Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:47

Равил Ғайнуддин исломофобияни танқид қилди


Равил Ғайнуддин Россия ҳукуматининг мусулмон муҳожирларга нисбатан сиëсатини кескин танқид қилган кам сонли уламолардан биридир.
Равил Ғайнуддин Россия ҳукуматининг мусулмон муҳожирларга нисбатан сиëсатини кескин танқид қилган кам сонли уламолардан биридир.

Россия Муфтийлар Кенгаши раиси мамлакатдаги парокандаликни кучайтирувчи таҳдид Кавказ эмас, Москвадан тарқамоқда, деган фикрда.


Муфтийлар Кенгаши раисининг 24 март куни Москвада бошланган Бутунроссия мусулмонлар кенгашида қилган бу баёноти Россия жамоатчилиги орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Россия мусулмонлари мазкур кенгашга мамлакатдаги ксенофобия, ирқчилик ва миллатчилик муаммоларини муҳокама қилишга йиғилди.

Пойтахтнинг нуфузли Ritz Carlton отелида йиғилган Россия мусулмон жамоаси фаоллари олдида қилган чиқишида Бош муфтий Равил Ғайнуддин Россия бирлигига бугунги кунда нафақат террорчилик ва экстремизм, балки неонацизм ва шовинизм каби ҳодисалар таҳдид солмоқда¸ дея баëнот берди.

- Портлашлар ва терактлар Кавказ ва ватанимиз пойтахти Москвада содир этилмоқда, минглаб йигитчаларнинг нацистча шиорлари Номаълум солдат қабри олдида янграмоқда, шаҳарларимизда мусулмон минтақаларидан бўлган мигрантлар ўлдирилмоқда, Россия ёшлари маънавиятсизлик, чексиз истеъмолчилик ва бемаъни жоҳиллик жарлигига қулаб бормоқда, деди ўз чиқишида муфтий Ғайнуддин.

Бош муфтий Россия оммавий ахборот воситалари ва судлари ислом душманлари қўлида босим воситаларига айланганини гапирди. Унга кўра, оммавий ахборот воситалари томонидан ислом ақидалари, урф-одатлари ва умуман маданиятига қарши кампания миллий нифоқ ва исломофобиянинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

Муфтий жаноблари куни кеча Оренбург вилоятининг Гай туманлараро прокуратураси томонидан бошланган исломий ҳадислар ва қатор ислом уламолари асарларини таъқиқлаш уринишларини ўз фикрига мисол қилиб келтирди.

Равил Ғайнуддин Россия ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатни ҳам танқид остига олди. У айрим “исломшунос ва экспертлар” томонидан кўтарилаётган чет мамлакатларида таҳсил олган Ислом мутахассисларини Россияда диний ишларга яқинлатмаслик ғоясини “зарар келтирувчи, деб атади. “Бу ҳолатда нафақат ислом, балки бошқа диний конфессия вакиллари ҳам ишдан бўшатилиши керак”, деди Бош муфтий.

- Ундай вазиятда на Сорбонна ва Ҳарвард битирувчилари ва на Тошкент ва Бухоро диний ўқув юртлари битирувчилари, яъни бугунги кундаги деярли барча Россия муфтийлари ва имомлари, истисно этилиши керак, деди Равил Ғайнутдин.

“Россия- умумий уйимиз!” шиори остида 1917 йилдан буён биринчи маротаба ўтказилаётган бу шаклдаги мусулмонлар йиғилишида Бош муфтий Равил Ғайнуддин томонидан қилинган кескин баёнотлар Россия жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди. Айни пайтда бу баëнот Россия мусулмонлари орасида катта парокандалик пайдо бўлаётганини ҳам намойиш этди.

“Бутунроссия” мақомига эга бу тадбирда Россияда фаолият юритаётган тўрт исломий ташкилотдан биттаси– Россия Муфтийлар кенгаши вакиллари иштирок этди¸ холос. Россиядаги Марказий диний бошқарма (ЦДУМ) раиси Талгат Тожиддин, Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази (КЦМСК) раиси Исмоил Бердиев, Ислом бирдамлиги Россия ассоциацияси (РАИС) раҳбари Муҳаммадғали Хузинлар бу анжуманда иштирок этишдан бош тортди.

Россия президентининг ички масалалар бўйича маслаҳатчиси Алексей Гришин Равил Ғайнуддиннинг бу баёнотини қоралаб, Россиянинг дин эркинлиги соҳасида дунëдаги энг толерант давлатлардан бири эканини таъкидлади.

- 1991 йилда Россия ҳудудида 100 дан озроқ масжид бор эди. Бугунги кунда мамлакатимизда 7000 минг дан зиёд масжид мавжуд. Айтингчи, қайси бошқа давлатда сўнгги 20 йил давомида масжидлар қурилишининг 70 карра ўсишини кузатиш мумкин?! Россияда бирорта диний, исломий ўқув юрти бўлмаган! Ҳозир Россияда 95та диний, жумладан еттита Ислом университетлари фаолият юритмоқда. Ахир буларнинг барчаси махсус давлат дастури асосида амалга оширилган. Шунинг учун, охирги пайтларда айрим мусулмон етакчилари томонидан қилинаётган гўёки “исломофобия” ҳақидаги баёнотлар аслида ўзларининг оддий лаёқатсизлигидир, дея муносабат билдирди президент маслаҳатчиси Алексей Гришин.

“Равил Ғайнуддин бу чиқишларида масалага ўзининг шахсий муносабатини билдирди ва бу фикрни бутун россиялик мусулмонлар фикри деб қабул қилмаслик керак”, деди Бош муфтий чиқишига ўз муносабатини билдирган машҳур москвалик руҳоний протоиерей Дмитрий Смирнов.

- Муфтийнинг позицияси мусофирлар тарафини олишдан иборат. У маҳаллий аҳолини ичкиликда, ишёқмасликда айблади. Биз ҳам Россиянинг сўнгги 20 йиллик “эркин” ҳаёти давомида дунёнинг энг аъло ва энг бой халқидан энг ғариб ва ахлоқий тубанлашган халққа айланганини кўриб¸ билиб турибмиз. Биз пиёнисталар бўйича, абортлар бўйича, порахўрлик ва ҳуқуқ тартибот органларининг адолатсизлиги бўйича жаҳонда илғормиз. Лекин бу баёнотлар бу лавозимдаги шахс томонидан бундай кескин шаклда айтилмаслиги керак, дейди православ руҳонийси Смирнов.
XS
SM
MD
LG