Линклар

logo-print

Россияда ҳам ўзбекларга нон қолмади

  • Ҳасанжон

Ўзбек муҳожири учун хорижда иш топиш ҳам кун сайин қийинлашмоқда.

Ўзбек муҳожири учун хорижда иш топиш ҳам кун сайин қийинлашмоқда.

Россияда ҳам ўзбек кўпайиб кетди¸ энди иш излаб ундан-да узоқларга кетишга мажбурмиз¸ дейди марғилонлик уста.


Дардимизни фақат Озодлик эшитади....

Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Ҳазратшоҳ қишлоғидан қўнғироқ қилган Саъдулла ака ўзи яшаётган қишлоқда электр тақчиллигидан шикоят қилди.

- Ҳозир бизга ноябр ойидан бери энг жиддий муаммо бўлиб турган нарса электр энергияда бўлаëтган муаммо. Электр энергияси бизларга деярли берилмайди. Йўқда. Узиб қўяди, ўчириб қўяди. Бир кунда 2-3 соат ëқиб қўяди. Қанақа нарса бу? Одам ҳазм қилиб бўлмайдиган нарсада бу.

Озодлик: Сизларнинг қишлоққа электр соат нечада берилади?

- Бунинг соати ҳам йўқ. Хоҳласа эрталаб ëқиб қўяди, хоҳласа кечқурун бир ëқиб қўяди. Бунинг ўчириш соати ҳам йўқ, бериш соати ҳам йўқ.

Озодлик: Қишлоғингизда қанча одам яшайди?

- 6000.

Озодлик: Болалар боғчаси, мактаб борми?

- Иккита мактаб бор, болница бор, болалар боғчаси бор.

Озодлик: Бу муассасаларда электр таъминоти қанақа?

- Уларда ҳам шу. Бизда қанақа бўлса, шу. Обший ўчади, обший ëнади.

Озодлик: Туман ҳокимига ëки мутасадди идораларга мурожаат қилдингларми?

- Мурожаат қилмаган ташкилот қолмади.

Озодлик: Қанақа жавоб беришди?

- Бизга шунақа жавобларгача бўлдики, “чидасанг ҳам шу, чидамасанг ҳам шу” деган жавобларгача бўлди. “Бизда бўлаëтган нима шу” дейди. Бунга бир ижобий чора кўриш ëки “буни ҳал қиламиз” дейиш йўқ.

Озодлик: Электр нимага берилмаëтганини айтишадими?

- Сабаби ҳам йўқ. Ҳатто шунақа даражада бўлдики, телефон қилиб электр таъминот бўлимига, олдин туманга қилдик, кейин вилоятга қилдик. Улар “Фарғона водийсидан обший бошқарилади” дейишди. Фарғона водийсигача қилдик. Улар “Президентнинг буйруғи бу. Президентдан чиққан буйруқ. Қаерга борсанг боравер, нима қилсанг қилавер” дейишди.

Озодлик: Шунақа деган экан Тошкентга мурожаат қилмадингларми?

- Тошкентга кимга мурожаат қиламиз? Кимга мурожаат қилишга ҳам ҳайронмиз. Менинг хаëлимда Ўзбекистонда оддий халқни эшитадиган ташкилотнинг ўзи йўқ менинг билишимча, яна ким билади. Ҳозир ҳеч ким қулоқ солмайди. Оддий халқнинг арзига ҳеч қанақа қулоқ соладиган ташкилотнинг ўзи йўқ. Ҳозир қаëққа борсангиз, ўзини олиб қочиб, биридан бирига ағдариб шунақа холос. Ўзбекистонда энг қисқа айтганда ҳуқуқ йўқ. Истеъмолчи ҳуқуқи ҳам йўқ, инсон ҳуқуқлари ҳам йўқ.

Кимгадир айтиб ҳеч бўлмаса ичингиздаги дардингизни бўшатасизку. Эшитадиган нима шу дедимда. Ҳеч бўлмаса Озодлик эшитади шуни. Ҳеч бўлмаса ичингиздаги дардингизни бўшатиб оласиз. Бошқа нарса йўқ, дейди Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Ҳазратшоҳ қишлоғидан қўнғироқ қилган Саъдулла ака.

Нимага биз ўзимизнинг ҳуқуқимизни талаб қилмаймиз?

Фарғона вилоятининг Қува туманидан қўнғироқ қилган Нозим ўзбекларнинг аксари эртанги кунни ўйлаб ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмаслигини, бу эса жамиятда ёмон иллатлар урчишига сабаб бўлаётганидан гапирди.

- Яқинда битта танишим Фарғона шаҳар кардиология клиникасига даволанмоқчи бўлиб борган. Борганда у ерда очеред кўп бўлган ëки даволаниш, хуллас очередда бу одам ëтган. Ëтишдан олдин 10 кунлик лечение пулини олдиндан олишган улар. 5 кунлик лечениени қилишган, у ëғи осмонга учиб кетган.

Озодлик: Осмонга учиб кетган деганингиз нима у?

- 5 кундан кейин жавоб бериб юборишди. “Сизнинг лечениенгиз тугади. Марҳамат чиқиб кетишингиз мумкин”.

Озодлик: Қолган 5 куннинг пули нима бўлди?

- Мен унга қизиқдим. “Шунчалик ўқимишли одамсан. Нимага шу нарсаларни суриштирмадинг?” деб савол берсам, “Ўзим жойинг борми деб ялиниб бораяпман мен у ерга. Суриштирадиган бўлсам, янаги сафар боришимга жой қилиб бермайдику улар” деяпти. Ўртада нима борда, қўрқув десак ҳам бўлади.

Озодлик: Дўстингизнинг ўз ҳуқуқини билмаслигини айтаяпсиз¸ шундайми?

- Аслида эртадан кейинги муомалани ўйлаб туриб талаб қила олмаëтган нарса¸ десак ҳам бўлади.

Озодлик: Шунақа одат сизнинг дўстингизга хосми ëки ўзбекларнинг кўпи шунақами?

- Дўстимга хос десак ҳам бўлаверади. Кўпчилик ўзбекларда шунақа одат бор. Юзхотирлик, бошқа, ўзбек одати бу.

Озодлик: Демак, бу нарса битта дўстингизга хос эмас экан-да.

- Сабаби¸ клиниканинг одати менинг тушунчам бўйича шунақа экан. У ерга фақат битта дўстим бориб даволанмайдику. Ҳамма бориб даволанади, бошқа бўлади.

Хўп, қайтариб беришади, лекин бу ëғига қаранг, кардиология бўлимида ëтиш, у ерда даволаниш, жой йўқ, одамлар шунақа муҳтож бўлишаяпти эканки, одамлар ялиниб боришадику. Сиз ҳуқуқингизни талаб қилсангиз, эртадан кейин бориб даволаниш нима бўлади, дейишадида мен савол берсам.

Шу нарсаларни одамлар билиб, шу нарсаларни талаб қилишга қачон нимаси етаркан деган саволим борда менинг. Қачон одамлар журъатли бўлади? Шу нарсалар билан шуғулланадиган жойлар бормикан? Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шу нарсаларга ҳам эътибор берармикан? Лекин мен Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўйилган одамлар бу нарсадан бехабар деб ўйламайман.

Озодлик: Бу иддаоларингизга асос борми?

- Энди ҳаммага қилинаëтган сиëсат бу. Қанақасига бехабар қолишлари мумкин? Сиз ҳам ўйлангда. Очиқчасига қилинаяпти бу. Бу ерда катта одам, кичкина одам, бой, камбағал бўлиши мумкин. Ҳаммага қилинаяптику бир хилда. Ўзимизнинг ҳуқуқимизни таниб, шу нарсаларни талаб қилишга ҳаққимиз бор. Нимага биз ўзимизнинг ҳуқуқимизни талаб қилмаймиз? Шунга мен ҳайронман, дейди қувалик Нозим.

"Россияни ҳам ўзбек босиб кетди..."

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридан қўнғироқ қилган Ҳабибулло кўп йиллар давомида Россиянинг турли вилоятларида ишлаб рўзғор тебратиб келгани, ҳозир Ўзбекистонда иш излаб топа олмаётгани, иш топилса ҳам жойлашиш учун катта пора сўрашларидан шикоят қилди.

- Мен 10 йилдан бери мана шу атрофда юраман. Россияда мен бўлмаган жой қолмади. Кузда кетиб қишда ишлаб келаман. Бу ерда ишсизлик, газ, сув масаласи, порахўрлик, ҳар хил ишлар кўп бўлаяпти. Бу ерда оëққа туриб олиш қийин бўлаяпти. Учта фарзандим бор. Квартирада ўтираман.

Озодлик: Тирикчилик қанақа бўлаяпти?

- Тирикчилик йўқ ака. Яқинда келдим. Онам қазо қилдилар. Жойларига қўйдик. Ҳаволар исиб қолди. Бориб ишга чиқиш ҳаракатини қилиб юрибман.

Озодлик: Қаерга кетмоқчисиз?

- Бошқа давлатларга олаяпти одамларни. Мисол Корея, Германия, болалар Европаларда ишлаяпти. Ўша ëқларга чиқишда кимга мурожаат қилса бўлади? Ўзбекистоннинг ҳамма жойида порахўрлик жуда авж олиб кетган.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзида тирикчилик қилса бўлмайдими?

- Йўқ, тирикчилик қилишнинг иложи йўқ.

Озодлик: Нимага?

- Бу ерда нима тирикчилик қилиш мумкин? Бирор катта лавозимда ëки бирорта жойда таниш бўлмаса қийин. Мана шунча жойларга кираман деб ҳаракат қилдим. 5-6 миллион пора сўраяпти.

Озодлик: Энди нима қилмоқчисиз?

- Россияга чиқиб кетаман деяпман. Россияда ҳам ҳозир ëлланма ишчи дейдими, мардикорлар кўпайиб кетиб нархларни тушириб юборган. Ҳамма иш қўлимдан келади. Мен мисол 10 сўмга договор қилиб ишлаëтган бўлсам, борганлар иш йўқлигидан ярмига қилса ҳам майли, 2-3 сўмга қилаяпти ўшалар. “Нимага ишлаяпсан? Мана бунчадан десанг берадуку?” десам, “Бекор ëтгандан ишлаяпмиз. Қорнимиз тўяди” деб ишлаяпти. Шунга Россиянинг ҳам ҳеч қизиғи қолмаяпти. Ҳар қатида ўзбек босиб кетган.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзида устачилик қилсангиз бўлмайдими?

- Ўзбекистонда ҳамма ëқ насия. Бу ерда ишлаëтганлар рўзғорини зўрға тебратаяпти холос. Менинг учта болам бор. Икки хонали квартирада ўтираман. Эртадан кейин ўғлимга тўй қилишим керак. Қизлар чиқарадиган бўлаяпти. Ҳаракатини қилишим керак. Бу ерда рўзғорим ўтгани билан болаларимнинг келажагини нима қила олмайман. Бу ерда яхши иш бўлса, кеча-кундуз ишлайман. Куч-қувватим бор, ақлим етади. Анча-мунча қўлимдан иш келади. Бу ерда киракашлик қилай десам, машиналар ҳам шунча. Қийин бўлиб кетаяптида. Нима қилишга бошим қотиб қолди, дейди марғилонлик Ҳабибулло.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG