Линклар

Туркия президент ваколатини кенгайтириши кутилаётган референдумга ҳозирланмоқда


Туркияда президент ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи конституциявий ўзгаришлар бўйича ўтказилажак референдумга бир кун қолганда мамлакат раҳбари Режап Таййип Эрдўғон шанба куни Истанбул шаҳрининг тўртта жойида ўз тарафдорларининг намойишида қатнашди.

16 апрел кунига белгиланган референдум билан боғлиқ тадбирлар Туркияда ўтган йил ёзидаги давлат тўнтаришига уриниш ортидан жорий этилган фавқулодда холат манзарасида кечмоқда.

Июл ойидаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг Туркияда ўн минглаб одам, улар орасида ўнлаб журналист ҳам бор, ҳибсга олинди, қатор матбуот нашрлари ёпилди.

Матбуотда референдум бир тарафлама ёритилмоқда, аксар нашрлар мухолиф фикрларга ўрин бермай, жорий ҳукумат кўз-қарашини ифода этмоқда.

Референдумда Туркияни президентлик республикасига айлантириш ё парламент республикаси бўлиб қолиши масаласи мухокамага қўйилади.

Референдум президентга яна қўшимча ваколатлар бериши, бош вазир лавозими бекор қилиниб вице-президент лавозими жорий этилиши мумкин.

Туркияда ўтказилган сўнгги омма сўрови мамлакат конституциясига ўзгартиришларни маъқулловчи туркияликларнинг сони 51 фоизни ташкил этишини кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG