Линклар

АҚШ ҳарбий қўмондони Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийга қарши курашаётган исёнчилар заиф, тайёргарликдан ўтмаган ва улар қўлга киритган ютуқлар “беқарор”дир, дея баён қилди.

АҚШ қўшма штаби директори, ҳарбий флот вице адмирали Билл Гортни душанба куни мухбирлар билан мулоқоти чоғида Қўшма Штатлар ливиялик исёнчиларни бевосита қўллаб-қувватламаётгани, балки БМТнинг тинч фуқароларни ҳимоя қилишга чақирувчи резолюциясини амалга тадбиқ этаётганини таъкидлади.

Лекин, исёнчиларнинг халқаро коалиция ҳаво зарбаларидан фойдалангани аниқ, дея эътироф этди адмирал.

Россия ва баъзи бошқа давлатлар НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция Ливияда олиб бораётган амалиёт БМТ Хавфсизлик кенгаши 17 март куни қабул қилган резолюция доирасидан чиққани ва ҳозирда халқаро кучлар Ливиядаги фуқаролар урушида исёнчиларга ёрдам бераётганини иддао қилмоқда.

Ливиядан олинган хабарларга кўра эса, исёнчиларнинг мамлакатнинг ғарбий минтақаларини ишғол қилиш уринишлари Муаммар Қаддафийга содиқ кучларни контр-ҳужуми натижасида тўхтатиб қолинган.

Кейинги кунларда бир нечта шаҳар ва нефт иншоотларини ўз назоратига олган исёнчилар Қаддафий туғилиб ўсган Сирте шаҳрига ҳужум қилаётган пайтда ҳукумат қўшинлари пистирмасига учрагани айтилмоқда.

Кеча мамлакат ғарбида исёнчилар қўлида қолаётган Мисрата шаҳри учун жанглар ҳам давом этди. Қаддафий кучлари шаҳарни артиллериядан ўққа тутгани хабар қилинди. Бироқ кейинчалик ҳукумат шаҳарда ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG