Линклар

Тошкентда диний адабиëт сотадиган ягона мажмуа ëпилди

  • Барно Анвар

Ичига 20 га яқин дўкон жойлаштирилган бу савдо мажмуаси Тошкент шаҳрида диний адабиётлар сотадиган ягона маскан эди.

Ичига 20 га яқин дўкон жойлаштирилган бу савдо мажмуаси Тошкент шаҳрида диний адабиётлар сотадиган ягона маскан эди.

Ўтган ҳафта “Китоблар дунёси” савдо мажмуасида жойлашган 20 га яқин дўкон эшигига қулф солинди.


Тошкент шаҳридаги “Китоблар дунёси” номли ягона диний адабиётлар сотиладиган савдо мажмуасида жойлашган 20га яқин дўконга рейд уюштирилди ва текширувдан сўнг мажмуа ёпиб қўйилди.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка маълум қилишича, 23 март куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Дин ишлари бўйича қўмита расмийларидан иборат гуруҳ кутилмаганда мажмуага кириб келган ва айрим китоб дўконларини текширувдан ўтказган.

Дўкон эшикларига босилган муҳр.
Китоб дўконлари эгалари билан яқин алоқада бўлган тошкентлик диндорлардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, рейд чоғида Ўзбекистонда нашри тўхтатилган бир неча диний адабиёт қидирилган.

- Кутилмаганда келган рейдчилар, асосан, иккита китоб – “Муқаддас ойлар” ва “Мустажоб дуолар”, деган китобларни қидирган. Бу китобларнинг нашри Ўзбекистонда тўхтатилган эди. Лекин кимдир мустақил равишда бу китобларни чоп эттирган эмиш ва рейдга келишганда шу китобни қидиришган, дейди хавфсизлик нуқтаи-назаридан ўз исми ошкор этилишини истамаган суҳбатдошимиз.

Савдо мажмуасидаги йигирмага яқин дўкон эгаларидан баъзилари ўзига навбат келгунича, дўконини ёпиб чиқиб кетишга улгурган. Лекин улгурмаганларнинг дўконлари алоҳида-алоҳида текширилган ва тошкентлик манбага кўра, баъзи дўконлардан пул ҳам мусодара қилинган.

- Кейин эса рейдчилар мажмуа эшигига муҳр урилган қоғозни ёпиштирган ва қолган дўконларни текшириш учун яна келамиз, деб кетишган, дейди Озодлик боғланган манба.


Суҳбатдошимизга кўра, ҳукумат рухсати билан қонуний асосда фаолият юритаётган ва савдогарлари ўта эҳтиёткор бўлган бу мажмуанинг ёпиб қўйилиши ортида диний адабиётлар савдосини чеклаш мақсади тургани тахмин этилмоқда.

Шунингдек, дўкондорларга яқин манбалардан бирининг Озодликка йўллаган мактубида айтилишича, бироз олдин сотувчилар орасида шунга ишорат берадиган гап тарқалган.

Айрим дўконларга “миллий хавфсизлик органлари рўйхатида турадиган ва у билан қўлга тушган тақдирда узоқ йиллик қамоқ жазосига сабаб бўладиган маълумотлар ёзилган бир қанча дисклар”ни ташлаб кетиш уринишлари бўлган.

- Нотаниш бир киши келганда шунақа таклиф билан. Аммо дўкондорлар жуда эҳтиёткор бўлиб қолишган ва “Йўқ, ака бизга бунақа дисклар тақиқланган”, деб у нарсаларни олишмапти, дейди тошкентлик манба.

Унга кўра, ҳозир ўзбекистонлик диндорлар орасида "ноқонуний дискет" деган тушунча жуда яхши шаклланган ва бу рўйхатда ҳукумат таъқибига учраган ҳамда Ўзбекистонда номини тилга олиш ҳам жуда катта хавфга айланган бир неча шахслар маърузалари ëзилган дисклар бор.

- Ноқонуний дискет, деганда биринчи ўринда биз Абдували қори, кейин эса Обид қорини тушунамиз. Яна қирғизистонлик Муҳаммад Рафиқ қори, қозоғистонлик Ринат қори, қирғизистонлик Абдуллоҳ қори номларини тушунамиз. Ҳозир Хайрулла Ҳамидовнинг дискларини сотиш ҳам тақиқланган, дейди бу суҳбатдошимиз.

Озодлик билан суҳбатга рози бўлмаган айрим дўкондорларга кўра, душанба куни мажмуа очилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

“Китоблар дунёси” савдо мажмуаси бундан икки йилча муқаддам очилган ва бу ердаги дўкондорлар бундан аввал Хўжа Аҳрор Валий масжиди ёнидаги диний китоблар растасида савдо қилар эди.

- У расталарам нега ёпилганини билмаймиз. Балки сони кўпайиб кетгани учун, жуда гавжумлашиб кеттгани учун ёпишгандир, яна ҳам Оллоҳ билади, дейди Тошкентдаги диний адабиётлар сотиладиган китоб дўконлари тақдирини кузатаётган¸ шахсига оид маълумотларимизни ошкор қилмаслигини сўраган суҳбатдошимиз.

Бошқа манбаларга кўра, бу расталарда Ўзбекистон нашриётларида оз нусхаларда чоп этилган ва кейин баъзи шахслар томонидан мустақил равишда кўпайтирилган китоблар савдоси кучайгани ҳам унинг ёпиб қўйилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Бироқ бу ҳақда ҳозирча расмий идоралар бирор изоҳ берган эмас. Озодлик Тошкент шаҳридаги “Китоблар дунёси” номли ягона диний адабиётлар сотиладиган савдо мажмуасида жойлашган йигирмага яқин дўконга рейд уюштирилгани ортидан мажмуанинг ëпиб қўйилгани юзасидан Ўзбекистондаги тегишли идоралар муносабатини ўрганишга уринмоқда. Аммо ҳозирча расмийлар бу ҳақда бирор изоҳ беришдан ўзларини олиб қочмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG