Линклар

Рейтер агентлиги Сирте шаҳрида ҳозирча исёнчи гуруҳлар кўзга ташланмаётгани ҳақида хабар берди.

Бундан олдин мухолиф кучлар Сиртени эгаллаганини даъво қилган эди.

AFP агентлиги берган хабарга кўра эса, муҳолиф кучлар Сирте шаҳридан 140 километр олисдаги магистрал йўл ёқасида Қаддафийчи кучлар билан жанг қилмоқда.

Айни пайтда НАТО кучлари Ливия узра парвозсиз ҳудудни амалга тадбиқ этиш бўйича бораётган амалиётлар устидан назоратни тўлиқ ўз қўлига олди.

Бу ҳақда ташкилот матбуот котиби Оана Лунгескунинг айтишича, бундан буён иттифоқ Ливияга оид барча амалиётлар учун масъулдир.

- Ҳозир НАТО ҳам сув, ҳам қуруқликда Бирлашган Ҳимоячи амалиётини олиб бормоқда. Ўтган тунда иттифоқчилар Хавфсизлик кенгашининг 1973 сонли резолюцияси бўйича БМТ ваколат берган барча ҳарбий амалиётларни НАТО ўз зиммасига олишига қарор қилганини тасдиқлади, деди НАТО матбуот вакили.

Сўнгги хабарларга кўра, бирлашган халқаро кучлар Сирте шаҳридаги Қаддафийчилар нуқталарига ҳаводан ҳужум уюштиргани хабар қилинди.

Шунингдек, ҳозирга қадар араб давлатлари орасида илк бор Қатар Бенғози шаҳрида ўрнашган исёнчи кучларни Ливиядаги ягона қонуний вакил, деб тан олишини билдирди.

Ғарб давлатлари орасида эса Франция Ливия исёнчиларини қонуний вакил, деб тан олишини билдирган.
XS
SM
MD
LG