Линклар

logo-print

Aравачадан топилган ўзбек болакай онасини кутмоқда


Амирбекнинг Вести дастуридан олинган сурати.

Амирбекнинг Вести дастуридан олинган сурати.

Россияда гипермаркет аравачасидан топилган 7 ойлик Амиржоннинг онаси ўзбекистонлик "нолегал" бўлиб чиқди.



22 март куни соат 11ларда Красногорск шаҳрида жойлашган “Ашан” гипермаркетидаги сотувчилар озиқ-овқат аравачасига чақалоқ ташлаб кетилганини аниқладилар. Қўғирчоқлар бўлимида қолдирилган гўдак яқинлари икки соат давомида топилмагач¸ болакай Красногорск шаҳар 1- шифохонасига юборилди.

Красногорск полиция ходимлари Мякинино, Строгино, Шчукино туманларидаги жамоат жойларига боланинг сурати акс этган варақалар ёпиштириб чиқди, деярли барча оммавий ахборот воситалари бу "топилдиқ" ҳақида хабар берди.

24 март куни соат кечаси бирларда полиция бўлимига мурожаат қилган аёл гипермаркетда топилган болакай ўз фарзанди эканини айтган. Ўзбекистонлик 20 яшар Зуҳра Тўхтаева Москвада ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келгани ва айрим суратлардан ташқари бола ўзиники эканини тасдиқловчи бирор ҳужжати йўқлигини билдирган.

Оператив хизмат ходимларига Москвада туғилган Амиржонни Ўзбекистон фуқаролигига расмийлаштирмоқчи бўлганлигини айтган Зуҳра¸
Россия телеканалларидан бирига берган интервьюсида воқеа тафсилотларига ойдинлик киритишга уринди.

Зуҳра Тўхтаева¸ Красногорск полицияси томонидан сўроқ қилинмоқда.
- Мен ўз боламни телевизорда кўрганимда, ўзим шок ҳолатига тушиб қолдим. Тезда милицияга югуриб бордим. Болам энагаси билан эди. Лекин видеокамералардаги аёл шу энаганинг жияни бўлади, унинг калласи жойида эмас, дейди Зуҳра Тўхтаева.

Маълум бўлишича, Зуҳра уч йилдан буён Москвада тегишли ҳужжатларсиз яшаб келган, эри билан ажрашгач, катта қизини Ўзбекистонга - онаси қарамоғига юборган. Зухранинг сўзларига кўра, маҳаллий ресторанлардан бирида официантлик иши топилганидан кейин у кичкина Амиржонга 6 минг рубл ҳақ тўлаб¸ энагаликка таниш бир аёлни ёллаган.

Полиция ходимлари ҳозирда Амиржонга энагалик қилган аёл ва унинг жиянига қидирув эълон қилган. Тергов манфаатларини кўзлаган ҳолда уларнинг исми шарифлари ҳозирча ошкор этилмаëтир.

7 ойлик Амиржон Тўхтаевнинг гипермаркет аравачасида ташлаб кетилишини тафтиш қилаëтган Красногорск шаҳар Ички ишлар бошқармаси катта нозири Оксана Шляхтинанинг Озодликка билдиришича¸ болакай ҳанузгача шаҳар шифохонасидан олиб кетилмаган.

Амиржон Тўхтаев ҳамон шифохонада қолмоқда.
- Бола ҳозир Москва вилоятининг Красногорск шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Онаси ҳужжатларни кеча расмийлаштириб олиб келиши керак эди. Биз у билан келишиб олдик, роддомга бордик, аммо у яна йўқолиб қолди. У ўзини жуда ғалати тутаяпти, тушунмаяпман. Биз унинг болани олиб кетиш нияти борлигига шубҳа билдириб¸ болани бошқа одам асраб олса маъқулроқ бўлади, деган фикрга келдик. Биз болани унга топширишга ҳам розилик бермасак керак эндиликда, дейди полиция нозири Оксана Шляхтина.

Шляхтина шунингдек¸ терговчилар Зуҳра Тўхтаеванинг ўзини ҳам 7 ойлик гўдакнинг гипермаркетда ташлаб кетилишига алоқадорликда гумон қилаëтганини билдирди.

Амиржоннинг онаси билан суҳбатлашиш мақсадида Зуҳра Тўхтаевага қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Айни пайтда¸ Зуҳра ишлаётган ресторан ва тунги клуб телефони гўшагини кўтарган ходимлардан бирини суҳбатга тортдик.

- Зуҳра телевизорда боласини кўрганми, йиғлади-чиқди-да “Менинг расчëтимни беринг, боламни оламан”, деб 23 числода чиқиб кетди. “Мен 20 кун ишлаганман, ойлигимни берсаларинг”, деди, олди ойлигини ва кетди.

Бу ерда жами 20 кун ишлади: 11 мартга келди, 22 число куни телевизорда кўрди, 23 число куни соат олтида келиб пулини олиб кетди. Мен заявление ёзаман, метрика олишим керак, дедию пулини олиб кетди. Кунига 500 сўмдан, ойига 15 минг ойлик оларди-да. Ўзи бухоролик, эри тожикистонлик эди. Болаларини расмларини ҳам кўрсатган эди бизга. Кечаям битта тожик бола “Эриман. Номери ўчган”, деб келди, сўради. Бу ерда ишламайди¸ деганимдан кейин кетди. У қиз билан мен гаплашиб ҳам кўрмадим “Мана бу сенинг ишинг”, деб кўрсатдик, холос. Кўринишига яхшию¸ 20 кун ичида ким қанақа эканлигини билиб бўлмайди-ку, дейди ўзини таништирмаган ресторан ходими.

Озодлик суҳбатлашган полиция нозири Оксана Шляхтина¸ яқин орада Амиржоннинг ота-онаси ёки яқинлари уни сўраб келишмаса, болакай Гўдаклар уйига топширилиши ва тез орада янги оилага топшириб юборилиши мумкинлигини маълум қилди.

- Менимча у бу ерда узоқ қолмайди, узоғи билан бир ҳафта-ўн кун ичида Гудаклар уйига ҳужжат тайёрланади ва бола асраб олиш ниятида бўлганлар жуда кўп¸ ўшаларга топширилади, чунки у соппа-соғ, чиройликкина, дейди Оксана Шляхтина.

Воқеани тафтиш қилаëтган терговчилардан олинган маълумотга кўра, айрим Россия ахборот воситалари хабар берган каби¸ бу иш юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 125 моддаси – “Хавф-хатарда қолдирмоқ” юзасидан жиноий иш қўзғатилмайдиган бўлган.

Красногорск 1-шаҳар шифохонасида вақтинча қўним топган Амиржон эса, муассаса ходимасининг сўзларига кўра, ҳозирда соғлом, ўзини жуда яхши ҳис қиляпти ва шифохона мутахассислари қарамоғидадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG