция Ўзбекистондаги коррупцияни фош қилди

Дунё мамлакатларидаги коррупция муаммоларини ўрганадиган “Transparency International” нодавлат ташкилотининг йиллик ҳисоботларида Скандинавия мамлакатлари, жумладан Швеция коррупцияга барҳам берилган ёки деярли барҳам берилган мамлакатлар қаторидан жой олади.

Коррупцияга нафақат ўз ҳудудида, балки ҳудудидан ташқарида ҳам тоқат қила олмайдиган Швеция жамияти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулноранинг кирдикорларини ҳам ўз вақтида очиб ташлади.

Хусусан, Ўзбекистонда 8 йиллик фаолияти ва коррупция билан боғлиқ жанжаллардан кейин Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати бу мамлакатни тарк этаётгани тўғрисида Озодлик 2015 нинг сентябрида хабар қилган эди. Бу мавзуда Озодлик диққат билан кузатганки, Швецияни тушуниш учун ўша мақоалар билан яна бир марта танишиш ҳам етарлидир.

Тинч ва тинчликсевар давлат

Швеция 1995 йил бошидан буён Европа Иттифоқи , 1996 йил охиридан Шенген шартномаси аъзосидир. Иттифоққа аъзо бўлиши билан йиллар давомида Швециянинг ташқи сиёсатида калит тушунча бўлиб келган “нейтралитет” тушунчасига путур етгандай. Лекин бошқа масалалар, хусусан, ҳарбий блокларга қўшилиш масаласида Швеция бетарафликни сақлаб келади.

Масалан, қўшнилари - Норвегия, Дания аъзо бўлган НАТОга Швеция аъзо эмас. Бу ҳақда Швециядан биринчилардан бўлиб сиёсий бошпана олган ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов айтиб берди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG