Линклар

Доку Умаров Домодедово ҳужумида айбланмоқда


Чечен партизанлари етакчиси Доку Умаров

Чечен партизанлари етакчиси Доку Умаров

Россия терговчилари чечен партизанлари қўмондони Доку Умаровга нисбатан расмий айблов эълон қилди.



Россия прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин 29 март куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида чечен исёнчилари етакчиларига айблов эълон қилинганини билдирди.

- Домодедово аэропортида содир этилган террорчилик ҳаракатлари юзасидан очилган жиноий иш бўйича Россия Федерациясининг Тергов қўмитаси терговчилари жанггари гуруҳларнинг фаол аъзоларига қарши, жумладан жиноий гуруҳлар ташкилотчилари бўлган Доку Умаров ва Аслан Ботукаевга қарши айбловлар эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилдилар, деди Владимир Маркин.

Россия президенти Дмитрий Медведев Федерал хавфсизлик хизмати ходимларини мақтаб 28 март куни ўтказилган рейд натижасида исёнчиларга қақшатқич зарба берилганини айтди.

Январ ойида Домодедово аэропортининг хорижий парвозлар йўловчилари чиқадиган йўлагида худкуш шахс ўзини портлатгани оқибатида 37 киши нобуд бўлган, ўнлаб одам яраланган эди.

Россия хавфсизлик кучлари 28 март куни Шимолий Кавказда ўтказилган рейд давомида 17 нафар жанггари йўқ қилинганини иддао қилди.

Шимолий Кавказдаги исёнчилар лидери Доку Умаров Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган “биринчи рақамли жиноятчи” ҳисобланади. У интернет орқали қилган чиқишида Домодедово аэропортидаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Айни пайда Доку Умаров ўтган йил қарийиб 40 киши нобуд бўлган Москва метросидаги иккита портлашни ҳам ўзи уюштирганини иддао қилган.

Амир Ҳамзат номи билан кўпчиликка танилган Аслан Ботукаевнинг қатор ҳужумларни уюштиришда иштирок этгани, жумладан Домодедово аэропортида ўзини портлатган худкуш шахсни тайёргарликдан ўтказгани тахмин қилинади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага асосланган Россиядаги ахборот агентликлари Шимолий Кавказда душанба куни ўтказилган рейд давомида Доку Умаров ва Аслан Ботукаевнинг ўлган бўлиши мумкинлигини хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Чеченистон чегарасига яқин жойлашган Ингушетия Республикасининг Верхний Алкун қишлоғида 28 март куни исёнчиларга қарши амалга оширилган кенг кўламли рейд давомида жанговор учқичлардан зарбалар берилган.

Россия расмийлари аввал ҳам Доку Умаров ўлдирилганини бир неча марта эълон қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG