Линклар

Ички ишлар вазири йўлдаги таъмагирларни жиловламоқчи?

  • Сарвар Усмон

Матлюбов қаҳридан сўнг ДАН ходимлари иштаҳасининг қанчалик кичрайганини вақт кўрсатади.

Матлюбов қаҳридан сўнг ДАН ходимлари иштаҳасининг қанчалик кичрайганини вақт кўрсатади.

Сирдарëда ДАН ходимлари Ички ишлар вазири кўз ўнгида пора олгач¸ Матлюбов қаҳрига минган кўринади.


- Сирдарё вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг таъмагирлигига қарши кураш бошланди, деб хабар қилди вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили.

Бу курашнинг бошланишига Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг қаҳри сабаб бўлди.

Агар вазир ҳайдовчисидан сирдарёлик йўл милицияси ходимлари пора талаб қилмаганида эди, вазирнинг қаҳри келмас, тамагирликка қарши кураш бошланмас эди.

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа – Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазири ҳайдовчисини ДАН ходимлари "узатишга" мажбур қилгани тўғрисида ўтган ҳафтада кўплаб ахборот воситалари, улар қаторида Озодлик ҳам хабар қилди.

Гарчи бу воқеага бевосита гувоҳ бўлганлар вазир Матлюбов¸ унинг ҳайдовчиси ва таъмагир ДАН ходимидан иборат бўлса-да¸ унинг тафсилотлари яшин тезлигида халқ орасида тарқаб кетди ва шу кунларда турли манбалар унинг турлича талқинини келтирмоқда.

Ёши 50дан ўтган боёвутлик ўқитувчи Исроилжон Ризаев воқеанинг ўзига етиб келган тафсилотларини ҳикоя қилиб беради.

- Ички ишлар министри Баҳодир Аҳмедович Матлюбов Самарқанддан ўз иши билан келаëтганда Сирдарë вилоятидаги ГАИлар, яшириниб туришади-да улар панада, сопровождаюший билан юрмаган, формада бўлмаган генералимиз, шофëрлари ўрис шекилли, тушиб туриб, “Жуда тезликда келдингиз” дебди. “А там ваш началник сидит” дебди. Шу даражада бефаросатми ë рус тилини яхши билмаганми “Йўқ, бизни қизиқтирмайди” дебди. Кейин шофëр 5000 берибди тезликда тўхтатгани учун ДАН ходимига. “Сен нима деяпсан” деб 5000ни отиб юборибди. Кейин яна 5000 қўшиб 10 минг бергандан кейин, ичкарида Баҳодир Аҳмедович кузатиб турган экан, “Нима деяпти?” деса, “Тезлик учун 10 минг олди” дебди. Кейин секин тушиб бориб... дейди Исроил Ризаев.

Вазир "машинадан секин тушиб борганидан" кейин нима бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ахборот агентликлари хабар қилишича, ўша икки нозир, Сирдарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ва яна икки масъул лавозимли амалдор ишдан олинди.

Тилга олинган бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи Шуҳрат Умировнинг Озодликка айтишича, воқеадан тегишли хулосалар чиқарилган.

- Бизларга “бўлиб ўтган йиғилиш бўйича дастур ишлаб чиқинглар” деди. Дастур ишлаб чиқдик. Началник ГУВДмиз тасдиқлади. Ҳозир шу бўйича ишлаяпмиз. Шаҳар, туманларга ҳамма началник милицияларга юбордик бу дастурни, дейди Шуҳрат Умиров.

Шуҳрат Умировдан дастур мазмуни тўғрисида ҳам сўрадик.

- Асосан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан постларда, йўлларда бўлаëтган таъмагирлик, порахўрлик, фуқаролар билан мулоқотда қўполликка йўл қўймаслик, радар билан ишлашда қонундан четга чиқмаслик тўғрисида ҳаммаси киритилган-да, дейди Шуҳрат Умиров.

Сирдарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шуҳрат Умиров, афтидан, дастурда назарда тутилган ишларнинг ҳаммасиниям санагани йўқ.

Боёвутлик ўқитувчи Исроилжон Ризаевнинг айтишича, вазир билан боғлиқ можаро юз берганидан бери вилоятнинг Тошкент билан Самарқандни туташтирувчи магистрал йўлда постлар, постлардаги милиция ходимлари ҳам анча камайган.

- Сирдарë шаҳридан Тошкентга боргунча, 5-10та жойда туришарди. Кечаги воқеадан кейин Сирдарëга Гулистон шаҳрига ўтиб келдим. Йўқ. Гулистон шаҳрига киришда блок-пост бор. Унда ҳам 5-6таси турар эди қўлларида таëқларни ўрнатиб. Бўм-бўш нимагадир. Мен ҳайрон бўлдим. Бўлса ҳам битта-иккитаси туриши мумкин эди. Шулар ҳам олиб ташланибди. Йўқ нимагадир. Шу ўзгаришни сездим, дейди Исроил Ризаев.

Ана шунақа хушхабар.

Бу гапни эшитгандан кейин ўйланиб қолади одам.

Агар олакалтаги бор сирдарёлик икки икки ходим вазирнинг ҳайдовчисидан пул тама қилмаганида Шуҳрат Умиров ва Исроилжон Ризаевлар айтаётган ўзгаришлар бўлармиди?

