Линклар

26-27 март кунлари Юлдуз Усмонова Россиядаги ўз мухлисларига янги концерт дастурини тақдим этди.


Ўзбек эстрадаси юлдузларидан бири Юлдуз Усмонова ярим йиллик танаффусдан сўнг яна Москвага ташриф буюрди. Чипталар 30 доллардан қимматроққа сотилган иккала концертда ҳам Россия Давлат жисмоний тарбия университетининг қарийб 5000 одамга мўлжалланган спорт-томоша зали мухлислар билан лиқ тўлди.

Концерт мана шу бинода бўлиб ўтди.
Концерт бошланиши арафасидаги руҳ ҳам¸ манзара ҳам Юлдуз Усмонованинг Ўзбекистондаги чиқишларидан кўп ҳам фарқ қилмади: концертга аксарияти оилавий бўлиб келган томошабинларнинг баланд овозда ўзбекча сўзлашларию тўда-тўда бўлиб эшикдан ўтишлари томошабинни хаëлан Ўзбекистонга кўчишга рағбатлантиргандек...

Концерт бошланишидан олдин бир чеккада катта гулдаста кўтариб турган икки аёлни суҳбатга тортамиз. Душанбелик Санобархон ва самарқандлик Розияхонлар Юлдуз Усмонованинг анча йиллик мухлисаларидан экан.

Санобархон: Юлдузхоннинг биз мухлисларимиз. Жуда яхши кўрамиз, эшитамиз ва доимо концертларига келамиз. Юлдузхоннинг баҳор кунлари байрами- Наврўзга келганларига жуда хурсанд бўлдик, мана 8 март байрами ўтди. Москвага келганларини дугонамдан эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Шу билан бирга шу ерда мусофирчиликда юрган тожик-ўзбекларни, ўзбекистонлик ўзбекларнинг барисига соғлик-саломатлик, ишларига омад тилаймиз!

Розия: Эсимни танидимки, Юлдуз биз учун биринчи ўринда туради. Ахир у Юлдуз Усмонова! Юлдузнинг қўшиқларини ким xиргойи қилмайди?! Юлдузхоннинг Туркияга кетганидан жудаям хафамиз! Бизларга алам қилади. Нимаям қиламиз? Юлдузнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди, Юлдуздек ҳеч ким бўла олмайди. Юлдузхонга узоқ умр берсин! Хоҳ Туркияда, хоҳ Москвада ёки Ўзбекистонда бўлсин – биз уни эшитиб турайлик, уни эшитиш яна кўп йиллар насиб қилсин. Ижодларига омад!

Ниҳоят концерт бошланди.

Концерт мухлислар олқишлари остида ўтди.
Ҳар сафаргидек қўшиқчи ўзининг саҳна образига мувофиқ либосларда чиқди. Биринчи чиқиши, биринчи қўшиғиданоқ Юлдуз Усмонованинг ўзбек мухлисларини жуда соғингани сезилди.

Мухлислар билан мулоқоти давомида Юлдуз Усмонова “Тилимдан эмас¸ дилимдан” концерт дастурини муҳожиратда, ўз ватанидан узоқда юриб меҳнат қилаётганларга бағишлаганини билдирди.

- Тақир-туқур давом этаверади, концерт, яхши кайфият... Лекин узоқда юрганида одам оч қорнига йиғлайдими? Одам ҳозир қадрига ҳам йиғламаяпти! Отасига, онасига йиғлайди. Соғинса- боролмаса¸ деди қўшиқлар орасидаги мулоқот давомида Юлдуз Усмонова.

Биринчи қўшиқлариданоқ каттакон зални ҳарбий генераллардек бошқарган жуссаси кичик бу аёл қўшиқлари давомида кўзига ёш олди:

- Мен халқимни севаман! Ким нима деса десин, шу бугунги кунгача қаерда юрган бўлсам, халқ мени севди, Оллоҳ шу даражагача олиб келди, ундан кейин ҳам назардан қўймасин. Кўчама-кўча, давлатма-давлат кезиб юрганимиз мана шу халққа бўлган муҳаббатимизни тўғри тушунганлар учун.

Агар Ўзбекистоннинг ўзида ўтириб бир қозонда қайнайверсанг “Ким тўй қилар экан?” деб, ойда йилда бир чиқиб қолган тўйга бориб ўтираверган билан ижод узоққа бормайди. Ҳар бир санъат ортида каттами-кичикми - халқ туради. Бу жавобгарликни яхши тушунганим учун юртма-юрт кезиб ўзбекнинг санъатини танитaяпмиз. Бизни таниш мажбурияти йўқ лекин – ҳар бир мамлакат ўзи билан ўзи оввора.

Пахтамиз- тилломиз бор, деб бақирганимиз билан сиз ва мен Ўзбекни таниймиз. Биз чиқиб танитишимиз керак. Мен бир қўшиқ ëздим, тўғри тушунинг хафа бўлиб ëзмаганман. Ман ўзбеклигимдан ғурурланаман. Дўпписини яғири чиққан, кўчада ишлаб юрган уборшику бошқаларнинг бир бўлагиман! деди кўзида ëш билан санъаткор аëл.



Юлдуз Усмоновага кўра, мана бу янги қўшиқни у “Нега Мустақиллик майдонига чиқмаяпсиз?” саволига жавоб сифатида ёзганини маълум қилди.

Керак эмас менга майдон,
Ватанни севмоқ учун.
Керак эмас менга давра,
Уни куйламоқ учун.
Ҳаёт ўзи дарбадардир-
Мажбур яшамоқ керак.
Бу юрагим ураяпти -
Шундоқ ҳам Халқим учун.


Концерт якунида Юлдуз Усмонова талабларга биноан “Ватан” қўшиғини куйлашдан олдин Ўзбекистондаги “галстук таққанлар”га мурожаат қилди:

- Мени танимаганлар яхшилаб таниб қўйсин. Менга тегмаганга тегмайман, текканни қўймайман. “Юлдуз ундоқ бўлди, Юлдуз бундоқ бўлди”деган гапларга: мени ҳеч ким хафа қилаётгани йўқ ҳаётда. Менинг тақдирим Оллоҳдан, шундай ёзилган ва Оллоҳнинг неъмати дея шуни сева-сева шукур дея қабул қиламан. (қарсаклар). Ватанни битта одам учун, ёки тўртта одам учун севмаймиз. Бир халқни ёки миллатни ёмонлаб “Ўзбек бўлса шунақа-да” ёки бошқа бўлса “бунақа-да” гапларига қаршиман. Бўйнига галстук тақиб ўз халқини кичик кўрганлар ҳам бор. Унутманг-ки, галстук ечилса бизу-сиздан ортиқ эмас , дея якунлади Москвадаги мухлислар қаршисидаги чиқишини Юлдуз Усмонова.

Сўнгги йилларда Юлдуз Усмонова қўшиқлари Ўзбекистон радио ва телевидениеси орқали намойиш этилмаётган, оммавий ахборот воситалари қўшиқчи номини кўп ҳам тилга олмаëтган бир пайтда ўтказилган Москвадаги концерт мухлислар томонидан жуда яхши қабул қилинди.

Тадбир ташкилотчилари ўтган йили саҳна атрофи ва залда юзага чиққан тартибсизликлар такрорланмаслиги олиш учун махсус тайëргарлик кўрган. Ўз исми келтирилишини истамаган концерт ташкилотчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда эндиликда Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам Юлдуз Усмонова концерт дастурларини тақдим этиш учун катта тайёргарлик кетаётганини билдирди.

- Бу ғоя бизларни ўзбек фуқароларимизга маданий ҳордиқ чиқариш учун россиялик ҳамкорларимиз билан ташкиллаштирилган эди. Чунки бу ерда, Россияда ишлаб оилани боқаман деганлар ўзбек санъатидан баҳраманд эмас. Келажакда бу ерда ҳатто бепул концертларни ҳам уюштирмоқчимиз. Ўтган йилги концертдаги тартибсизликларни ҳисобга олиб охранани кучайтирдик.

Худо хохласа, Екатеринбург, Пенза, Питер шаҳарларида бўлади. Озодлик орқали эълон қиламиз, Кавказда, Бакуда ҳам бўлиши мумкин. Битта Юлдуз Усмонова эмас, Озодбек, Божалар, Шерали Жўраевларни олиб келамиз. Бири ойдан кейин SMS орқали рейтинг ўтказамиз. Шу ердагилар кимни талаб қилса, шунинг концертини ташкиллаштиришга ҳаракат қиламиз, дейди Юлдуз Усмонованинг Москвадаги концерти продюсерларидан бири.

Концерт ташкилотчиларига кўра, ўзбек эстрада юлдузининг Москвадаги концертлари Туркиянинг қатор мусиқий телеканаллари томонидан суратга олинган ва яқин орада Туркияда намойиш этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG