Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 20 март куни қабул қилган бу қарори жаҳон бозорида ёнилғи нархларининг ошгани билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистон Тожикистонга ўтказиладиган юк вагонлари транзит ҳақини 15 фоизга оширгани ҳақида “Роҳи оҳан” ширкати бошлиқ муовини Владимир Собкалов маълум қилди.

Тожик расмийси Ўзбекистон ҳукуматининг юк транзити нархига оид янги қабул қилинган қарори хусусида ўз ширкати куни кеча расман огоҳлантирилганини билдирди.

- Ўзбекистон 20 март куни бизга барча йўналиш бўйича транзит нархларини 15 фоизга оширди. Бу борада байрамдан сўнг расмий мактуб олдик, - дер экан “Роҳи оҳан” ширкати расмийси Собкалов Тожикистон Ўзбекистоннинг бу қарорини қабул қилишдан бошқа чораси йўқлигини таъкидлади.

Сабколовнинг айтишича, “Ўзбекистон темир йўллари” транзит нархига белгиланган янги тарифни жаҳон бозорида ёнилғи нархларининг кўтарилгани ва Ўзбекистон темир йўлларида транзит хизмати учун харажатларнинг ошгани билан изоҳлаган.

- Лекин бу йил ўтган йилгига нисбатан етти фоиз қимматроқ нарх белгиланди. Юк вагонлари транзити учун нархнинг 15 фоизга оширилиши мамлакат иқтисодиётига албатта салбий таъсир кўрсатади. Чунки транзит нархи ошгандан сўнг ичкарига олиб кирилаётган юк нархи ҳам 15, ҳатто 20 фоизга қимматлашади. Зеро, Тожикистон ташқи дунё билан фақат Ўзбекистон темир йўллари орқали боғлана олади, холос, - деди “Роҳи оҳан” корхонаси масъули Собкалов.

Унингча, янги транзит нархлари мамлакат бозорларида маҳсулот нархларининг ошишига бевосита таъсир қилади. Бу ҳол оддий тожикистонликларни ҳам ташвишлантирмай қўймаяпти.

- Бозорда нархлар кундан кунга кўтарилиб кетаяпти. Бир қоп ун 120 сомоний (тақрибан 30 АҚШ доллари - таҳр.) эди. Ҳозир 130 сомоний бўлган. Ёғнинг бир литри 6 сомоний (1,3 доллар - таҳр.) эди, ҳозир саккиз сомонийдан сотилаяпти. Ўтган йиллар мен дурустроқ яшаган бўлсам, бу йил анча қийналиб қолдим. Мана, кўпчилик қўшниларимиз қарзга еб ўтирибди, - дея нолийди Рудакий туманида яшовчи Жаҳонгул ая.

Тожикистон ҳукумати сўнгги икки ой давомида республика бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархини тушириш борасида қатор чора-тадбирлар кўраётган бўлса-да, ҳозирча кўзланган мақсадга эришилгани йўқ.

Таҳлилчилар Ўзбекистон томонининг юк вагонлари транзити учун белгилаган янги тарифи Тожикистон ҳукуматининг бу уринишларини чипакка чиқаришига ишонади.

Иқтисодчи, мустақил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарорида сиёсий сабаб кўришини айтади.

- Ўзбекистоннинг томонининг бу қарори сиёсий хусусиятга эга. Чунки ёнилғи нархи ошганига оид иддаосида асос йўқ. Негаки, жаҳон бўйлаб ёнилғи нархи 20 фоизга арзонлади. Менимча, бу яна тожикистонликларни иқтисодий жиҳатдан қамал қилишнинг янгича ва ўта оғир шаклидир. Тожикистон ҳукумати Ўзбекистоннинг бу ҳатти-ҳаракатлари юзасидан БМТга шикоят қилиши шарт. Вазиятдан чиқишнинг биргина йўли шу, - дея мулоҳаза билдиради иқтисодчи Умаров.

Аснода тожик расмийси Собкалов, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари темир йўл ширкатлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, ҳар бир давлат йилда икки марта бошқа давлатларга ўтадиган юк вагонлари транзити учун нархни оширишга ҳақли эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 мартидан Ўзбекистон Тожикистонга ўтиб қайтадиган автотранспорт воситаларидан олинадиган тўлов ҳажмини 14,4 фоизга оширганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG