Линклар

Бугун Лондонда етакчи давлат расмийларининг Ливияга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва сиёсий жараёнлар масаласига бағишланган учрашуви бошланди.

Анжуманда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссенлар иштирок этмоқда.

Мазкур учрашув Ливиядаги мухолифат жангчилари мамлакат раҳбари Муаммар Қаддафий кучларига қарши ҳужумни давом эттираётган бир пайтда ўтказилмоқда.

Ливияда тинч аҳолини Қаддафий кучлари ҳужумидан ҳимоя қилиш ва учиш тақиқланган зона жорий қилиш ҳақидаги БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини амалга тадбиқ этаётган коалиция кучлари ҳам Қаддафий кучлари эгаллаган позицияларга ҳаводан ҳужум қилмоқда.

Лондон анжумани бошланиши олдидан Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг:

- Биз ҳаммамиз ўт очиш тўхтатилишини хоҳлаймиз. Менимча, ҳамма Қаддафий кетишини хоҳлайди. Бу кундек равшан, деди.

Анжуман арафасида Британия Бош вазири Дэвид Камерон ва Франция Президенти Николя Саркози Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийни ҳокмиятдан кетишга яна бир бор чақирди.

Лондон анжуманида қирқдан ортиқ давлат расмийларининг иштирок этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG