Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Самарқанд ИИБ патрул хизмати соқчиси автоматдан ўқ узди


Самарқанд ИИБ ходимлари
Самарқанд ИИБ ходимлари

10 апрел куни ИИБ патрул хизмати соқчилик бўлинмаси сафдори 24 яшар Жаҳонгир Мусахонов АК русумли автоматдан изнсиз ўқ узгани Озодликка бугун маълум бўлди.​ Исми сир қолишни истаган Самарқанд вилоят прокуратураси терговчисининг билдиришича, шаҳар ИИБ биносини қўриқлаëтган соқчининг автоматдан ўт очгани воқеаси овоза қилинмасдан ички текширувга юборилган.

- Самарқанд вилоят ИИБ ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи Усмонов Бекзод бу воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказмоқда. Воқеа "эҳтиëтсизлик оқибатида қуролдан ўқ отиш", деб малакаланди. Соқчи Жаҳонгир Мусахоновга огоҳлантириш берилди, аммо ишдан бўшатилгани йўқ. Инцидент пайтида ҳеч ким зарар кўрмади¸ деди терговчи.

Унга кўра, воқеа Самарқанд вилоят ИИБ ҳовлисидаги бошқармага қарашли автобуслар турадиган жойда содир бўлган.

Аслида нима бўлган эди?

10 апрел кунги воқеани ўз кўзи билан кўрганини айтган самарқандлик Озодликка расмлар жўнатиб¸ баъзи тафсилотларни гапириб берди:

- Милиционер ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Автоматни кўксига тираб тепкини босмоқчи бўлганида¸ шериги қутқариб қолди. Автомат тариллаб отилиб милицияларни ташийдиган автобуснинг белини тешиб ўтди¸ деди ўзини "воқеа гувоҳи", деб айтган самарқандлик.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ҳуқуқ-тартибот органлари назорати билан шуғулланадиган мулозимининг Озодликка айтишича¸ соқчи Жаҳонгир Мусахонов автомат тепкисини беҳосдан босган:

- Ўзини ўлдирмоқчи деган гап йўқ. Мана билдиргида ëзилишича¸ ноҳуш ходиса юз берган. 10 апрель куни соқчи Мусахонов ИИБ биносини қўриқлаш учун постни қабул олган. Навбатчидан қуролни олган. Кейин у ИИБга оид 6 та автобус турадиган жойдаги автобуслардан бирининг олдига бориб, унинг эшигини очиб, ичига кирган. Автобус ўриндиғида автоматни ўйнаб ўтирган. Билмасдан қўли тепкига тегиб кетиб ўқ отилган. Иккинчи пост соқчиси ўқ овозини эшитиб уни ëнига бориб автоматни тортиб олмоқчи бўлганида уни ҳам қўли тепкига тегиб кетиб яна ўқ отилган. Иккинчи ўқ отилиши автобус ташқарисида бўлган ва ўқлар бинога теккан. Воқеа жойига раҳбарлар борганида Мусахонов шок холатида бўлган. Нега ундай қилдинг дейишса¸ ўйнаб ўтириб билмай отиб қўйганини айтган, - деди мулозим.

Унга кўра¸ ана шундан кейин Самарқанд шаҳар ИИБ соқчилик бўлими бошлиғи Зокиржон Толибов воқеа юзасидан рапорт ëзган:

- Жиноят иши очилмади¸ Мусахонов руҳий экспертизадан ўткзаилмади. У билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Хизмат текшируви мобайнида Мусахонов казармада эди¸ лекин ишдан бўшатилмади, деди мулозим Озодлик билан суҳбатда.

Бу воқеагача...

Бу милиция ходимларининг ўз жонига қасд қилиши ёки ўқ отар қуролни заруратсиз ишлатишга оид биринчи воқеа эмас.

Озодлик, аввалроқ, Чилонзор тумани ички ишлар бўлимида ишлайдиган 29 яшар капитан ёшли Сарвар Ҳамидовнинг табел тўппончасидан ўзини отиб ташлагани ҳақида ëзган эди.

Бундан олдин Жиззах вилояти Зомин туманида милиция полковниги, 42 яшар Тўлқин Довурбоев ўз укалари Дилшод ва Муҳаммадни отиб ўлдирганликда айбланиб, жавобгарликка тортилган эди.

XS
SM
MD
LG