Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:25

Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолиси АҚШга хайрихоҳроқ


Гэллап хизмати сўровига кўра, Барак Обама иқтидорга келганидан буён ўзбекистонликларда АҚШ лидерларига бўлган ишонч ортган.
Гэллап хизмати сўровига кўра, Барак Обама иқтидорга келганидан буён ўзбекистонликларда АҚШ лидерларига бўлган ишонч ортган.

Сўнгги сўровга кўра¸ ўзбек ва тожиклар АҚШ раҳбарияти фаолиятини қўшниларига нисбатан ижобий баҳолайди.

Гэллап хизмати ва Меридиан халқаро марказининг “АҚШнинг глобал лидерлиги 2010” номли қўшма дастури доирасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ана шундан далолат беради.

Сўров натижаларига мувофиқ, Ўзбекистонда сўралганларнинг 47 фоизи АҚШ лидерлари фаолиятига ижобий баҳо берган, 18 фоизи эса Вашингтон расмийлари фаолиятини маъқулламасликларини билдирган, респондентларнинг 36 фоизи бу саволга жавоб беролмаслигини айтган.

Тожикистонда ҳам сўралганларнинг 47 фоизи АҚШ раҳбарияти фаолиятини маъқуллаган, 28 фоизи эса маъқулламаган, 25 фоизи эса бу борада бирор фикр билдира олмаслигини айтган.

Қозоғистонлик респондентларнинг 42 фоизи расмий Вашингтон ҳатти-ҳаракатларини ижобий баҳолашларини айтсалар, 15 фоизи Қўшма Штатлар лидерлари фаолиятидан норози эканини билдирганлар. Шунингдек, Қозоғистонда сўралганларнинг 43 фоизи бу ҳақда мулоҳаза билдирмасликни маъқул кўрганлар.

Марказий Осиёда АҚШ раҳбарияти фаолиятига ижобий баҳо берувчилар сони энг кам мамлакат Қирғизистон бўлди. Чунончи, Қирғизистонда сўралганларнинг 30 фоизигина Қўшма Штатлар раҳбарлари фаолиятини ижобий баҳолашини, 26 фоизи эса салбий баҳолашини айтган. Сўралганларнинг 45 фоизи эса бу борада бирор фикр билдиролмаган.

Гэллап хизмати маълумотларига кўра, ўтган йили Туркманистонда сўров ўтказилмаган. Бироқ 2009 йилда ўтказилган сўровда сўралганларнинг 61 фоизи АҚШ лидерлари фаолиятини ижобий баҳолаб, минтақа давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаганди.

Шундай қилиб, 2010 йилда ўтказилган тадқиқотлар сўнгги уч йил мобайнида минтақанинг Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда америкалик лидерларнинг ижобий имижи мустаҳкамлангани, Қирғизистонда эса бунинг акси бўлганини кўрсатди.

Дейлик, Ўзбекистонда АҚШ лидерларининг ижобий рейтинги 2008 йилда 22 фоиз, 2009 йилда 41 фоиз, 2010 йилда эса 47 фоизга тенг бўлган.

“Қўшма Штатларга нисбатан жаҳон аҳли муносабатининг кучли барометри” ҳисобланмиш “АҚШнинг глобал лидерлиги” лойиҳаси бўйича ижтимоий сўров ҳар йили дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида ўтказилади

Мазкур сўровда ҳар бир мамлакатдан 15 ва ундан юқори ёшдаги қарийб минг нафар фуқаро иштирок этади.

Лойиҳа доирасидаги сўровлар 2007 йилдан буён ўтказиб келинади.
XS
SM
MD
LG