Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:45

Роғун майдонида қурилиш ишлари жонланди


Имомали Раҳмон Роғун ГЭСининг дастлабки икки агрегати 2012 йил бошида ишга туширилишини айтди.

Наврўз арафасида республика зиёлилари билан учрашув чоғида Тожикистон президенти ўз давлатининг Роғунни қуришга оид қарори қатъий эканини яна бир бор такрорлади.

Ғарб Роғун қурилиши тарафдори... ми?


Тугаб бораётган ой бошидан буён Америка ва ғарб мулозимларининг Роғун ГЭС қурилиши атрофида билдирган позитив хулосалари Тожикистон ҳукуматига далда бўлмоқда. Ана шундай мулоҳаза билдираётган айрим тожикистонлик сиёсатчилар ва кузатувчилар буни тожик дипломатиясининг ғалабаси ўлароқ баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида АҚШ Сенати Роғунни минтақа иқтисодиёти ривожи учун ишончли манба, деган хулосага келди. Европарламент экологлари гуруҳи раҳбари Страун Стивенсон эса ўз ҳисоботида ғарб давлатларини Имомали Раҳмоннинг энергетикага оид сиёсатини қувватлашга чақирди.

Айни пайтда соҳа бўйича таҳлилчилар АҚШ ва ғарб дунёсининг Роғун ГЭСи қурилишига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгаришининг ўзига хос сабаблар борлигини қайд этмоқдалар.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги бир неча ой давомида АҚШ, Ғарб, хусусан Марказий Осиё давлатларининг диққат эътибори Афғонистондаги вазият ва НАТО кучларини бу мамлакатдан олиб чиқишга қаратилган. “Бунинг ортидан Миср ва Тунис сценарийси минтақада ҳам такрорланиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам эътибордан ҳоли эмас”, дейди таҳлилчилар.

“Шу важдан бўлса керак, - дея мулоҳаза юритади Москвадаги АҚШ ва Канада институти директори муовини Кременюк жаноблари, - Ғарб минтақадаги дардли муаммоларни ечишга жиддийроқ эътибор қарата бошлади”.

Унинг фикрича, бундай муаммолардан энг муҳими бу минтақа сув заҳираларидан фойдаланиш масаласидир.

- Ғарб ва Америка учун минтақа тинчлиги муҳим масала. Америка Афғонистон ва Покистонда тинчлик устуворлиги учун бу гидроиншоот қурилишини ҳамда Тожикистон ва минтақадаги бошқа иқтисодий дастурларни ҳам қўллаб-қувватлайди, - дейди Аликсей Керминюк.

Эслатсак, Америка сенаторларининг Сенат халқаро муносабатлар қўмитасига йўллаган тавсиясида ҳам Роғун нафақат Тожикистон, балки Афғонистон ва Покистондаги энергетика муаммоларига ечим бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилганди.

Роғун қурилиш майдонида ишлар қизғин

Шу кунларда Роғун майдонида етти мингдан ортиқ ишчи эртаю-кеч тер тўкаётгани айтилади.

Тожикистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг 2010 йилги ҳисоботига кўра, Роғун атрофидаги учта қишлоқдан тахминан 500 оила республиканинг Сўғд, Бадахшон ва Хатлон вилоятлари ҳамда Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманларига кўчирилган.

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки Роғун лойиҳаси бўйича халқаро экспертиза хулосаси эълон қилинмагунча бу гидроиншоот қурилиши билан боғлиқ ишлар тўхтатилиши лозимлигидан тожик томонини бир неча марта огоҳлантирган эди.

Айни дамда Роғун лойиҳасини молиявий, ижтимоий ва экологик экспертизадан ўтказиш бўйича эълон қилинган халқаро тендерда ғолибликни қўлга киритган Италия, Буюк Британия, Франция ва швециялик мутахассислар келгуси 18 ой давомида Роғун лойиҳасини ўрганишга киришган.

Гарчи халқаро экспертиза натижалари эълон қилинишигача ҳали бир ярим йил бор бўлса-да, тожикистонликлар миллий ғоясига айлантирилган Роғун ГЭСининг яқин келажакда қуриб ишга туширилиши учун барча зарур имкониятлар ишга солингани кузатилади.

Мазкур лойиҳа учун 2007 йилдан буён давлат бюджетидан маблағ ажратиб келинмоқда. Жумладан, 2011 йилда бу гидроиншоот қурилиши учун давлат йиллик бюджетидан 850 миллион сомоний ёки тахминан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Шунингдек, 2010 йил бошида Тожикистонда 6 миллиард сомоний ёки 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг 5 миллион дона Роғун акцияси сотувга чиқарилди.

Бу акциялар 9 ёшдан 90 ёшгача бўлган тожикистонликларга ва республика давлат идораларию корхоналарига сотилди.

Аҳолисининг тахминан 70 фоизи қашшоқ ҳисобланмиш Тожикистонда қарийб уч ой давом этган “ихтиёрий мажбурий ватанпарварлик” кампанияси ўтган йил апрел бошларида Халқаро валюта жамғармаси талаби билан тўхтатилди.

Ўшанда Халқаро валюта жамғармасининг Тожикистон бўйича раҳбари Аксел Шиммелпфенг Роғун қурилиши учун аҳолидан пул йиғиш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни издан чиқариши мумкинлиги борасида ўз идораси Тожикистон томонини аввалроқ огоҳлантирганини айтганди.

Ҳозирда Роғун акциялари сотувда эркин бўлиб истаган киши уни “Амонатбанк” қошида ташкил этилган биржадан сотиб олиши мумкин.

Роғун акцияларидан тушган даромад қаёққа кетди?

Расмий маълумотларга кўра, Роғун акцияси сотувидан ҳозиргача тахминан 800 миллион сомоний ёки тахминан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жамғарилган.

Тожикистон Молия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, бу пуллар йилига 12 фоиз устама билан республиканинг бешта банкига ўтказилган. Мазкур идора расмийларининг билдиришича, акциядан тушган пуллар ўлик капитал бўлиб қолмаслиги учун шундай қарорга келинган.

Айни пайтда Роғун ГЭСининг дастлабки икки агрегатини қуриб битириш учун тахминан 700 миллион АҚШ доллари зарурлиги таъкидланади.

Соҳа бўйича таҳлилчилар Тожикистонда бундай маблағ йўқлигини ва шу нуқтаи назардан бу йирик гидроиншоот қурилиши учун энг аввало минтақадаги иқтисодий бақувват давлатларни ҳам бу иншоот қурилишига жалб қилиш лозимлигини айтади.

Шу ўринда айтиш лозимки, минтақадаги бели бақувват давлатлардан бири саналган Ўзбекистон Роғун қурилишига қарши.

Ўзбек томони Роғуннинг шўролар замонида эски технология асосида лойиҳалаштирилганини ва унинг 335 метр баландликдаги тўғони 9 баллик зилзилага бардош бера олмаслигини, шунингдек, тўғон баландлиги боис минтақада сув тақчиллиги вужудга келиши мумкинлигини даъво қилади.

Айни пайтда тожик расмийлари Роғун тўғони қум ва шағалдан қурилиб, у кучли зилзилага бардош бериши мумкинлигини ҳамда Роғун трансчегаравий бўлмаган Вахш дарёсида қурилаётгани ва бу эса мамлакат табиий бойлиги саналиб, ўзбеклар давоси асоссизлигини такрорлашдан чарчамайди.

Март ойи ўрталарида Озодлик радиосининг тожик хизматига эксклюзив интервью берган Европарламент вакили Страун Стивенсон “Роғун борасида Ўзбекистон даъвоси сиёсат” эканини таъкидлаб, ғарб давлатларини Имомали Раҳмоннинг энергетикага оид сиёсатини қувватлашга чақирди.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло бундан кўзланган асл мақсад Тожикистон ва Ўзбекистонни муросога келтириш бўлса ажаб эмас, дея мулоҳаза билдиради.

- Ўзбекистон минтақада асосий ролни ўйнайдиган давлатлардан саналади. Бирор-бир йирик давлат - хоҳ у Америка бўлсин ёки Россияю Хитой - Ўзбекистон розилигисиз кўзлаган режасига эриша олмайди. Менимча, бу даъват замирида Имомали Раҳмон сиёсатини тўғридан-тўғри қувватлаш эмас, балки Ўзбекистон билан Тожикистонни муросага келтириш ётибди, - деган ишончда таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло.

Айни пайтда Роғун қурилиши борасида Тожикистон ичкарисида ҳам турли қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ одамлар бу йирик гидроиншоот мамлакат порлоқ келажаги эканини ва нима бўлганда ҳам уни қуриш зарурлигини айтса, бошқа бир гуруҳ эса Роғун сиёсий манфаатлар майдони эканини, унининг халқ фаровонлиги учун ҳеч қандай нафи йўқлигини айтади.

Аммо иккинчи фикр тожик жамиятида, хусусан, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ошкора айтилмайди.
XS
SM
MD
LG