Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:01

Қозоғистонда сайловолди кампанияси бормоқда


Қозоғистон кўчаларидаги Назарбоевни улуғловчи улкан паннолардан бири.
Қозоғистон кўчаларидаги Назарбоевни улуғловчи улкан паннолардан бири.

3 апрел кунга белгиланган президентлик сайловида тўрт номзод давлатнинг олий лавозими учун ўзаро беллашади.



Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси президентлик пойгасига қўшилмоқчи бўлган 22 даъвогардан фақат тўрт нафарини номзод сифатида расман рўйхатга олди.

Булар иқтидордаги президент Нурсултон Назарбоев¸ Табиат экологик иттифоқи раиси Мелис Елеусизов¸ Коммунистик халқ партияси етакчиси Жамбул Акметбеков ва Ватанпарварлар партияси етакчиси¸ сенатор Ғани Қосимовлардир. Иқтидордаги президентга расман рақиблик қилаëтган номзодларнинг Нурсултон Назарбоев ва ҳукмрон партияга содиқ одамлар экани айтилмоқда.

Сайловларга саноқли кунлар қолганига қарамай¸ кузатувчилар аксар қозоғистонликлар номзодлардан фақат бири – Нурсултон Назарбоевнигина билиши¸ қолган номзодларнинг жамаотчиликка деярли нотанишлигича қолаëтганини айтмоқдалар.

Сайловолди жараëнини бевосита кузатаëтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси миссияси¸ ҳозирча фақат бир номзод – иқтидордаги президент кампаниясининг кўзга ëрқин ташланаëтгани¸ кўча-кўйларда президент портретлари¸ фуқароларни Назарбоевга овоз беришга чақирувчи плакатлар ва эстрада юлдузларининг президентни шарафловчи концертлари ўтказилаëтганини таъкидлади.

“Айни пайтда¸ кўзга унча ташланмаса-да¸ бошқа номзодларнинг плакат ва суратларини ҳам учратиш мумкин”¸ дейилади ЕХҲТ кузатувчилари баëнотида.

Қозоғистонни 20 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бошқариб келаëтган Нурсултон Назарбоевнинг халққа ўзини танитишига кўп ҳам эҳтиëж йўқ. Ўз ваколатларини 2020 йилга қадар умумхалқ реферндуми орқали чўзиш таклифини рад қилиб¸ муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилган Назарбоев¸ ўз келажак режалари 28 январ куни халққа қилган мурожаатида очиқ-ойдин баëн қилингани боис¸ расмий сайловолди кампанияси ўтказмасликка қарор қилди.

29 март куни расмий “Казахстанская правда” газетасида чоп этилган сайловолди дастурида Назарбоев¸ Қозоғистонни Осиëнинг иқтисоди тараққий қилган энг кучли давлатларидан бирига айлантириш режасини батафсил баëн қилди.

“Мен ҳеч қачон ҳавойи қасрлар қурганим йўқ ва ҳеч қачон бажаришга кучим етмайдиган ваъдаларни берганим йўқ. Буни ҳаммангиз яхши биласиз. Мен режалаëтган ишларнинг реал ва амалга оширса бўладиган эканини ҳар бир қозоғистонлик тушуниб етишини истайман. Бундан ташқари умумий меҳнатимиз самарасини мамакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз танасида ҳис этишини истайман”¸ дейилади Назарбоевнинг 29 март кунги дастурида жумладан.

Қозоқ мухолифати ўтказган норозилик намойишларидан бири.
3 апрел кунги сайлов натижаларининг бошланмай турибоқ аниқ эканини таъкидлаëтган Қозоғистондаги мухолиф партия ва ҳаракатлар қозоғистонликларни сайловларни бойкот қилишга чақирмоқдалар.

- Биз барча демократик ва сиëсий партия ҳамда ҳаракатларни¸ ноҳукумат ташкилотларини 3 апрел кунга белгиланган хўжакўрсин сайловларни бойкот қилишга чақирамиз. Биринчидан¸ биз фуқароларга мамлакатда бўлаëтган жараëнлар моҳиятини тушунтириб беришимиз ва уларни сайловларда қатнашмасликка кўндиришимиз лозим. Иккинчидан¸ биз ҳам сайловолди жараëни¸ ҳам сайлов кунида бўладиган қонунбузарликларни қайдга олишимиз керак. Биз барча қозоғистонликларни ҳеч қандай танлов имкони бермайдиган сайловларда қатнашмасликка чақирамиз¸ деди мухолифатдаги Олға партияси етакчиси Владимир Козлов.

Олға ва Қозоғистон Коммунистик партияси Олмаота¸ қолаверса яна бир қатор шаҳарларда сайловларга қарши норозилик тадбирлари ўтказмоқда¸ шунингдек интернет орқали ўз тарафдорларини Назарбоевни истеъфога чиқишга мажбурлаш учун кенг кўламли намойишларга даъват қилмоқда.

Мустақил кузатувчилар 3 апрелга белгиланган президентлик сайловларининг мустақил Қозоғистон тарихидаги мухолифат номзодлари пойгага мутлақ қўйилмаган тадбир бўлажагини айтмоқдалар.

- Бу сайловлар аввалгиларидан жуда катта фарқ қилади. Бу фарқ авваламбор¸ мамлакатдаги етакчи мухолифат намояндаларининг унга мутлақ қўйилмаганидадир. Қолаверса¸ яна бир тавофут бу йилги сайловолди кампаниясининг ўта суст кечаëтганидадир¸ дейди Олмаотадаги Алтернатива таҳлил маркази раҳбари Андрей Чеботарев.

Айни пайтда таҳлилчи¸ мухолифатнинг сайловларни бойкот қилиш режаси самарасига шубҳа билан қарашини ҳам қўшиб ўтади.

“Аксар мухолиф партиялар қарорининг сайловда қатнашган билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди¸ деган хулосага асосланганини тушуниш мумкин. Улар эндиликда ўз кучини парламент сайловларига сарфламоқчи. Аммо президентлик сайловларида қатнашиш уларнинг парламент сайловларида кўзга кўриниш имконларини оширган бўлур эди”¸ дейди Андрей Чеботарев.
XS
SM
MD
LG