Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:07

Германия ҳукумати Каримов режимини дастакламоқда


Бундестагдаги Сўл партия депутатлари Афғонистондан немис қўшинлари олиб чиқилишини талаб қилмоқда. Улар сафида Озодлик суҳбатлашган иккала депутат ҳам бор.
Бундестагдаги Сўл партия депутатлари Афғонистондан немис қўшинлари олиб чиқилишини талаб қилмоқда. Улар сафида Озодлик суҳбатлашган иккала депутат ҳам бор.

2005-2009 йиллар - санкциялар даврида Термиз базаси учун Берлин Тошкентга қарийб 68 миллион евро ҳақ тўлаган.


Ўзбекистон ҳукуматига қарши Европа Иттифоқи санкциялари амалда бўлган 2005-2009 йилларда Германия ҳукумати Термиздаги базадан фойдаланганлик учун Тошкент режимига 67 миллион 900 минг евро тўлади.

Германия парламенти – Бундестаг депутатлари талабига биноан ошкор қилинган расмий ҳужжатларда айни шу рақам келтирилади. Бироқ немис мухлофатчилари Германиянинг Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик учун Тошкентга кўрсатаëтган молиявий қўллови кўлами бундан анча катта эканини айтмоқдалар.

Германия Сўл партияси (Die Linke) нинг Bundestag (Бундестаг) даги уч депутати Paul Schäfer (Пол Шефер)¸ Jan van Aken (Ян ван Акен) ва Sevim Dagdelen (Севим Дагделен) 2010 йил декабр ойида Берлин ҳукуматига махсус сўров йўллаб¸ унда Германиянинг Термиз ҳарбий базасидан фойдаланиш учун Тошкент ҳукуматига қанча ижара ҳаққи тўлаëтганига оид ахборотни ошкор қилишни сўради.

Депутатлар сўровини қондиришга мажбур бўлган Берлин ҳукумати келтирган ҳужжатларга кўра¸ 2005 йилдан кейин Термиз базаси учун Ўзбекистонга тўланган ҳақ миқдори ошиб борган.

"Андижонда ҳукумат кучлари тинч аҳолини отди"¸ деган асосда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкциялар жорий қилган 2005 йилда иттифоқнинг энг нуфузли аъзоси Германия база учун 12 миллион 400 минг евро тўлаган. 2006 йилда база учун 13 миллион 300 минг евро¸ 2007 йилда 14 миллион 800 минг евро тўланган бўлса¸ 2008 йилда бу ҳақ 15 миллион 200 мингга етган. Берлин келтирган рақамларга кўра¸ 2009 йилда база учун тўлов ҳақи камайган ва 12 миллион 200 минг еврога тушган. Ҳозирча Германия ҳукуматининг Термиздаги база учун Ўзбекистонга 2005 йилга қадар қанча ва 2010 йилда қанча ишара ҳақи тўлагани ҳатто депутатларга ҳам ошкор қилинмади. Термиз базаси Афғонистонда НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар таркибидаги Германия қўшинларининг таъминот базаси сифатида 2002 йилда немис ҳарбийлари томонидан ижарага олинган. Вашингтон ҳукумати 2005 йили Андижондаги қонли воқеаларни танқид қилгани ортидан Қарши-Хонободдаги базадан АҚШ қўшинлари шу йилнинг ўзидаëқ ҳайдаб чиқарилди¸ аммо немис ҳарбийлари билан ҳамкорлик ҳозирга қадар узлуксиз давом этиб келмоқда.

Бундестаг аъзоси¸ Сўл партия фаолларидан бири Севим Дагделен ҳукуматга расмий сўров юборган депутатлардан бири. Озодлик билан суҳбатда Дагделен хоним ҳукумат тақдим қилган ахборот Берлин ҳукуматининг иккиюзламачилигини фош қилганини айтади.

- Бу рақамлар биз учун ниҳоятда кўнгилсиз сюрприз бўлди. 2005 йил Андижонда юзлаб одам ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилганидан сўнг 2005 йил ноябрида Германия фаол аъзоси бўлган Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкциялар жорий қилди. Айни шу санкциялар¸ Ўзбекистон ҳукумати билан ҳар қандай ҳарбий ҳамкорликни тақиқлашига қарамай¸ санкциялар даврида Германия Ўзбекистонга Термиз базаси учун қарийб 68 миллион евро пул берган. Бу дегани демократик Германия ҳукуматининг дунëдаги энг репрессив режимни дастаклаб келаëтгани исботидир¸ дейди Бундестаг депутати Севим хоним Озодлик билан суҳбатда.

"Берлин ҳукумати ниҳоятда истамай ошкор қилган бу рақамлар Германиянинг ЕИ санкцияларини қўпол равишда бузиб¸ немис солиқ тўловчилари пулини диктаторлар хизматига сарфлаëтгани ифодасидир"¸ дейди Германиядаги тўртинчи йирик партия ҳисобланмиш Сўл партия етакчиларидан бири¸ Бундестагнинг яна бир депутати Пол Шефер Озодлик билан суҳбатда.

- Ўзбекистон режими ниҳоятда зулмкор ва ўз фуқаролари ҳақ-ҳуқуқини мунтазам суратда топтаб келмоқда. Шу боис биз Германия ҳукуматининг Термиздаги база туфайли бундай режим билан шериклик қилаëтганига қаршимиз. Германия бу база учун режим қўлига йилига қарийб 15 миллион евро бермоқда ва бу бир қараганда жуда катта пул бўлиб кўринмаслиги мумкин. Аммо бу фақат ижара ҳаққи ва Германия ва Ўзбекистон ўртасида амалда бўлган турли таъминот шартномалари ва бошқа келишувлар¸ жумладан Афғонистонга мўлжалланган таъминот моллари транзити учун тўланаëтган ҳақ инобатга олинса¸ немис солиқ тўловчиларининг бир талай пули репрессив режимни қўллашга сарфланаëтгани ойдинлашади¸ дейди Германия Бундестаги депутати.

Боз устига¸ дейди бу депутат¸ немис солиқ тўловчиларининг миллионлаб евро пуллари Тошкент режими томонидан айнан нимага ишлатилаëтганини таъқиб қилишнинг имкони йўқ. Шу боис биз¸ асосан хавфсизлик тизимларини кучайтириш ва Каримовлар оиласини бойитишга кетаëтган бундай ҳамкорлик тўхтатилиши лозим¸ деган ишончдамиз¸ деб давом этади депутат Шефер.

- Биз Германиянинг Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлигига қаршилик кўрсатиб келмоқдамиз ва ҳукумат бизни Тошкент билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик кенгаймаслигига ишонтирмоқчи бўлди. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи¸ бунинг ëлғонлигини кўрсатмоқда – НАТО¸ хусусан Германия эндиликда Покистон орқали ўтувчи таъминот йўлига таҳдидлар кучайгач¸ Афғонистондаги қўшинлар учун таъминот маҳсулотларини асосан Ўзбекистондан ўтувчи Шимолий таъминот тармоғи орқали транзит қилмоқда. Бу транзит учун Тошкент режими чўнтагига жуда катта пул тушаëтганини тахмин қилиш қийин эмас¸ дейди Германия Сўл партияси етакчиларидан бири Пол Шефер.

Биз Германия ҳукуматини Ўзбекистон режими билан ҳар қандай ҳамкорлик¸ айниқса ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги шерикликни тўхтатишга мажбурлаш мақсадидаги босимларни бундан сўнг ҳам давом эттирамиз¸ дейди сўлчи депутат Севим Дагделен.

- Демократиядан¸ инсон ҳақларидан баҳс этадиган Германия каби ўлка ва унинг ҳукумати ҳеч бир замон антидемократик¸ инсонлар ҳақларини топтайдиган ҳукуматлар билан бирор бир ҳарбий ҳамкорлик қилмаслиги¸ уларга қурол бермаслиги бу ҳукуматлар полициясини дастакламаслиги лозим. Зотан Ўзбекистон каби репрессив ҳукуматнинг бу дастак¸ бу силоҳ¸ бу пулларни ўз халқига қарши ишлатишини Андижондаги қирғин очиқ кўрсатди. Биз Берлин ҳукуматини бу ҳамкорликни тўхтатиши йўлидаги мужодаламизни тўхтатмаймиз. Ҳукуматга босимни кучайтириш мақсадида янги сўровлар ҳозирлаганмиз¸ бундан жамоатчилик ва матбуотни ҳам хабардор қиламиз¸ дейди Германия Сўл партиясининг Бундестагдаги депутати Севим Дагделен Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG