Линклар

Озодлик манбалари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган уннинг дўкон пештахталаридан йўқолаëтганини билдирди.


Озодлик билан суҳбатда тошкентлик 46 яшар Солижон Абдураҳимов бир неча кундан буён шаҳардаги дўконларни қидириб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун тополмаётганини айтади:

- Мана ҳозир ўнтача дўконга кириб чиқдим. Ўнтача магазинда Ўзбекистон ун навлари йўқ. Мутлақо йўқ, Сўрадим. Сумалакка олмоқчи эдим¸ десам ҳам умуман йўқ. дейди уч боланинг отаси Солижон Абдураҳимов.

Тошкент марказидаги бозорлардан бирида савдо қиладиган хусусий тадбиркор Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича¸ Ўзбекистон унининг тақчил бўлиб қолганига анча бўлган:

-Ўзбекистон уни йўқ. Ун савдода йўқ. Ўзбекистон буғдойидан ишлаб чиқарилган ун давлат заҳирасида турибди. 400 сўмдан ëпилаëтган бўлка нонлар ўша буғдойдан қилинмоқда. Бошқа гап йўқ. Умуман савдода мен кузатиб юраман¸ Ўзбекистон буғдойидан қилинган уннинг йўқ бўла бошлаганига бир йилдан ошиб кетди. Даже бир ярим йилдан бери ҳеч қайси савдо тармоқларида йўқ, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистон Дон маҳсулотлари ҳиссадорлик компанияси расмийси Комил Пиримов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Тошкент дўконларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган уннинг сотувда йўқ эканлиги ҳақидаги иддаоларни рад этди:

- Бор, бор. Нега сотувда йўқ бўлади экан? Тошкентда иккита корхонамиз бор. Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ишлаб чиқарилган ун биржага қўйилади ва биржа орқали дўконларга сотилади, деди Комил Пиримов.

Ўзбекистон унининг сотувда йўқлиги боис, Қозоғистон унлари сўнгги беш кунда юз сўмга қимматлади, дейди тошкентлик оила бошлиғи Солижон Абдураҳимов.

-100 сўмга ошган мана шу уч-тўрт кунда ун маҳсулотлари. Ҳозир асосан Қозоғистон ун маҳсулотлари сотилаяпти-да. Агарда Ўзбекистон уни бўлганда, озгина конкуренция бўлиб тушган бўлармиди. Қозоғистон уни супермаркетда 2 килолиги 4200 сўм. Оддий магазинларда 1800-1900 сўмдан сотаяпти Қозоғистон унларини. Новвойлардан сўрасам, қопини 73 мингдан олишаëтган эди. Ҳозир новвойлар 75 минг сўмдан сотиб олишаяпти. Беш кун бўпти, дейди Солижон Абдураҳимов.

Ўзбекистон президенти ўтган йили 7 миллион тонна буғдой ҳосили олингани билан деҳқонларни табриклаган эди. Расмий рақамларда йилдан-йилга ошиб бораётган буғдой ҳосили¸ амалда ўзбекистонликларнинг ўзларини ун билан таъминлашга етмаяпти.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган “Ўздонмаҳсулот” ҳиссадорлик компанияси собиқ мулозимларидан бирига кўра Ўзбекистон унининг савдодан йўқолгани¸ расмий рақамлардан фарқли¸ омборнинг бўшлиги билан изоҳланади:

- Ўзи таги йўқ, таги йўқ. Ҳар йили ҳосилдорлик ҳар гектарига 2 центнердан қўшиб келиняпти. Бу йил 50 центнердан бўлди, келгуси йил 52 бўлади энди. Бунинг ҳаммаси ҳаво, бўшлиқ. 1миллион 300 ëки 400 минг гектар ғалла экилаётган майдонларда Ўзбекистон шароитида бунча буғдой олиш мумкин эмас. Биринчидан, иқлим тўғри келмайди, икинчидан сув етмайди, учинчидан ерда токсик моддалар кўп бўлганлиги учун ер ишдан чиққан.

Биласизми, агар шунча ғалла етиштирилганда эди, Ўзбекистонда паррандачилик ва чорвачилик ривожланиб кетган бўларди. Бизда бу соҳаларнинг ҳаммаси ўлиб бўлган. Ёки яна бир мисол, мана буғдой ҳосилининг 50 фоизи фермерларнинг ўзларига қоляпти, деб айтилади. Агар бу тўғри бўлганида эди, вой-буууй бунча буғдойни эплаб бўлармиди. Ваҳоланки, фермерларнинг ўзлари бозордан буғдой, дўкондан ун сотиб олишяпти.

Мен фақат бир нарсани айтишим керак. Бу қўшиб ёзишлар бир куни ошкор бўлади. Пахтани ҳам бир вақтлар 6 миллион тоннага “етказган” эдик, кейин миси чиқди. Бу сиёсат, гўёки Ўзбекистон дунёда ғалла мустақиллигига эришди, ўзини ўзи таъминлаяпти, деган ёлғон сиёсат ва бир куни буни ҳам миси чиқади, дейди “Ўздонмаҳсулот” собиқ расмийси Озодлик билан суҳбатда.

29 март куни Uznews.net ахборот агентлиги Ўзбекистон вазирликларидан бирининг маъсул ходими берган хос маълумотни чоп этди. Унда даъво қилинишича¸ Ўзбекистонда Бош вазир Шавкат Мирзиëев олиб бораëтган аграр сиëсат фермер хўжаликларини барбод қилгани оқибатида мамлакатда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги бошланган ва МХХ раиси Рустам Иноятов етакчилигидаги бир гуруҳ вазирлар бундан президентни хабардор қилишган.

Агентлик манбасининг таъкидлашича¸ Мирзиëевга "компромат" киритганлар Ислом Каримовга мамлакатда ижтимоий таранглик кучайиши олдини олиш мақсадида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари давлат заҳирасини кўпайтиришни тавсия қилганлар.

Гарчи давлат заҳираси ҳар бир давлат мавжудлигининг нормал шартларидан бири бўлса-да¸ Ўзбекистонда аввал кўрилмаган тарзда маҳаллий уннинг савдодан йўқолиши¸ Тошкент ҳукуматининг "қора кунлар"га яхшироқ ҳозирлик кўришга киришгани белгиси бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG