Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:21

Қаддафий кучлари чекинмоқда


Исёнчилар бир неча кун ичида қатор йирик шаҳарларни ишғол қилди.
Исёнчилар бир неча кун ичида қатор йирик шаҳарларни ишғол қилди.

Ливияда исёнчилар, халқаро коалиция ҳаво ҳужумлари ёрдамида йирик шаҳарлар ва нефт иншоотлари устидан назорат ўрнатмоқда.


Халқаро коалиция ҳаво зарбалари ёрдамида Ливия шарқидаги барча нефт қазиб олиш иншоотларини ўз назоратига олган исёнчилар ҳужумлар шиддатини оширгач, Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар чекина бошлагани хабар қилинмоқда.

Исёнчилар ғарбга томон ҳужумни давом эттираётган бир пайтда, халқаро кучлар якшанба куни Қаддафий туғилиб ўсган Сирт шаҳрига ҳаводан зарба берди. Кеча кечқурун Қаддафий назоратида қолаётган пойтахт Триполида ҳам портлашлар эшитилди.

Исёнчилар жума куни ўзлари учун муҳим бўлган Аждабия шаҳрини эгаллаганидан кейин, сўнгги кунлар ичида Рас Лануф, Брега, Уқайла ва Бин Жавад шаҳарларини ҳам ишғол қилди.

Мисрата шаҳрида ҳам исёнчилар билан Қаддфийга содиқ кучлар тўқнаш келди.

Айни пайтда, НАТО Ливиядаги ҳарбий миссия учун масъулиятни АҚШ етакчилигидаги коалициядан тўлиқ ўз зиммасига олишга рози бўлди.

НАТОга аъзо 28 давлат муросага келиб мазкур қарорни қабул қилишлари учун бир ҳафта давом этган тортишув ва музокаралар талаб этилди.

Якшанба куни НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен иттифоқ Ливиядаги барча операцияларни тўлиқ бошқаради, дея баён қилди.
- НАТО иттифоқчилари БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига кўра Ливияда амалга оширлаётган ҳарбий операцияларни бошқаришга қарор қилди. Мақсадимиз тинч фуқаролар ва улар яшайдиган ҳудуларни Қаддафий режими ҳужумлари таҳдидидан ҳимоя қилишдир. НАТО резолюциянинг барча жиҳатларни бажаради,- деди Расмуссен

Расмийлар Ливиядаги “Одиссея. Тонг” номли операция масъулиятининг тўлалигича НАТО зиммасига ўтиши учун 72 соатгача вақт талаб қилинши мумкин демоқда.

НАТО бундан аввал Ливия ҳаво ҳудудларида парвозсиз зона режимини сақлаш ва Қаддафий ҳукуматига жорий қилинган қурол эмбаргоси бузилмаслигини таъминлаш бўйича ҳарбий амалиётларни амалга ошираётган эди. Қурол эмбаргоси режимини кафолатлаш мақсадида Ўр ер денгизига НАТОга аъзо давлаталар ҳарбий кемалари киритилиб, Ливия соҳиллари патрул қилинмоқда.

Пентагон раҳбари Роберт Гейтс АҚШ телевидениесига берган интервьюсида Қаддафий режими Қўшма Штатларга таҳдид қилмаслиги ва Ливия АҚШ хавфсизлик манфаатлари учун “муҳим аҳамият” касб этмаслигини таъкидлади.

Бироқ, деди у, АҚШ Ливия фуқароларини ҳимоя қилиш ва ливиялик қочқинлар қўшни Миср ва Тунисдаги вазиятни беқарорлаштириши эҳтимолларининг олдини олиш мақсадида БМТ мандати бўйича Ливиядаги ҳарбий интервенцияда иштирок этишга қарор қилди.

Гейтс сешанба куни Лондонда ўтадиган халқаро анжуманда Қаддафийнинг 40 йиллик иқтидорига нуқта қўйишга қаратилган сиёсий стратегиялар муҳокама этилишини қўшимча қилди.

- Биз уларнинг (Қаддафий кучларининг) ғарб томон чекина бошлаганини кўриб турибмиз. Шунинг учун бу бўҳронни ливияликларнинг ўзлари ҳал этишади. Балки БМТ бу жараёнда воситачилик қилар, лекин ҳарбий мажбуриятлар масаласига келсак, президент Обама биз амалга оширишимиз мумкин бўлган ҳаракатлар бўйича аниқ чекловларни белгилаб берган.

Душанба куни Барак Обаманинг телевидение орқали чиқиш қилиб АҚШнинг Ливиядаги можаро бўйича стратегиясини изоҳлаши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG