Линклар

Ўзбекистонда GM машиналари нархи яна оширилди


Каримов Spark автомобилини кўз-кўз қилмоқда.

Каримов Spark автомобилини кўз-кўз қилмоқда.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси ишлаб чиқараётган автомобиллар нархи 24 мартдан бошлаб 18 фоизга қимматлади.


Ўтган ҳафта якунида Ўзбекистонда эълон қилинган нархномаларга мувофиқ, 2010 йилдан чиқарила бошлаган Spark автомобили нархи эндиликда модификациясига қараб 23 миллион 489 минг сўмгача сотилади.

Расмий валюта курси билан ҳисоблаганда, бу автомобил нархи 13 минг 900 АҚШ долларига, қора бозордаги курсга ўгирганда эса бу 10 минг АҚШ долларига яқин пул бўлади.

Ўзбек тилидаги бир қатор электрон оммавий ахборот воситалари берган хабарларга кўра, GM Uzbekistan қўшма корхонаси автомобиллари нархи 24 апрелдан бошлаб оширилган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг 24 мартдан бошлаб белгиланган янги нархлари
Бу ҳақда Ўзбекистондаги автомобил бозорларига оид янгиликларни чоп этиб борадиган bibi.uz сайти берган хабарга кўра, Тошкент шаҳридаги йирик автосалонлардан айримлари эшикларига осилган прейскурантда нархлар қарийб 18 фоизга ошгани акс этган.

Бу ҳақда Тошкентдаги йирик автосалонлардан бирининг ходими берган хабарга кўра, нарх ошгани муносабати билан ҳозир GM Uzbekistan қўшма корхонаси автомобиллари сотуви 24 мартдан бошлаб қисқа муддатга тўхтатилган.

- Машиналарнинг нархи ошди. Лекин ҳали бизлар савдо бошлаганимиз йўқ. Ҳозирча тўхтаб турибди. Ҳозир переоценка кетаяпти. Эртадан¸ Худо хоҳласа¸ бошлаймиз, деди Тошкентдаги йирик автосалонлардан бирининг ходими.

Нархларнинг нега бирданига 18 фоизга ошиб кетгани сабаблари ҳақида пойтахтдаги йирик автосалон ходими аниқ жавоб айта олмади.

Тошкент шаҳридаги яна бир неча автосалон ходимлари ҳам нарх ошгани ва ошганда ҳам бирданига 18 фоизга ошиб кетгани сабаблари ўзларига қоронғу эканини айтишди.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси ҳозирча нархлар нега оширилгани ҳақида расман баёнот бергани йўқ.

Ўтган йили ҳам айни корхона автомобиллари нархи оширилганда, бунинг сабаби автомобил ишлаб чиқариш харажатлари ошгани билан изоҳланган эди.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси автомобиллари савдосига яқин соҳа вакилининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, автомобилларнинг АҚШ долларидаги нархи ошмаган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг эски ва янги нархлари
Бу манбанинг айтишича, Ўзбекистон банкларида хорижий валютада ҳисоб рақами бўлган фуқаро АҚШ доллари ҳисобида автомобилни харид қилиши мумкин. Ҳозирча бу маълумот ҳам расмий тасдиғини топмади.

Агар бу хабар тасдиқланса, у ҳолда GM Uzbekistan қўшма корхонаси автомобилларининг ўзбек сўмидаги нархи АҚШ долларининг мамлакат қора бозоридаги норасмий нархига тенглашади.

“Шу билан GM Uzbekistan қўшма корхонаси Ўзбекистондаги АҚШ долларининг норасмий курсини тан олди, деса ҳам бўлади”, дейди тошкентлик манба.

Ўтган йил давомида Ўзбекистонда GM Uzbekistan қўшма корхонаси ишлаб чиқарган 143 минг автомобил сотилган.

Бу автомобиллар савдоси эндиги нарх ошиши билан камайиб қолмайди, дейди Тошкентдаги автосалон ходимаси.

- Конечно, хафа бўлишга ҳамма хафа бўлади. Хафа бўлишга хафа бўлишадию, лекин менимча, савдо камаймайди бундан. Талаб кучли, дейди Тошкентдаги автосалон ходимаси.

Шу кунларда Нексия оламан, деб юрган андижонлик ҳайдовчилардан бири Рафиқ ака автосалон ходими сўзларини тўлиқ тасдиқлади.

Бу суҳбатдош нарх ошгани хабаридан хафа бўлгани, аммо GM Uzbekistan қўшма корхонаси автомобилини олмасликдан ўзга чораси йўқлигини айтди.

- Озгина “обббооооо” дейилди. Қўлимиздан нима келарди. Масалан¸ 17 миллион сўм бўлса, 21ларга боради-да. Ëзга чиқиб оламан девдик. Барибир қариндош-уруғдан бўлса ҳам олиб¸ машина олмасам бўлмайди.Ҳавас борда, ният бор. Бизда сервислар шунга мослашганда. Растаможкалар бўлмаганда мен BMW минардим. Нархи қанча бўлса, яна шунча нарх қўшилади дегани бу¸ 100 фоиз дегани-да. Шунинг учун европейский машиналарни ўйламаймиз ҳам, дейди андижонлик ҳайдовчилардан бири Рафиқ ака.

Ички бозорни мутлақ эгаллаган GM Uzbekistan қўшма корхонаси автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини 2015 йилгача 1,2 баробарга ошириш ва улар сонини йилига 260 мингтага етказиш режалаштирилган.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси Ўзавтосаноат ширкати билан General Motors корпорацияси ўртасида 2008 йилда тузилган.

Ҳозирда корхона акцияларининг 75 фоизига Ўзавтосаноат корхонаси, 25 фоизига эса General Motors эгалик қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG