Сўнгги икки кун ичида Тошкентда аҳоли орасида коронавирус юқтиргани аниқланганлар сони 200 нафардан ошди.
Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровдан олинган маълумотга кўра, Тошкентда қайд этилган янги ҳолатлардан 183 таси битта қурилиш ҳудудида ишлаган ишчилардир.
Пойтахт эпидемиологларига кўра, мавжуд 11 туманнинг бир нечтасида аҳоли орасида коронавирусни юқтириб олганлар аниқланган ва бемор билан мулоқотда бўлганларни тўлиқ қамраб олиш тобора қийин кечмоқда.
Эпидемиолог: мулоқотнинг ошгани вирус кенгайишига бирламчи сабабдир!
Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг (СЭОА) Тошкент шаҳридаги хизматларидан бирида ишлайдиган мутахассис аҳоли орасида вирус тарқалиши кўпайганининг бирламчи сабаби сифатида ижтимоий масофага амал қилинмаëтганини тилга олди:
“Одамларимиз карантин юмшади, деб ниқобга беэътибор бўлиб қолди. Ижтимоий масофа сақланмаяпти – бозорлардаги аҳволни кўриб турибсиз, одам кўп. Шунинг учун, вирус тарқалиши кўпайиб қолди. Лекин, биз ҳар битта ҳолатда илк тарқатувчи манбани аниқлаб, ҳамма мулоқотда бўлганларни қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз. Фақат, бу вақт оралиғида карантинга олинганлар ҳам, кузатувга олинганларнинг ўзлари ҳам эҳтиёт чораларига амал қилиб, уйида ўтириши керак – лекин, бунга амал қилмаслик ҳолатлари кўпайди, афсуски”.
Мутахассисга кўра, ҳозир СЭОА бўлинмалари, мулоқотда бўлганлар орасида таҳлил учун намуна олинадиганлар қамровини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда ва бу жараёнга куч ишлатар тузилмалари ҳам жалб қилинган:
“Вирус аниқланган одамнинг оиласи, қўшниси, ишхонаси, қариндошлари. Биз, поликлиникадагилар, ИИВ ходимлари бирга соатма соат қаерда бўлгани, кимлар билан гаплашгани ва ҳоказо маълумотларни тергов қилгандек, сўраб аниқлаяпмиз. Лекин, рост маълумотни тўлиқ айтмайдиганлар бор, беркитадиганлар бўляпти. Ўрикзор бозорида бўлган ҳолатни олинг – сотувчи ва унинг оиласида вирус аниқланди. Бозорга фақат Тошкентдан бормайдику одамлар?! Яъни, биринчи ўринда одамларнинг ўзи эҳтиёт бўлиши керак, масъулиятни хис қилиши керак. Чунки, бу янги вирус, унинг хусусиятлари ҳали тўлиқ маълум эмас”.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентнинг “Ўрикзор” савдо мажмуаси сотувчиси коронавирусга чалингани, сўнгра сотувчининг ўғли ва қизида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланганини хабар қилган.
СЭОА расмийси: Тошкентда 183 та ҳолат битта ҳудудда аниқланган
Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров ҳам кейинги кунларда аҳоли орасида карантин чораларига амал қилмаслик ҳолати кучайганини қайд этди:
“Камаз ҳайдовчилар келяпти, уларда чиқиб турибди ҳозир. Аҳоли орасидан чиққани сабаби эса одамлар маска тақмаяпти. Ижтимоий масофа сақламаяпти. Уйма-уй огоҳлантиришга ҳаракат қиляпмиз”.
Айни пайтда у тошкентликлар орасида аниқланган 200 дан ортиқ ҳолатнинг 183 таси Мирзо Улуғбек туманидаги битта қурилиш ҳудудида қайд этилганини билдирди:
“187 таси битта қурилишда ишлайдиган усталар. Ҳозир барча чора-тадбирлар кўрилган. Карантинга олинган. Дайдиб чиқиб кетиб, магазин, бозорларда юргани йўқ улар. Бозорларга чиқиб кетди, деган гап-сўзлар йўқ. Ҳаммаси изоляцияга олинган. Мирзо Улуғбек туманида қурилишда ишлаётган усталардан чиққан. Лекин, аҳоли орасидан ҳам гоҳ-гоҳида бир дона, икки дона кузатилиб турибди. Лекин вирус шаҳар бўйлаб тарқалиб кетди, деган маълумотлар нотўғри”.
Телефон алоқаси ўта ёмон бўлгани боис, матбуот котибидан 200 га яқин қурувчиси коронавирусга чалинган ширкат ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумот олиш имкони бўлмади.
"Моддий рағбат бўлмагани учун назорат сусайди"
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин лагерида ишлаган ҳамширанинг Озодликка айтишича, кейинги 2-3 ҳафта ичида карантиндан чиққанлар ёки уйида кузатувга олинганлар устидан назорат сусайган.
Ҳамшира¸ кейинги кунларда аҳоли орасида вирус тарқалиши ошишига назоратнинг сусайганини сабаб қилиб келтирди :
“Масалан, тиббий кузатув ва уй карантинида турганлар бор. Вирус аниқланмаган, аммо гумон қилинганлар. Бошида ИИВ ва Миллий гвардия, патронаж ҳамширалар жуда қаттиқ назорат қилаётганди. Ҳозир, шу назорат сусайди. Чунки, уларга аввал ваъда қилинган 6 фоизлик устама ҳақ тўланмади. Улар кундалик ишини устига нагрузка сифатида қиляпти бу ишни, рағбат йўқ”.
Республика бўйлаб, карантин ҳудудларида ёки уйида карантинда сақланаётганлар билан ишлаётган санитария-эпидемиологик агентлик ходимлари, патронаж ҳамшира ёки бошқа ходимларга, президент қарорида кўзда тутилган, 6 фоизлик устама ҳақ тўланмаётгани ҳақида Озодикка кўплаб шикоятлар келмоқда.
Тошкентда бир кунда аҳоли орасида 195 та ҳолат аниқланди
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, 7 июнь кунининг ўзида аҳоли орасида 217 та ҳолат аниқланган, буларнинг 195 нафари Тошкентда.
9 июнь, эрталаб соат 10:00 га қадар эса Тошкент шаҳрида аҳоли орасида яна 8 кишида вирус аниқланган.
Бош санитар инспектор барча ҳолатларда ҳам касалликни тарқатган манба - илк шахсни аниқлаш имкони бўлмаётганини очиқ тан олди:
“Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Тошкент шаҳри аҳолиси орасидан аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича эпидемик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Биз касалликни, афсуски, кимдан, қандай йўл билан тарқалганини, касаллик манбаи кимлигини аниқлолмаган ҳолатларимиз бор”, деб қайд этди бош санитар инспектор.
Четдан келаётганлар ва улар орасидан аниқланган беморлар сони ошди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, бевосита қўшни бўлган мамлакатлардан 56 мингдан ортиқ ватандош қуруқлик чегара постлари орқали қайтарилган.
Расмий хабарларга кўра¸ дастлабки текширувларда вирус аниқланмаган бўлса-да, уйига кириб борган айрим ўзбекистонликларда кечроқ вирус аниқланиш ҳоллари қайд этилган.
Жумладан, Андижоннинг Избоскан ва Балиқчи туманларида коронавирусда гумонланган юк автомашинаси ҳайдовчиси билан мулоқотда бўлган юзга яқин одам 14 кунлик карантинга олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 28 майда хабар қилишича, Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постида вирус учун олинган таҳлил натижалари чиқмай туриб, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетган.
Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни Озодликнинг жонли блогида кузатишингиз мумкин: