Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 11:19

Толибон Ўзбекистон остонасида: Мирзиëев ҳукуматида радикал қўшнига нисбатан аниқ сиëсат борми?


Самарқанд вилоят ҳокими Эркин Турдимов 2019 йил августида Ўзбекистонда катта меҳмон сифатида қарши олинган Толибон ҳаракати раҳбари ўринбосари Абдулғани Бародарга зарбоф тўн кийдирмоқда
Самарқанд вилоят ҳокими Эркин Турдимов 2019 йил августида Ўзбекистонда катта меҳмон сифатида қарши олинган Толибон ҳаракати раҳбари ўринбосари Абдулғани Бародарга зарбоф тўн кийдирмоқда

АҚШ маъмурияти Афғонистондан сўнгги қўшинларини 2021 йил 11 сентябрга қадар олиб чиқишини эълон қилиши ортидан Толибон ўз ҳудудини кенгайтириш учун кенг кўламли ҳаракатлар бошлади.

Кейинги икки ой ичида толиб жангарилари мамлакат шимолидаги 30 дан ошиқ туманни босиб олгани айтилмоқда.

Оқибатда Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистоннинг қарийб 30 йилдан бери Толибондан иҳоталанган чегара ҳудудлари исломий экстремистик гуруҳ кучлари қаршисида, таҳлилчилар фикрича, "яланғоч қола бошлади".

Йиллардан бери назарий жиҳатдан муҳокама қилиб келинган қўрқинчли эҳтимол реалликка кўчди – Толибон Ўзбекистон ва минтақанинг қолган давлатлари учун Амударë ëки чегарадаги тиканли симнинг нари томонидаги қўшнига айланди.

Ислом Каримовдан фарқли Шавкат Мирзиëев ҳукумати Толибон вакилларини Ўзбекистонга таклиф қилиб¸ уларга зарбоф тўн ëпиб¸ зиëфатлар уюштирган.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов Каримов ўлимидан сўнг Толибон раҳбарлари билан бир неча бор учрашган¸ иккала томон бир-бири шаънига илиқ баëнотлар қилган.

Абдулазиз Комилов Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан
Абдулазиз Комилов Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан

Айни кунларда Вашингтонда АҚШ расмийлари билан учрашувлар ўтказаëтган Абдулазиз Комилов мазкур сафари олдидан ThisisAmerica TV мухбири Dennis Wholey билан суҳбатлашди.

25 июнь кунги мазкур суҳбатнинг асосий қисми ҳам Афғонистондаги вазият ва Тошкентнинг Толибонга муносабати ҳақида бўлди.

Комилов суҳбат давомида Мирзиëев ҳукуматини Толибон раҳбарияти билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатган биринчи давлат сифатида тақдим қилди.

-Очиғи¸ ўша пайтда бизни Толибонни реал мухолифат сифатида расман тан олишликда айблашган эди. Бу ўриндаги асосий савол Афғонистондаги сиëсий тузум қандай бўлади? Албатта¸ биз 90-йиллардаги Афғонистон исломий амирлигини қабул қила олмаймиз. Айни пайтда биз муаммонинг Афғонистон жорий ҳукумати¸ Толибон ва бошқа қуролли мухолифат ўртасида ўзаро муроса йўли билан ечим топишини истаймиз.

Бу муросани изоҳлаган Комиловга кўра¸ Афғонистоннинг исломий қадриятлари халқаро майдонда ҳурмат қилиниши¸унинг исломий мамлакат экани эътироф этилиши керак; айни пайтда Толибон ҳам кейинги йилларда Афғонистонда кузатилган айрим демократик ўзгаришларни қабул қилиши лозим.

АҚШ мухбирининг “Толибонни террочи ҳаракат деб биласизми?” деган саволига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ¸ “шахсий фикримча¸ йўқ”¸ деб жавоб берди.

Комилов Толибоннинг 40 йил давомида бирор хориж давлати ҳудудида террор хуружи уюштирмагани¸ АҚШнинг Толибон билан музокара қилганини уларнинг террорчи эмаслиги тасдиғи сифатида келтирди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Анвар Назир Тошкент дипломатлари раҳбарини мазкур суҳбат давомида Толибонга очиқдан-очиқ адвокатлик қилганликда айблайди.

Анвар Назир Мирзиëев ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан ëндашуви икки қудратли омил – Россия таъсири ва жорий ҳокимиятдагиларнинг шахсий манфаатлари қўлида гаровда қолганига ишонади.

-Шу кунларда жуда хавфли воқеалар содир бўляпти – Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг айтишича, толиблар террорчи эмас. Бундай ëндашув ортида Москванинг таъсири борлиги ҳам ҳақиқат. Россия толиблар қўли билан Америкадан қасос олмоқчи, бу одатдаги Путин реваншизми, СССРнинг қулаши учун қасос. Путинга кўра¸ СССРни америкаликлар йўқ қилган. Нафақат афғонлар, балки биз ҳам Путин авантюрасининг қурбонига айланишимиз мумкин. Ўзбекистон ҳукумати Москвадан қўрқиб¸ вазиятнинг қанчалик хатарли эканини ë тушунмаяпти ёки тушунишни хоҳламаяпти¸ дейди Анвар Назир.

Абдулазиз Комилов АҚШ сафари арафасида берган интервьюсида¸ Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар ўз ҳаракати ҳокимиятга келса қўшни давлатлар¸ хусусан¸ Ўзбекистонга ҳужум қилмаслиги ҳақида баëнот берганини ҳам эслатиб ўтди.

Аммо тожикистонлик сиëсий таҳлилчи Аҳмадшоҳ Комилзода Толибоннинг бундай баëнотларига мутлақ ишонмаслигини айтади.

- Толибон ҳокимиятга келса¸ Марказий Осиë давлатларига ҳужум қилмаслигини айтган. Лекин мен уларга мутлақ ишонмайман¸ ишона олмайман. Агар Толибон кучайишда давом этаверса¸ ëки эртага тўлиғича Афғонистон тепасига келса¸ албатта¸ қўшниларга ҳужумга ўтмай қолмайди. Чунки уларнинг пировард мақсади исломий давлат қуриш¸ одамларни ўрта асрлар жаҳолатига қайтаришдир¸ дейди тожикистонлик таҳлилчи.

Афғонистонлик журналист¸ Озодликнинг Кобулдаги мухбири Олим Кўҳкан ҳам бундай эҳтимолнинг кучли эканини айтади.

- Толибон нафақат Афғонистон ëки минтақа¸ балки бутун дунëда исломий халифат қуриш режасида. Халифат эса миллий чегараларни тан олмайди. Толибон сафида Тоҳир Йўлдош давридан бери жанг қилиб келаëтган ўзбекистонлик жангарилар кўп. Уларнинг орзуси¸ албатта¸ ўз ақида ва усулларини Амударëнинг нариги томонига ҳам ëйишдир. Радикал ислом нималигини реал ҳаëтда кўрмаган ўзбекистонликлар Толибон мафкурасини орзу қилмоқда. Бу жуда қўрқинчли ва бу террорни бошдан кечирган Афғонистон ўзбеклари чегаранинг нариги томонидаги бундай кайфиятга ҳайрон қараб турибмиз¸ дейди Кўҳкан.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Анвар Назир Тошкент ҳукуматининг Афғонистон аҳолисини ўнлаб йиллардан бери жаҳолат ва террорда ушлаб келаëтган Толибоннинг сўнгги кунлардаги ҳарбий ютуқлари Ўзбекистондаги мутаассибларни аллақачон илҳомлантира бошлаганини айтади.

-Кўп йиллар давомида давлат ёшларимиз бошини консерватив «маънавият» ахлатига тўлдирган ва ёшларни демократия ва инсон ҳуқуқлари қадриятларидан узоқлаштирган. Айнан шунинг учун ҳозирги кунда кўплаб ўзбекларимиз Толибонни "ҳақиқий мусулмон" сифатида қабул қилишмоқда. Ўзбекистонда бугун обрўси бор шахс йўқ, мухолифат йўқ - режим ҳаммани сиёсий ва жамоат майдонидан четлаштирди. Ўзбекистонда обрўли имом йўқ, омма ишонадиган зиёли йўқ, аксар аҳоли коррупция боис тобора қашшоқлашиб бормоқда. Бундай вазиятда сиёсий саводсиз қатлам толибларни Ўзбекистонни "ҳароми порахўрлардан" қутқарадиган қаҳрамонлар¸ деб қабул қилишга тайёр. Бу Мирзиёев “ислоҳотлари” устидан ўқилган ҳукм - одамлар ҳатто энг оддий муаммоларининг ҳам ечимсиз қолаëтганидан шу қадар чарчаганки, улар ҳатто толиблар террорчиларига ишонишга тайёр¸ дейди Анвар Назир.

90-йилларда ўзбек генерали Абдурашид Дўстим асос солган Жунбуши Ислом партияси матбуот котиби бўлиб ишлаган Олим Кўҳкан¸ Афғонистон шимолий ҳудудларининг яқин келажакда Толибон назоратига ўтиш эҳтимолини инкор қилмайди.

Кўҳкан¸ узоқ йиллар Толибон ва Ўзбекистон ўртасида буфер зонаси бўлиб келган бу ҳудудлар толиблар қўлига ўтса¸ мазкур вилоятлардаги ўзбек ва бошқа туркий қавмлар ҳақ-ҳуқуқларининг радикал жангарилар томонидан поймол этилишидан хавотирда.

- Генерал Дўстим ҳозирда Туркияда даволанмоқда. Унинг ўғли Ëрмуҳаммад Дўстим жунбуш кучларини бирлаштириб¸ Толибон ҳужумини қайтаришга уринмоқда. Ўзбекистон ҳукумати аксил Толибон¸ хусусан¸ Жунбуш кучларига ҳарбий ëки молиявий дастак бера олмас. Аммо сиëсий дастак бериш¸ қўлидан келади. Масалан¸ Мирзиëев Туркия президенти Эрдўғон ва қолган Марказий Осиë раҳбарлари билан маслаҳатлашиб¸ Афғонистон шимолидаги туркий халқларни сиëсий жиҳатдан ҳимоя қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Туркия билан Покистон муносабатлари яхши. Толибларнинг жилови эса¸ айнан Покистон қўлида. Туркий давлатлар Толибонни Афғонистондаги ўз қавмини ҳимоясиз ташлаб қўймаслигидан огоҳлантирса¸ шунинг ўзи ҳам эҳтимолий қирғинларни тўхтатиши мумкин¸ дейди Абдурашид Дўстумнинг собиқ матбуот котиби.

XS
SM
MD
LG