Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Япониядаги ўзбек дипломатлари оилалари Каримовга "нота" йўллади


Ҳозирча Токиодаги радиация даражасининг хавфли нуқтага етгани расман тасдиқлангани йўқ.
Ҳозирча Токиодаги радиация даражасининг хавфли нуқтага етгани расман тасдиқлангани йўқ.

"Бизни бу ердан олиб кетинг!" деб президентга юборилган хат дипломатлар эмас¸ улар аëллари номидан ëзилган.



Япониядаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси дипломат ва хизматчилари аёллари ёрдам сўраб Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилди.

Ўзини фақат Нигора Усмонова деб таништирган аëлнинг Япониядаги ўзбек дипломатлари ва дипломатик хизматчилар оилалари номидан президент Ислом Каримовга йўллаган мурожаати матни Centrasia.ru сайтида чоп этилди.

"Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич,

Биз Япониядаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси дипломат ва хизматчиларининг аёллари Токиодаги вазиятдан жуда ташвишдамиз.

Радиация даражаси бу ерда нормадан бир неча баробар кўп. Водопровод суви таркибида йод ва цезий изотопларининг радиоактив заррачалари топилди.Озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам шундай. Дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари йўқ.

Токиога чегарадош туманларда радиация миқдори нормадан 100 марта кўп. Шу кунгача 50дан ортиқ давлатнинг дипломатик ваколатхоналари эвакуация қилинди.

Элчи Ҳамидулла Караматов дипломатларга Токиодаги вазият ҳақида марказга батафсил маълумот беришга рухсат бермаяпти.Ўзи эса меъёрдан ортиқ спиртли ичимлик ичиш оқибатида пайдо бўладиган шарманда касалликдан “даволаниш учун” Тошкентга 23 март куни жўнаб кетган.

Соғлиги кескин ёмонлашганидан сўнг элчихонанинг биринчи котиби Ғоипов таътил баҳонасида 30 март куни бу ердан жўнаб кетмоқда.

Дипломатик миссиядаги аксар ходимлар саломатлигининг ёмонлашаётгани кузатилмоқда.

Мамлакат келажаги ва болаларимиз ҳаққи-ҳурмати¸ тиббий текширувдан ўтказиш ва тегишли муассасаларда даволаниш учун элчихона дипломатлари ва ходимларини вақтинча чақиртириб олиш ҳақида кўрсатма беришингизни Сиздан ўтиниб сўраймиз.

Ҳурмат билан элчихона дипломат ва хизматчилари аёллари номидан¸

Нигора Усмонова


дейилади мазкур мурожаатда.

30 март куни Озодлик мухбирининг Токиодаги Ўзбекистон элчихонасига қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди. Айни пайтда¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан ҳам бу мурожаат¸ қолаверса ҳукуматнинг Япониядаги нафақат ўз дипломатлари¸ балки мамлакат фуқароларини олиб чиқиш борасида бирор режаси бор-йўқлиги юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Вазирлик расмийси кун давомида Озодликка бу масаланинг ўрганилаëтганини билдирди¸ аммо унга расмий муносабат билдиришни истамади.

Айни пайтда Озодлик Токиодаги вазиятнинг фавқулодда оғирлашиб бораëтгани ҳақида мазкур мурожаатда келтирилган маълумотни текшириб кўриш учун Япониядаги айрим ўзбекистонликларни суҳбатга тортди.

Токио яқинидаги шаҳарчалардан бирида хизмат қилаëтган йигитлардан бири вазиятнинг Каримовга йўлланган мурожаатда тасвирланган каби қўрқинчли эмаслигини билдирди.

- Ҳозирги вазиятни кўрадиган бўлсак, одам соғлиғига зарар келтирадиган даражадаги вазият эмас. Фақатгина бошида паника бўлди. Ҳамма ëқда паника кўтарилди. Японларнинг ўзи ҳам. Дўконларда ҳаммаси яхши, ҳамма нарса бор. Ҳеч қанақа муаммо йўқ¸ деб ҳисоблайман. Озиқ-овқат етарли. Бошида чиққан маълумотларда ичимлик суви билан проблема бор дегандай гап бўлган эди. Ҳозир “Ичимлик сувидаги радиация даражаси одам соғлиғига зарар келтирадиган даражада эмас” деб эълон қилишди. Ҳеч қанақа хавф йўқ деганини японлар тушуниб, у паника ҳам тугади деб ўйлайман¸ дейди ўз исми айтилишини истамаган ўзбекистонлик хизматчи.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон фуқароларининг Япониядан ватанга қайтишлари учун деярли муаммо йўқ.

- Қайтиш жараëни ҳам нормалний. Ўзбекистон ҳаво йўллари ишларни нормалний олиб бораяпти. Тасдиқланган кунлари самолëт учаяпти, самолëт келаяпти. Жараëн ҳаммаси нормалний. Айни пайтда Япониянинг иммиграцияси ҳеч қанақа муаммосиз, Япониядан чиқиш ва қайтиш визаси бор, шунақа визаларни ҳам қўйиб беради. Шунинг учун жараëн нормалний. Айнан Ўзбекистон ҳаво йўллари яхшироқ. Тез нима қилади. Очеред ҳам йўқ. Тез бориш мумкин айни пайтда¸ дейди Токио яқинидаги шаҳарчалардан бирида хизмат қилаëтган ўзбекистонлик йигит.

Бундай вазиятда Токиодаги Ўзбекистон элчихонаси дипломат ва хизматчилари аëлларининг Ислом Каримовга йўллаган мурожаатидан кўзланган асл мақсаднинг нима эканлиги мавҳумлашади.

Бу мактуб элчихона дипломат ва хизматчилари оилаларини Ўзбекистонга қайтариш мақсадида ëзилганми¸ ëки у Япониядаги вазият баҳонасида элчи Ҳамидулла Кароматовдан қутулиш йўлидаги ҳаракатми¸ буниси ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG