Линклар

Қирғизистонда маҳбуслар очлиги оммавий тус олди


Бишкекнинг марказий майдонида бўлиб ўтган норозилик акциясида мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларнинг 200 га яқин қариндоши иштирок этди.

Бишкекнинг марказий майдонида бўлиб ўтган норозилик акциясида мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларнинг 200 га яқин қариндоши иштирок этди.

Қирғизистондаги 17 та қамоқхонанинг 14 тасида 5 кундан бери маҳбусларнинг очлик акцияси давом этмоқда.

Маҳбусларнинг норозилиги қамоқхона деворларидан ошиб ўтиб, уларнинг яқинларини ҳам митинглар ўтказишга ундади.

Бишкекдаги парламент биноси олдида ўтган митингга 28 март куни маҳбусларнинг 200 га яқин қариндоши йиғилди.

- Менинг исмим Ибодат. Мен Жалолободдан келдим. Менинг ўғлимни: “Ўш қирғинида қатнашгансан”, деб қамаб қўйишди. Лекин шу кунгача унга айблов эълон қилинмади. Суд ҳам, тергов ҳам қилинмади. Шу кунгача қамоқда сақлаб турилибди, - дейди Ибодат.

Айни пайтда ҳафта бошида Ўшда ҳам 20 дан ортиқроқ киши Ички ишлар бўлими олдида митинг ўтказди. Маҳбусларнинг яқинларидан иборат норозилар ҳибсхонадаги қариндошлари олдига журналистлар киритилишини ва қамоқхонадаги вазият матбуотда очиқ-ойдин ёритилишини талаб қилишди.

- Ичкаридаги болаларимиз: “журналистлар кириб, бизнинг дардимизга қулоқ солишсин”, дейишаяпти. Улар: “Бизни калтаклашиб, айбларни бўйнимизга қўйишаяпти, яна кўчадан бегуноҳ одамларни олиб кириб қамаяпти. Нега бизни қийноққа солишаяпти?”, деган талабни қўйишаяпти. “Журналистлар, Озодлик мухбирлари келишиб, аҳволимизни кўришсин”,дейишаяпти. Биз бу талабни қўллаб, шу ерда йиғилаяпмиз, - деди Ўшдаги норозилик митингида иштирок этган аёллардан бири.

28 март куни Жалолобод қамоқхонаси олдида ҳам маҳбусларнинг 250 нафар қариндоши норозилик намойиши ўтказган.

Айни пайтда қамоқхоналарда 5 кундан бери маҳбусларнинг очлик акцияси давом этмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, очлик эълон қилган маҳбуслардан 2 нафари ўлган. Очлик акцияси бошланган куни мазкур тадбирни 9 мингдан ортиқ маҳбуснинг 60 фоизи қўллаган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 80 фоизга етган.

Маҳбуслар қамоқхонадаги шароитни яхшиланишини, қийноқларни тўхтатишни талаб қилаётганларини айтаётган бўлсалар, ҳукумат расмийлари мазкур норозлик уюшган жиноий тўдалар раҳбарлари томонидан ташкиллаштирилганини иддао қилмоқдалар.

Қирғизистон махсус прокурори Қубан Мамакеевнинг маълум қилишича, очлик эълон қилган маҳбусларнинг яқинлари ҳукуматни “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаев билан музокаралар олиб боришга ҳам даъват этмоқдалар.

- “Кўлбоев билан музокара қилинглар ва у қамоқхоналарга очликни тўхтатиш тўғрисида буйруқ берсин”, деб таклиф киритишди. Мен уларга ҳукумат ҳам, прокуратура ҳам бу ишга қўл урмайди, деб жавоб бердим, - деди Қубан Мамакеев.

Айни пайтда Ўш қамоқхонасида очлик эълон қилган маҳбуслардан бири махсус прокурорнинг бундай иддаосини рад этади:

- Ҳеч қандай айбсиз қамалган одамлар бу ерда жуда кўп. Ноҳақлик бўлаётгани учун қамоқхонадагилар кўтарилаяпти. Болаларни уриб, ноҳақлик кўрсатиб, пресс қилишиб, айбларини бўйнига қўйишаяпти. Кўпчилик қийноқлардан касал бўлиб қолган. Ноҳақликлар кўпайиб кетгани учун биз кўтарилдик. Ҳеч ким бизга: “кўтарил, очлик эълон қил”, дегани йўқ. Пичоқ суякка тақалганидан кейин шу ишлар бўлаяпти, - деди Ўшдаги қамоқхонада сақланаётган маҳбуслардан бири.

Аммо Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг 29 март куни тарқатган баёнотида айтилишича, уюшган жиноий гуруҳлар қамоқхоналарда норозилик акциялари уюштириш орқали ҳукуматни жиноятчиликка қарши очилган урушни тўхтатишга мажбурламоқчи.

“28 мартгача уюшган жиноий гуруҳларнинг 125 аъзоси қамоққа олинди. Улардан 18 таси ”положенец” ва “смотряший”лардир. Аммо, босимларга қарамай, биз Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳ тушунчаси бира тўла йўқ бўлиши учун курашни давом эттирамиз”, дейилади баёнотда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG