Линклар

Ўш қирғини қурбонлари оилаларига хун пули берилади


Расмий маълумотларда айтилишича, Ўш қирғинида 500 га яқин одам ҳалоқ бўлган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўш қирғинида 500 га яқин одам ҳалоқ бўлган.

Ўш қирғинида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 1 миллион сўм, яъни 21 минг 300 доллардан хун пули тўланадиган бўлди.

25 март куни бўлган ҳукумат йиғилишида Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳукумат заҳирасидан 500 миллион сўмни Ўш қирғинида ҳалок бўлганлар оиласига хун пули сифатида ажратишни таклиф қилди. Бу таклиф ҳукумат аъзолари томонидан қўлланди.

Қирғиз ҳукумати матбуот хизматининг таъкидлашича, Ўшда қурбон бўлган ҳар бир одам учун 1 миллион сўм, Яъни 21 минг 300 доллардан хун пули берилади.

“Ўшда 500 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида расмий маълумот бор. Демак ҳар бир оилага 1 миллион сўмдан берилади”, деб билдирган Бош вазир.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, расмий маълумотларга кўра, Ўшда ҳалок бўлганларнинг 106 нафари қирғиз, 3 нафари бошқа миллат вакиллари, қолганлари эса ўзбеклардир.

Ҳукумат бундай қарорни “Ўш шейиттери” нодавлат ташкилоти босими остида қабул қилди. Бу ташкилот Ўш қирғинида қурбон бўлган қирғиз миллатига мансуб одамларнинг оила аъзоларини бирлаштирган.

“Ўш шейиттери” ташкилоти хун пули нафат қирғизларга, балки бошқа миллат вакилларига ҳам берилиши тўғрисидаги ҳукумат қарорини адолатли, деб ҳисоблайди:

- Биз ўзбек, қирғиз, ўрис деб миллат ажратмаймиз. Ҳаммамиз бир туғишганмиз, бир замин, бир ватанннинг халқимиз. Битта ариқдан оққан сувни ичамиз, -деди ташкилот аъзоси Қанайим Қалбекова.

“Ўш шейиттери” ташкилоти аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Бубайша Арстанбекова эса ташкилот номидан Бош вазирга жўнатилган талабномада айнан мана шу ҳолатга алоҳида урғу берилганини айтди:

- “Нима учун ижтимоий ҳимоя масаласида икки томонга, яъни ўзбек билан қирғизга бирдай муносабат бўлмаяпти?” деган талаб қўилган ҳукумат олдига. Ўшда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари миллатидан қатъий назар тенг ҳуқуқлилик асосида ижтимоий ҳимоя қилиниши лозим, - деди Бубайша Арстанбекова.

Айни пайтда¸ ташкилот ҳукумат олдига бошқа бир қатор талабларни ҳам қўйган. Улар ҳалок бўлганлар оила аъзоларининг банкдаги қарзларини тўлашга ёрдамлашиш, адолатли судлов ўтказиш, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш масаласидир. “Ўш шейиттери” ташкилоти раҳбарининг ўринбосари Турғуной Айтиеванинг айтишича, ҳукумат адолатли судлов талабидан бошқа талабларни бажаришга ҳаракат қилмоқда.

- Суд, прокуратура ва тергов органларининг ноқонуний ҳаракатлари жонимизга тегиб кетди. Уларнинг ишлари мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Ҳақиқий қотилилар ялло қилиб юришибди, айбсиз одамлар қамалаяпти. Ҳукуматнинг ўзи бугун сен ўзбексан, сен қирғизсан деб миллат ажратаяпти. Бизнинг талабимиз шуки, ҳукумат миллати йўқ ҳисобланадиган қонхўр жиноятчиларни қамоқа ташласин, -дейди Турғуной Айтиева.

Айни пайтда “Ўш шейиттери” ташкилотининг яна бир талаби борки, бу талабнинг бажарилиши, сиёсатшунослар фикрича, қирғиз жамиятида катта норозиликларга сабаб бўлиши мумкин. Ташкилот аъзолари ҳукуматдан Ўш қирғинида ҳалок бўлган қирғиз миллатига мансуб шахсларга Қирғизистон қаҳрамони унвони берилишини қатъий талаб қилмоқда. “Ўш шейиттери” фаоллари фикрича, Ўшда ҳалок бўлган қирғизлар Қирғизистон яхлитлигини сақлаб қолиш, сепаратизмга қарши кураш учун жиҳодга чиққанлар ва айнан уларнинг жонбозлиги туфайли қирғиз давлатчилиги сақланиб қолган.

Ташкилотнинг бу талабини мамлакат президентининг Ўшдаги вакили Абдуқаюм Қангелдиев қўллаб-қувватлайди.

- Бу талаб тўғри. Уларни мамлакат эркинлиги, озодлиги учун курашганлар ва 7 апрел инқилобида ҳалок бўлганлар даражасига кўтариш замоннинг талабидир, -деди президент вакили.

Бироқ қирғизистонлик бир қатор нуфузли сиёсатчилар бу борада ниҳоятда эҳтиёткорлик билан фикр билдирмоқдалар. Айрим ҳукумат аъзолари, бир қатор парламент депутатлари ҳалок бўлганларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилиши ва унинг чинаккамига қаҳрамонлик кўрсатгани аниқланса, “Қирғизистон қаҳрамони” унвонини бериш кераклигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG