Линклар

Ғилонийнинг Тошкент сафари давомида ўзаро экстрадиция бўйича келишув имзоланиши кейинга қолдирилди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов кеча Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийни қабул қилди.

Президент Каримов таклифига кўра Ўзбекистонга келган Ғилоний пайшанба куни билан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам учрашди.

Покистонда чиқадиган “The Express Tribune” нашрига кўра, Бош вазирлар учрашуви чоғида икки давлат яқин келажакда исломий жанггариларни қўлга олиб, бир-бирига топшириш бўйича шартнома имзолаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Хабарда айтилишича, мазкур келишув Ғилонийнинг Тошкентга икки кунлик сафари давомида имзолниши лозим бўлган. Бироқ икки давлат экпертлари ўртасидаги баъзи келишмовчиликлар сабаб, келишувнинг имзоланиши кейинроққа қолдирилган.

Покистоннинг қабилалар назоратидаги Шимолий Вазиристон минтақасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг юзлаб, баъзи манбаларга кўра эса уч минггача аъзолари паноҳ топгани айтилади.

Берлиндаги Халқаро ва хавфсизлик масалалари бўйича Германия институти профессори, Марказий ва Жанубий Осиёдаги террорчилик масалалари бўийча мутахассис доктор Гуидо Шатйнберг Ўзбекистон Исломий ҳаракати бугун, айниқса фаоллашиб қолганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- ЎИҲ бугунги кунда бир неча йил аввалгидан кўра каттароқ таҳдид, деб кўрилиши лозим. Бунга сабаб ташкилотнинг Покистондаги минглаб аъзолари борлигида эмас, чунки у сўнгги бир-икки йилга қадар қаттиқ изоляцияда бўлиб келди.

Ундан келаётган таҳдиднинг асосий сабаби ЎИҲ Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги операцияларда фаол қатнаша бошлаганидадир. Бу минтақада эса ЎИҲнинг маҳаллий ўзбеклар билан яқин алоқалари бор. Қундуз аҳолисининг 15 фоиздан 25 фоизигачаси ўзбеклардан иборат. Таҳор аҳолисининг 40 фоизига яқини этник ўзбеклардир.

ЎИҲнинг бу минтақада 2007 йил охирлари 2008 йил бошларида пайдо бўлгани ҳаракатнинг Марказий Осиёга қайтиш истагида эканини кўрсатади. Ҳозирча немис ва америкалик қўшинлар бу ташкилотнинг аввал Тожикистонга кейинчалик Фарғона водийсига ўтишига тўсқинлик қилиб турибди. Менимча, келаси бир неча йил давомида ЎИҲ 2001 йилга қадар бўлганидек, Афғонистон шимолида ўз базаларини тиклаб, куч тўплаш стратегиясини танлаган. Ана ўшанда бу ташкилот яна Марказий Осиё минтақаси учун катта таҳдидга айланади.

Албатта ЎИҲ минтақа давлатлари ҳарбий салоҳияти олдида нисбатан анча заиф тузилма бўлиб қолишини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Лекин америкаликларнинг Қундузда айнан ЎИҲга қарши рейдларни ўтказаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки Қундуздаги хавфсизлик учун масъул бўлган немис қўшинларининг ўзи бунинг уддасидан чиқа олмаётган кўринади. Америкаликларнинг ЎИҲга қарши рейдлар ўтказаётганини бу ташкилотнинг яна Марказий Осиёга таҳдид сола оладиган куч сифатида майдонга қайтиши борасидаги АҚШ хавотирлари билан тушунтириш мумкин., дейди Германия ҳукуматининг террорчилик ва экстремизм бўйича маслаҳатчиси профессор Шатйнберг.

Сўнгги ҳафталар давомида Афғонистондаги НАТО кучлари мамлакат шимолида айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қарши қатор ҳарбий амалиётларни ўтказган эди.

“The Express Tribune” нашрига кўра, Покистон ҳукуматидаги манба икки давлат мутахассислари музокара ўтказиб, ўзаро келишмовчиликлар бартараф қилингач, келишув имзоланишини айтган. “Принципда Покистон ва Ўзбекистон экстрадиция қилиш тўғрисидаги келишувни имзолашга келишиб олган”, дея таъкидлаган манба.

Бош вазир Ғилонийни Оқ саройда қабул қилган Каримов шунингдек икки давлат ўртасида имзоланган сиёсий ҳужжатлар, савдо-иқтисодий муносабатлар кенгайишига имконлар яратишини эслатган.

Покистон бош взаири Каримов таклифига кўра, Ўзбекистонга икки кунлик сафарини пайшанба куни бошлаган эди.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шу ой бошида Покистон ҳукуматига расмий мактуб йўллаб, Исломободнинг Тожикистондан электр энергиясини экспорт қилиш режаларига эътироз билдирган эди.

Мактубда Жаҳон банки режалатштираётган ва Марказий ва Жанубий Осиё электр тармоқларини бирлаштиришга қаратилган CASA-1000 номли лойиҳаси доирасида тожик электр қувватини экспорт қилиш нафақат Покистон манфаатларига зид экани, балки бу лойиҳанинг ўзи халқаро қонунларга тўғри келмаслиги ҳамда Қозоғистон ва Туркманистон ҳам унга қарши чиқаётгани таъкидланган.

CASA-1000 лойиҳаси доирасида Тожикистондан Афғонистон орқали элект симларини Покистонга тортиш режалари Роғун ГЭСини қуриб битказишни ҳам кўзда тутган. Роғун ГЭСи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп йиллик тортишувларнинг сабабчисидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG