Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Мобил телефонларнинг эркин савдоси тўхтатилмоқда


Мобил телефонлар сотиш ҳаққи яқин кунларда фақат уяли алоқа компанияларига хатлаб берилиши мумкин.


Тошкентдаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлган Абу Саҳий савдо марказида телефон савдоси тухтатилгани тадбиркорларнинг бундай ҳавотирларини кучайтирди.

Абу Саҳий савдо маркази бош директорининг ёрдамчиси Жасур Ёқубов мобил телефонларнинг сотувда йўқлигини изоҳлашга уринди.

- 10 кундан бери сотилмайди. Тадбиркорлар олиб келишмаган, сотишмаяпти. Тадбиркорларимиз ўзи сотишади. Нимани олиб келса, шуни сотади. Тадбиркорларнинг ўзининг хоҳиши-да. Масалан¸ мобил телефонлар ўзи кўп ҳам бўлмаган. Ишлатилган телефонларни сотган бўлиши мумкин ўзимизда. Ҳозир улар ҳам йўқ, деди Жасур Ёқубов.

Абу Саҳийда ишловчи тадбиркорлар мобил телефонларни яширинча сотишга ўтиб олган, дейди Озодлик илтимосига биноан бозорни айланган аммо исми ошкор этилишини истамаган манбаъ.

Бозорда сотилаётган мобил телефонларининг аксари божхона тўловларини четлаб ўтиб мамлакатга киритилгани боис уларнинг нарҳи арзонроқ, аммо айнан шу боис ҳукумат телефонлар савдосини "тартибга солиш" ниятида.

Озодлик боғланган Тошкентдаги мобил телефонлар дўкони ходимаси мобил компаниялари телефонлар савдосини ўзларига олаётгани боис дўконни ёпишга мажбур бўлгани ҳақида гапирди.

- Биз ҳозир мобил телефонлари сотмаяпмиз. Чунки, мобил телефонларни растаможка қиладиган бўлсак, энг содда мобил телефоннинг нарҳи 800-900 минг сўмга етиб қолади. Эшитишимизда мобил телефонлар савдоси билан уяли алоқа операторлари шуғулланади. Бунинг яхши томони Ўзбекистонга Хитойнинг эмас, балки Финляндиянинг тоза моллари келади. Аммо телефонлар нарҳи кўтарилиб кетади, деди дўкон ходимаси.

Аммо ҳозирча Тошкентда қўлтелефонлар савдосини давом эттираётган дўконлар талайгина. Тошкентдаги Hello Mobile дўкони шулардан бири. Аммо телефонларнинг савдоси уяли алоқа операторларига ўтиб кетиши ҳақидаги гаплар уларнинг қўлоғига ҳам чалинмоқда.

- Телефонларни фақат мобил алоқа операторлари сотиши ҳақида эшитганман, дейди дўкон ходими.

Ўзбекистондаги уяли алоқа операторларидан ҳозирча бу борада жўяли жавоб олишнинг имкони бўлмади.

RWS (собиқ Perfectum Mobile) мобил компанияси ходими қўл телефонлари эркин савдоси тўхтатилганидан бехабарлигини айтди.

- Сотиш фақат мобил операторларига ўтказилиши ҳақида эшитмаганман, бизда атиги беш хилдаги телефонлар сотилади, ёнимиздаги дўконда ассортимент кўпроқ, деди RWS ходими.

МТС (собиқ Uzdunrobita) компанияси ходими айни пайтда компанияда мобил телефонлари сотилмаётгани, бироқ сотиш режаси борлигини айтди.

- Биз телефон сотмаймиз. Ҳали сотмаяпмиз биз. Унақа гап йўқ. бундан бу ëғига агар апаратлар келса, МТСнинг ўзининг номерларини сотамиз. Бундай ҳолат Россияда бор, ҳозирча бизда йўқ, деди МТС ходими.

UzMobile компанияси ходими эса, компания мижозларини ўзи телефон билан таъминлашини билдирди.

Тошкентда мобил телефонлар энг кўп Навоий кўчасидаги элект-жиҳозлар ярмаркасида сотилган эди. Жорий ой ўртасида Навоийдаги ушбу дўконлар ер билан яксон қилинди. Уларнинг айримлари собиқ "Малика" тикув фабрикасига кўчирилгани маълум. Янги савдо мажмуасининг 10 апрелдан бошлаб иш бошлаши кутилмоқда.

Навоий ярмаркасида телефонлар билан савдо қилган тадбиркорлардан бири Озодлик радиосига аноним тарзда ўзининг бундан буён телефонлар билан шуғулланмаслигини айтди.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда мобил телефонлардан фойдаланувчилар сони 2011 йилга келиб 20 миллион одамга яқинлашган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда бешта уяли алоқа оператори фаолият кўрсатмоқда. Телефонлар савдосининг улар қўлига ўтиши рост бўлса, бу компаниялар ва улар ортидаги шахсларга мўмайгина қўшимча даромад олиб келади.
XS
SM
MD
LG