Линклар

АҚШ Афғонистонда ИДга қарши энг катта ядровий бўлмаган бомбани Кобул билан келишилган ҳолда ташлади


Афғонистоннинг Нангархор вилоятида “Ислом давлати” гуруҳига қарши ядровий бўлмаган энг катта бомба Афғонистон ҳукумати билан келишув асосида ташланди. Бу ҳақда Афғонистон ҳукумати баёнот берди.

Мамлакат шарқидаги туннел комплексига ташланган бомбадан “Ислом давлати” жангариларидан 36 нафари ўлдирилгани тўғрисида Мудофаа вазирлиги баёнот берди.

Қурбонларга оид рақам мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ, лекин вазирлик расмийси Давлат Вазирийга кўра, ташланган бомбадан тинч аҳолига зарар етгани йўқ.

Афғонистон президенти маъмурияти бомбанинг Афғонистон ҳукумати билан келишилган ҳолда ташлангани тўғрисида баёнот бераркан, мазкур амалиётANSF (Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари) ва АҚШ Қуролли кучлари ҳамкорликда тайёрлангани билдирди.

АҚШ қўмондонлигининг билдиришича, GBU-43 бомбаси 13 апрель куни маҳаллий вақт билан кеч соат 7дан 32 дақиқа ўтганида Покистон билан чегарадош Ачин вилоятида аниқланган ер ости йўлларини йўқ қилиш мақсадида ташланган.

Оқ уй расмий вакили Шон Спейсер бу ҳақда маълумот берар экан:

-АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига жиддий ёндошади ва бу гуруҳни енгиш учун улар тезкор ҳаракатланувчи майдонни йўқ қилишимиз керак. Бу ишни амалга оширдик. Қўшма Штатлар тинч аҳоли жабрланмаслиги ва зиён тортмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини қўллади,- деб билдирди.

Вазни 10 тонна бўлган ва шунинг учун ҳам “Бомбалар онаси”, деб аталадиган GBU-43 тарихда биринчи марта қўлланилмоқда.

XS
SM
MD
LG