Мантиққа кўра, бўлмасди.

Соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлиши учун вазир жаноблари милиция пўримини ечиб қўйиб мамлакат айланиши керакка ўхшайди. Масалан, Самарқанднинг Ургутига генераллик погонларини кабинетида қолдириб борса, шу шаҳарда яшовчи Саидкарим ака Набиев айтиб берган бедодликни ўз кўзи билан кўриши мумкин.

- Ургутда ГАИ инспектори бор. Шофëрларни жуда қийнаб ëтибди. Ҳар кун бозорда 200тасини арестга олиб чой пулисини олиб, қийнаб қўйиб юбораяпти-да бир айб топиб.

Озодлик: Шу гапларни “Ургутлик Саидкарим ака Набиев айтди” деб айтсам, бўлаверадими?

- Бемалол айтаверинг. Мен бўйнимга оламан шу нарсани, дейди Саидкарим ака Набиев.

Саидкарим ака Набиевнинг эшитганингиз гаплари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг юлғичлиги тўғрисидаги умумий ва исботлаш қийин бўлган гап бўлса, мана бу гапи ўз ўғлига боғлиқ бўлган конкрет можаро тўғрисидадир.

- Ушлайди шофëрни. Шофëрни ушлайди. Госстрахми, суғурта дейдиларку. Суғуртанг йўқ, деб ушлайди. “Суғуртани тўлаб келсанг, қўйиб юборамиз” деб арестга олиб қўяди. Ана энди суғуртани тўлайди, ўзига бир нима бериб, мана ўғлимдан 75 минг олиб ҳам суғуртани тўлаттирган, ҳам 75 минг порасини олган. Ундан ташқари арестда тургани учун у ерга ҳам бир нима тўлаб чиқиб мана 200-300 мингга тушиб ўтирибдида, дейди Ургутдан Саидкарим ака Набиев.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари орасидаги таъмагирлик, порахўрлик, юлғичликни ўрта аср подшоҳларидай фуқаро кийимида бозор айланган подшоҳники каби Ички ишлар вазирининг бир-икки кунлик қаҳри билан йўқотиб бўлмаслигини тушуниш учун катта ақл эгаси бўлиш шарт эмас.

Бугунги суҳбатдошларимизнинг айтишича, оддий инспекторлар одатда камбағал бўлади.

Боёвутлик Исроилжон Ризаевдан касб-ҳунарига қараб бойлар рейтингини тузсак, ДАН ходимлари нечанчи ўринни эгаллаган бўларди, деб сўрадик.

- Йўл патрул хизматининг раҳбар ходимлари, бошқарма бошлиқлари, командирлар иккинчи ўриндаги бой одамлар. Лекин оддий пиëдалари йўлларда туриб, постларда туриб йиғиб берадиганлари қашшоқ. Ҳеч бир косаси оқарганларини кўрмаганман шуларнинг, дейди Исроил Ризаев.

Олакалтакли ходимнинг оладиган расмий маоши оиласини боқишга етмаса, боз устига кичкинагина айби учун ишдан ҳайдалиб кетиш хавфи таҳдид қилиб турса, имкониятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилмайди, деб ким айта олади? Қолаверса, ҳар бир олакалтаклининг кундалик "плани" бор, дейишади.

Балки боёвутлик Исроилжон Ризаев оддий ДАН ходимини қашшоқ, маоши оз, деб адашаётгандир?

Шунинг учун Ички ишлар вазирлигининг расмий газетаси – "Постда" газетасига қўнғироқ қилиб, гўшакни кўтарган журналистдан сўрадик.

Озодлик: Автомобил назорат ходимларининг маошлари тўғрисида бирор нарса биласизми? Қанча олишади?

- Бунисига ҳам мен сизга тўғрисини айтаман. Бировнинг ойлиги билан шахсан менинг ишим йўқ. Бу бизнинг иш фаолиятимизга ҳам кирмайди. Бизлар редакция. Ўзингиз яхши биласиз бировнинг ойлиги билан шуғулланмаймиз.

Озодлик: Сизлар вазирликнинг органисизлар-а?

- Шундоқ, дейди “Постда” газетасида гўшакни кўтарган ходим.

"Постда"ги ҳамкасбимиз билан баҳсга киришиб ўтирмадик.

Ахир ДАН ходими маошни қандайдир хусусий тадбиркордан эмас, давлат бюджетидан, яъни солиқ тўловчилардан тушаётган маблағдан олади, бас, шундай экан, унинг маоши қанчалигини жамият билиши керак, буни соҳа газетаси ходими сифатида биринчи бўлиб сиз билишингиз керак, сиз ўша оддий инспекторнинг биринчи ҳимоячиси бўлишингиз керак, деб ақл ўргатмадик. Нима ҳақимиз бор?!

Мақола устида ишлаяпману эрталабдан бери битта савол тинчлик бермайди.

Вазирнинг қаҳрига учраган сирдарёлик икки ходим унинг ҳайдовчисидан пул тама қилмай, тезликни оширгани учун қонунда белгиланганидай жазоласалар, ўзлари жазосиз қолармиди?

Ҳа, деёлмайман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG