Линклар

logo-print

Сурияда ўзгаришлар рўй беришидан ким манфаатдор?


Ассад режимининг қулаши Ғарбнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини ҳам ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келиши мумкин.

Ассад режимининг қулаши Ғарбнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини ҳам ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келиши мумкин.

Яқин Шарқдаги энг авторитар режимлардан бири деб эътироф этилувчи Сурияга ҳам минтақада авж олган инқилобларнинг кўчиши эҳтимолини кўпчилик инкор қилиб келаётган эди. Лекин Сурия Президенти Башар Ассад шу кунларда ўзининг 11 йиллик иқтидоридаги энг йирик бўҳрон билан юзма-юз келган кўринади. Бир неча кундан бери қатор шаҳарларда бўлиб ўтган халқ намойишларида ўнлаб одам ҳалок бўлди. Норозиликлар давом этаркан сешанба куни Ассад ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Лекин Суриянинг аксил-ғарб сиёсатига қарамасдан, Ассад режимининг қулаши Қўшма Штатлар ёки Исроил манфаатларига тўғри келмаслиги мумкин, демоқда таҳлилчилар.


Араб дунёсида кўтарилган исёнлар қудратли армияси бўлган ва хавфсизлик хизмати тизими яхши йўлга қўйилган Сурия режимига хавф туғдириши эҳтимолдан йироқдек кўринаётган эди.

Лекин ўзининг шафқатсизлиги билан танилган президент Башар Ассад режими ўз иқтидори давридаги энг катта бўҳронга юз тутган кўринади. Мухолифат намойишчилари ва хавфсизлик кучлари ўртасида бир неча кундан бери рўй бераётган тўқнашувларда баъзи хабарларга кўра 150 нафаргача одам ҳалок бўлган.

Сурия президентлигини 2000 йилда вафот этган отаси Ҳофиз ал-Ассаддан мерос қилиб олган Башар Ассад минтақада авж олган исёнлардан хулоса чиқариб, баъзи сиёсий ислоҳотларга рози бўлишига тўғри келадиган кўринади.

Сешанба куни Ассад амалдаги вазирлар маҳкамаси истеъфосини қабул қилгани эълон қилинди. Янги ҳукумматнинг яқин кунлар ичида тайинлашини айтилмоқда.

Энг муҳими қарийб 50 йилдан бери амал қилиб келган ва сурияликларнинг ҳеч бир асоссиз ҳибс этилишига имкон берувчи фавқулодда ҳолатнинг бекор қилиниши кутилмоқда.

Кўп йиллар давомида ўзини Қўшма Штатлар ва Исроилннинг ашаддий душмани дея кўрсатиб, бундан ғурурланиб келган режим кутилмаганда хавф остида қолди.

Бироқ Вашингтон Ассад режимининг қулаши эҳтимолларидан хурсандлигини намойиш қилишга шошилгани йўқ. Аксинча, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон CBS телеканалига 27 март куни берган интервьюсида Сурия етакчисини “ислоҳотчи”, дея таърифлаб бу мамлакатда Ливиядаги каби халқаро ҳарбий интервенция амалга оширилиши эҳтимолини инкор қилди.

- Сурияга кейинги ойларда сафар қилган конгресс аъзоларининг кўпчилиги унинг (Башар Ассаднинг) ислоҳотчи эканини айтган. У ерда кейниги ҳафталарда рўй бераётган воқеалар жуда ташвишлидир. Лекин ҳаво кучларини кўтариб, ўз шаҳарларини палапартиш равишда бомбардимон қилиш билан полиция кучларини намойишчиларга қарши сафарбар қилиш ўртасида фарқ бор. Албатта, полиция керагидан ортиқ куч қўллаганини ҳам тан олмоғимиз лозим,- деди Клинтон.

Таҳлилчилар Клинтоннинг бу сўзлари Вашингтоннинг Ассад режимига нисбатан қўшстандартли ёндашувни акс эттиради демоқда. Бундай ёндашувни АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчилари бўлмиш Исроил ва Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлаши айтилади.

АҚШдаги Оклаҳома Университетининг Яқин Шарқ масалалари бўйича маркази директори Жошуа Ландис, шундоқ ҳам Ливия бўҳрони билан овора бўлиб турган Обама маъмурияти Ассад режимининг қулаши минтақадаги АҚШга хайрихоҳ ҳукуматларнинг ағдарилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда, деган фикрда. Айни пайтда, дейди таҳлилчи, Америка етакчилари Сурия президентига “иш тутиш мумкин бўлган сиёсатчи” сифатида қарай бошлади.

- Бир томондан, ўйлашимча улар, яъни АҚШ ҳукуматидагилар Сурияда ўзгаришлар рўй беришини истайди. Сурия Исроил ва Қўшма Штатларнинг душмани бўлган Эрон ва Ҳизбуллоҳнинг иттиоқчисидир. Лекин айни пайтда, улар Башар Ассадни билишади. Улар минтақада фуқаролар уруши ва бошқа бўҳронлар рўй бериши эҳтимолларидан чўчишмоқда. Сурияда инқилоб ёки фуқаролар уруши рўй бергудек бўлса, бунинг Қўшма Штатларнинг дўсти ҳисобланмиш Иордания, Ливан ёки Араб ярим оролига ҳам кўчиши хавфи бор. Бу эса Қўшма Штатлар учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади,- дейди америкалик таҳлилчи Ландис.

Лондондаги Халқаро муносбатлар қироллик институтининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастурлари директори Маҳа Аззам фикрича, Сурия Исроил билан тинчликни сақлаб қола оладиган мамлакат ҳисобланади.

- Исроил Сурияда ўзгаришлар рўй беришидан ташвишда. Сурия Эрон ва Ливандаги маълум кучлар билан иттифоқ тузганига қарамасдан, Исроил билан маълум даражадаги тинчликни сақлаб келаётган режим, деб кўрилади,- дейди лондонлик таҳлилчи Аззам.

Суриянинг ўзида ҳукумат Латакия порт шаҳрига қўшинларни киритди. Латакия кейнги кунларда аксил-ҳукумат намойишлари ўтказилаётган шаҳарлардан биридир. Айни пайтда, 29 март куни ўн минглаб сурияликлар Ассадни қўллаб-қувватлаб пойтахт Дамашқда намойиш ўтказди.

Ҳукуматга қарши норозиликлар билан бир пайтда ҳукумат-параст намойишларнинг ўтказилаётгани режимнинг иқтидорда қолиш имкониятлари сақланиб қолмоқда, деган фикрларга асос бўлмоқда.

Ландиснинг айтишича, Ассаднинг ҳокимиятда қолиши эҳтимоллари юқоридир, чунки уни шиа озчилиги ва насронийлар қўллаб қувватлашидан ташқари, унга қарши чиқаётган ва аҳолининг аксарини ташкил қиладиган суннийлар ҳам уни ағдариб, мамлакатни фуқаролар уруши ёқасига олиб келишни истамайди. Бундан ташқари, Сурия қуролли кучлари Миср ва Тунисдан фарқли ўлароқ, президент Ассадга содиқ қолади, дейди Ландис.

- Менимча Яқин Шарқда эсиб юрган ўзгаришлар шамоли Сурияда тўхтаб қолади ва у ерда инқилоб амалга ошмайди. Ўйлашимча, сурияликлар бу масалада якдил эмас. Мухолифат ичида бошловчи куч йўқ, бундан ташқари суниийлар элитаси, иқтисодий ва маданий элита, имомларнинг кейинги кунлар ичида режимни қўллаб-қувватлаб, кўчага чиққанини кўрдик, улар инқилобга қўшилаётгани йўқ. Бу эса инқилобчилар учун катта зарба бўлади,- дейди АҚШдаги Оклаҳома Университетининг Яқин Шарқ масалалари бўйича маркази директори Жошуа Ландис.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG