Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:34

13 қовурғаси синдирилган муҳожир ҳаётини Москва суди 200 минг рублга баҳолади


Адвокат Д.Пискунов ва И.Алихонов суд олдида
Адвокат Д.Пискунов ва И.Алихонов суд олдида

Замоскворецкий туман суди полиция бўлимида ўлдирилган меҳнат муҳожири ҳаётини 200 минг рублга баҳолади. Бундан 2,5 йил олдин Солнечногорск туман полиция бўлимига зўрлашда айбланиб олиб келинган 39 яшар Фарруҳ Ўрозовнинг 13 қовурғасини синдириб ўлдирган уч полиция ходимини суд 6 ва 7 йиллик қамоққа маҳкум этган эди.

Россия пойтахтининг Замоскворецкий туман суди 18 май кунги қарори билан Солнечногорск туман полиция бўлимида калтаклаб ўлдирилган тожикистонлик Фарруҳ Ўрозовнинг тоғаваччаси Илҳом Алихоновга 200 минг рублли (~3,5 минг АҚШ долл.-таҳр.) товон пули тўлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Суднинг бу қарорига изоҳ берган “Қийноқларга қарши қўмита” юристи Дмитрий Пискунов Илҳом Алихонов ва унинг яқинлари манфаатларини судда ҳимоя қилганини Озодликка гапириб берди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳимоячилар Россия Ички ишлар вазирлигидан Тожикистоннинг тоғли Фарҳор туманида яшаётган рафиқаси ва 4 фарзанди номидан ҳам компенсация талаб қилишни режалаштирмоқда.

Фарруҳ Ўрозов (ўртада) ва унинг укаси Илҳом Алихонов
Фарруҳ Ўрозов (ўртада) ва унинг укаси Илҳом Алихонов

- Судья Нелли Рубцова муҳожирнинг ўлими учун Россия Ички ишлар вазирлигидан 200 минг рубл талаб қилишга қарор чиқарди. Маҳкама давомида унинг оғзаки берган тушунтиришига кўра, Илҳом Алихоновдан ташқари Ўрозовнинг бошқа қариндошлари ҳам худди шундай даъво аризалари билан мурожаат қилишлари мумкин. Марҳум Фарруҳ Ўрозовнинг бошқа яқинлари борлиги сабабли суд товон ҳақини биз сўрагандан 6 фоизинигина беришни ҳақли деб топди, ваҳоланки биз 3 миллион рубл сўраган эдик, деди адвокат Пискунов.

Ҳимоячи тожикистонлик Фарруҳ Ўрозовнинг полиция бўлимида ўлдирилиши билан боғлиқ вазият 2014 йилнинг 18 сентябрга ўтар кечаси содир бўлганини гапириб берди.

2014 йилнинг 17 сентябрь куни Солнечногорск тумани Редино қишлоғида истиқомат қилувчи бир аёл номаълум шахс унинг 6 яшар қизчасига нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатларини амалга оширганини хабар қилган.

“Полиция бу жиноятга қўшни уйда яшаётган уч муҳожирни гумонлайди”, дея давом этади Дмитрий Пискунов.

- Ўша куни кечқурун улар яшаётган квартирага патрул-пост хизмати ходимлари келиб, Солнечногорск туман полиция бўлимига аввалига Фарруҳни, кейин Алихонов ва Сатторовни олиб келишади. Кейинги тафтиш уларнинг бу гумонлари асоссиз эканини аниқлади. Полиция бўлимига келтирилган Ўрозовни дарҳол жиноят қидирув бўлими кабинетларидан бирида калтаклашга тушишган. Натижада, ўша куни кечаси Фарруҳ жон таслим қилди. Билишимча, полиция ходимлари унинг қовурғасини шундай синдиришганки, у нафас ололмасдан ўлган. Фарруҳнинг калтакланишига унинг укаси Илҳом гувоҳ бўлган. Бақириқ овозларини эшитиб, Илҳом кабинетлардан бирига кириб қолади ва у ерда ярим яланғоч ҳолатда ерда кишанланиб, қонга беланиб ётган Фарруҳни кўриб қолади. У укасига “Мен бошқа чидай олмайман!” дейишга улгурган, деди ҳимоячи.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, муҳожир Фарруҳ Ўрозовнинг танасига камида 75 маротаба қаттиқ зарба берилган, у 13 қовурғаси синиши оқибатида жон таслим қилган.

Ф.Ўрозов полициячилар зарбаларидан ўлгани аниқланди
Ф.Ўрозов полициячилар зарбаларидан ўлгани аниқланди

Илҳом Алихонов Озодликка Фарруҳнинг икки марта қамалган аёл шикояти асосида қўлга олишганини Озодликка гапириб берган эди.

Нобуд бўлган муҳожирнинг тоғаваччаси Илҳом Алихонов полиция бўлимидаги ҳодисадан кейин Москвада жойлашган “Қийноқларга қарши қўмита”га мурожаат қилди. Ўрозов ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ва полициячилардан бири зудлик билан қўлга олингани хабар қилинди.

Тергов давомида 39 ёшли Фарруҳнинг ўлимига яна иккита ходим алоқадор экани ва кейинроқ улар ҳам ҳибс этилгани маълум бўлди. Бу ходимлар лавозимларидан зудлик билан бўшатилди, полиция бўлими раҳбарияти интизомий жазога тортилди.

“Қийноқларга қарши қўмита” юристи Дмитрий Пискунов полициячилар томонидан ўлдирилган Фарруҳ Ўрозовнинг рафиқаси, тўрт фарзанди етим қолди, дейди: Тожикистоннинг Фархор туманидан бўлган Фарруҳ Ўрозовнинг катта ўғли 6-синфда ўқийди, қолган уч қизи эса ҳали мактаб ёшига ҳам етмаган.

“Қийноқларга қарши қўмита” юристи Дмитрий Пискунов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:01 0:00
Бевосита линк

У Фарруҳ ота-онасининг ҳам ягона боқувчиси бўлгани ва улар Россия Ички ишлари вазирлигидан моддий компенсация талаб қилишга ҳақли эканини гапирди.

- Биз Замоскворецкий туман суди қарори устидан шикоят ёзамиз, сўзсиз. Чунки 200 минг рублли товон пули унинг яқинларига етказилган маънавий зарарни ҳеч қанақасига қопламади. Бизнинг аппеляция аризамиз қондирилмаса, биз Инсон ҳақлари бўйича Европа судига мурожаат қиламиз. Шу сабабли, Фарруҳ Ўрозов иши юзасидан адолат ўрнатилиши учун ҳали кўп иш олиб бориш керак, деди “Қийноқларга қарши қўмита” вакили Дмитрий Пискунов.

Озодлик тожикистонлик 39 ёшли муҳожир Фаррух Ўрозов ўлимида айбланган полиция ходимлари Станислав Дейкун ва Андрей Чернишев 7 йилу 4 ойданга, Владимир Гордеев эса 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилгани, судланганлар жазони қаттиқ режимли қамоқхонада ўташига ҳукм қилингани тўғрисида хабар берганди.

Расмий маълумотларга кўра, йилига 1 миллиондан зиёд меҳнат муҳожири Тожикистондан иш излаб Россияга келади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисоб-китобича, ҳар йили улардан 1 мингдан зиёди ўз Ватанига темир тобутда қайтиб келади.

Ҳозирча Россиядан келтирилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар жасадлари сонига оид бирор аниқ маълумот эълон қилинмаган.

XS
SM
MD
LG