Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:50

Тожикистонда “Қўрғонтепагаз” корхонаси ёпилди


Мамлакат жанубини маҳаллий газ билан таъминлаб келган корхонанинг ёпилишига “Қўрғонтепагаз”нинг миллионлаб сомоний қарз бўлиб қолгани сабаб бўлди.

Хатлон вилоятига қарашли Жалолиддин Румий туманидаги “Қизилтумшуқ” газ конида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий табиий газни Сарбанд, Вахш, Бохтар туманлари ва Қўрғонтепа шаҳри аҳолисига етказиб турган “Қўрғонтепагаз” корхонаси фаолияти тўхтатилди.

Бунинг ортидан номи тилга олинган ҳудуд аҳолиси газ таъминотидан бутунлай узилиб қолди. Бу эса хатлонликлар турмуш шароитини янада қийинлаштирди.

- Умуман газ йўқ, бермай қўйишди. Яшаш жуда қийин бўлиб қолди. Кўчада чой қайнатиб, овқат пишираяпти одамлар, - дейди қўрғонтепалик Ҳайдар.

Суҳбатдошимиз газ ва электр таъминотидан узилиб, ёқилғидан қийналиб қолган кўпчилик оилалар яқин атрофдаги дарахтларни кесиб кетаётганини ҳам қўшимча қилади.

Хатлон вилоятининг тўрт тумани аҳолиси ва қўрғонтепаликлар анча йиллардан буён Румий туманидаги “Қизилтумшуқ” газ конидан олинаётган маҳаллий газ билан таъминланиб турган эди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, маҳаллий газ нархи Ўзбекистондан импорт қилинадиган табиий газ нархидан анча арзонга сотилади.

“Тожиктрансгаз” ширкатидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил учун “Ўзтрансгаз” ширкати тожикистонликларга сотиладиган табиий газ ҳар минг куб метри учун 228 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаган.

Маҳаллий табиий газнинг ҳар минг куб метр эса аҳолига 480 сомоний ёки 100 АҚШ долларидан сал кўпроқ нархда сотилган.

Шунга қарамай, “Қўрғонтепагаз” корхонаси раиси Маҳмуд Хоркашевнинг айтишича, аҳоли фойдаланилган газ пулини вақтида тўламаган.

Айни пайтда биргина Қўрғонтепа шаҳри аҳолиси, Хоркашевга кўра, “Қўрғонтепагаз” корхонасидан тахминан бир миллион АҚШ доллар қарз бўлиб қолган

- Гарчи маҳаллий газ нархи ташқаридан сотиб олинаётган газ нархидан бир неча марта арзон бўлса-да, кўпчилик шу пулни ҳам тўлашни истамайди. Ҳозир корхонамиз солиқ идорасидан қарийб уч ярим миллион сомоний қарздор бўлиб қолган. Бу эса корхонамиз учун банкрот бўлиш хавфини туғдирмоқда. Энди қачон бу қарзларни тўлаймиз, қандай тўлаймиз - бу борада бир нарса дейишим қийин, - дейди “Қўрғонтепагаз” корхона бошлиғи Хоркашев.

Расмийнинг билдиришича, ҳозирда Хатлон вилояти солиқ идораси қарзи туфайли “Қўрғонтепагаз” идорасининг банк ҳисобини ёпган, корхона ишчилари эса мажбурий таътилга чиқарилган.

Аснода Тожикистон ҳукумати Ўзбекистонга табиий газ қарамлигидан қутилиш ниятида республиканинг тўртта ҳудудида аниқланган газ конларини россиялик ва америкалик мутахассислар ихтиёрига топширган.

Бир неча йил давомида “Сариқамиш” газ конида мавжуд газ заҳираларини аниқлаш бўйича тадқиқот олиб борган Россиянинг “Газпром” ширкати ўтган йил декабр бошларида бу газ майдонда бурғулаш ишларини бошлаб юборган эди.

Газпром маълумотларига кўра, “Сариқамиш” газ қудуғида тахминан 60 миллиард куб метр табиий газ заҳираси аниқланган бўлиб, бу миқдор газ заҳираси ўзлаштирилса, тожикистонликлар келгуси 50 йил давомида маҳаллий газ билан таъминланади.
Бироқ айни кунларда “Сариқамиш” газ конида олиб борилаётган ишлар қандай кечаётгани ҳақидаги саволларимиз Тожикистон Энергетика вазирлиги масъуллари томонидан жавобсиз қолдирилди.

Тожикистон кўпдан буён энергетика мустақиллигини қўлга киритишини орзу қилиб келади. Бу борада йўлга қўйилган ишлар кутилган натижалар бермаётган бугунги кунда Тожикистон қўшниси Ўзбекистондан табиий газ сотиб олишга мажбур.

Тожикистоннинг табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжи бир миллиард куб метрни ташкил қилади. Аммо иқтисоди заиф бўлган Тожикистон жорий йилда ўтган йиллардагидан анча кам ҳажмда газ сотиб олиш борасида Ўзбекистон томони билан шартнома имзолаган.

- Ўзбекистондан газ сотиб олиш умумий ҳажми бу йил кескин қисқарди. Жорий йил учун 180 миллион куб метр газ учун шартнома имзолаганмиз. Бу ҳам бўлса фақат икки йирик корхона - “Тожикцемент” ва “Талко” заводлари учун тақсимлаб берилади. Республика бошқа корхоналари қаторида аҳоли ҳам газ сотиб олмай қўйди. Чунки бу нарх улар учун жуда қимматга тушади, - деди “Тожиктрансгаз” ширкат расмийси Ражабали Чоршанбиев.

Аснода кўпчилик душанбеликлар “Тожиктрансгаз” ширкати аҳолидан газ пулини олдиндан йиғиб олганига қарамай, пойтахтнинг айрим мавзеларида ўтган йилнинг ноябр ойидан, бошқаларида эса шу йил январ ойидан табиий газ узатиш батамом тўхтатилганидан шикоят қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG