Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:18

Ўзбекистонда яширин антисемитизм кучаймоқдами?


Ўзбекистон ҳудудида қадимдан мусулмон ва яҳудий жамоалари ўзаро тотувликда яшаб келган.
Ўзбекистон ҳудудида қадимдан мусулмон ва яҳудий жамоалари ўзаро тотувликда яшаб келган.

Мусулмон дунëсида Исроил сиëсатига қарши норозилик ифодаси сифатида кучайиб бораëтган атисемитизм – яҳудийларга нисбатан бидъат ва нафрат¸ кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон жамиятини ҳам четлаб ўтаëтгани йўқ. Радикал исломий гуруҳларнинг яҳудийларга қарши очиқдан-очиқ ташвиқоти Ўзбекистонда кенг халқ оммасини ўзига жалб қилмаëтган эса-да¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ антисемитизм жамоатчилик шуурига мудроқ бир шаклда ўрнашган ва исталган пайт сув юзига қалқиб чиқиши мумкин.


Антисемитизм яҳудийларга нисбатан уларнинг этник¸ диний ва маданий-маиший ҳаëт тарзига асосан шаклланган бидъат ва нафратга йўғрилган қарашлар жамланмасидир.

Куни-кеча Прагада ЕХҲТ ҳомийлигида ўтказилган анжуман иштирокчиларига кўра¸ дунëдаги энг қадим бидъатлардан бири ифодаси бўлмиш антисемитизм¸ дунëнинг яҳудий бор-йўқлиги¸ бой-камбағаллигидан қатъий назар аксар бурчагида бир кучайиб¸ бирда пасайиб турадиган муттасил жараëнга айланган.

“Жамоатчилик шууридаги антисемизмга қарши кураш” мавзуидаги анжуманда чиқиш қилган Антисемитизм ҳолларини кузатиш ва унга қарши кураш бўйича АҚШ махсус вакили Ҳана Розенталнинг айтишича¸ бутун дунë бўйлаб давом этаëтган молиявий-иқтисодий бўҳрон антисемитизмни янада кучайтирган ва сўнгги сўровлар европаликларнинг 40 фоизи “яҳудийлар бизнес дунëсида ҳаддан ортиқ қудратга эга” деган ишончдалигини кўрсатган.

- Мен фақат Европадаги вазиятга эътибор қаратмоқчиман. Миллатчилик ва антисемитизмнинг Европада ўзига хос тарихи бор ва бугун биз ҳам миллатчилик¸ ҳам антисемитизмнинг янги тўлқини кўтарилганига гувоҳ бўлиб турибмиз¸ деди Розентал жумладан.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод каби давлат раҳбарлари¸ ҳам расмий¸ ҳам норасмий уламолар ягона яҳудий давлати бўлмиш Исроилни ер юзидан йўқ қилиш лозимлиги ҳақида мунтазам баëнотлар қилиб турувчи мусулмон дунëсида эса¸ антисемитизм янги чўққиларга етмоқда¸ деб давом этади Розентал хоним.

- Ҳолокастни шарафлаш одамнинг этини жунжитадиган даражага етган. Яқин Шарқда имомлар камерага қараб¸ демакки ўнлаб миллион муридларига қараб¸ “Гитлер буюк эди¸ Ҳолокаст ажойиб иш бўлган¸ Оллоҳ иродаси билан биз тез орада яҳудийларни қириб битирамиз” дея ҳайқирмоқдалар¸ дейди АҚШнинг антисемитизмга қарши кураш бўйича махсус вакили Ҳана Розентал.

Гарчи Ўзбекистонда¸ ҳукуматнинг қаттиққўл сиëсати боис ҳозирча антисемитизм очиқ кўринмаëтган ва мамлакатда погромлар кузатилмаëтган бўлса-да¸ бу антисемитизм жамоатчилик шуурида мутлақ йўқлигини англатмайди¸ дейди Ўзбекистондаги яҳудийлар вазиятини яқиндан кузатиб келаëтган журналист¸ Евроосиë яҳудийлар конгресси таҳлилчиси Семëн Чарний.

- Ўзбекистон элитаси ичида ҳам яҳудийларга нисбатан эътирозлар бор ва юқоридагилар билан орадаги мулоқот узилмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда раввин деярли қолмагани¸ бунинг яққол намунасидир.

Айни пайтда¸ Ҳизбут-Таҳрир каби радикал исломий оқимлар “Ислом Каримов яҳудий ва шунинг учун мусулмонларни азобламоқда¸ келинглар уни ағдарайлик”¸ деган ташвиқотни давом эттирмоқда. Бундан ташқари¸ Ўзбекистондаги яҳудийларнинг кўзга кўринган намояндаларига ҳужумлар бўлди¸ уларнинг энг фожеийси “Илҳом” театрининг бош режиссëри Марк Вайлнинг исломий фанатлар томонидан ўлдирилишидир¸ дейди Ўзбекистондаги яҳудийлар вазиятини яқиндан кузатиб келаëтган Семëн Чарний.

Ўзбекистондаги ҳозирги режим хизматчилари таркибида бошқа дин ва миллат вакиллари бўлган каби яҳудийлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо Ўзбекистон жамоатчилиги шууридаги яширин антисемитизм фақат бу омилдангина озиқланаëтгани йўқ¸ деб давом этади россиялик кузатувчи.

- Режим иттифоқчилари ичида яҳудийлар борлиги умумвазиятни инкор эта олмайди. Ўрта ва паст бўғинларда мавжуд ўзбек бўлмаганларга нисбатан ишончсизлик боис¸ бошқа миллат вакиллари каби яҳудийлар ҳам Ўзбекистонни тарк этмоқдалар. Биринчидан¸ улар Ўзбекистонда ўзлари учун яхши иқтисодий-ижтимоий келажак кўрмаëтирлар¸ иккинчидан Ўзбекистонда бирор талотўп рўй берган ҳолда¸ яҳудийлар асосий нишон бўлишини билганидан¸ Америка ëки Исроилга кўчиб кетмоқдалар¸ дейди Евроосиë яҳудийлар конгресси таҳлилчиси¸ журналист Семëн Чарний.

Прагада бўлиб ўтган “Жамоатчилик шууридаги антисемизмга қарши кураш” мавзуидаги анжуман иштирокчилари мусулмон дунëсидаги антисемитизмнинг¸ Исроил Фаластинга қарши ҳарбий амалиëт ўтказиши ортидан кучайиб кетишини қайд этдилар.

Таҳлилчилар¸ дунë бўйлаб сочилган яҳудийлар Исроил ҳукуматининг кўпинча ҳақли танқидга лойиқ ҳатти-ҳаракатлари қўлида гаровда қолмаслиги учун¸ исломий уламолар орасида ўзаро англашинувни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG