Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:16

АҚШ ва Британия Ливия исёнчиларини қуроллантирмоқчи


30 март куни Қаддафий кучлари исёнчиларни бир неча йирик шаҳардан сиқиб чиқарди.
30 март куни Қаддафий кучлари исёнчиларни бир неча йирик шаҳардан сиқиб чиқарди.

Қўшма Штатлар ва Британия Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийни ағдаришга уринаётган исёнчиларга қурол-аслаҳа етказиб беришни эҳтимолдан соқит қилмаётганларини айтмоқда. Бу ҳақда Лондонда НАТО ва Араб лигаси давлатлари Қаддафийга босимни кучайтиришга келишиб олганларидан кейин маълум бўлди. Бироқ сешанба кунги халқаро анжуманда ливиялик исёнчиларни қуроллантириш борасида бирор келишув имзоланмади. Исёнчиларга қурол етказиб бериш масаласи халқаро коалиция ичида келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда.


Қаддафийга содиқ кучлар контр-ҳужумга ўтаётган бир пайтда АҚШ билан Британия ливиялик исёнчиларга қурол-аслаҳа етказиб беришлари мумкинлигига ишора қилмоқда.

Сешанба куни АҚШ Президенти Барак Обама Ливияни 40 йилдан ортиқ бошқарган Қаддафий атрофидаги “сиртмоқ” тораймоқда, деди.

NBC телеканалига берган интервьюсида Обама халқаро коалиция Ливияда амалга ошираётган операция охир-оқибат Қаддафийни ҳокимиятдан четлатишини таъкидлади.

Унинг мухолифларини қуроллантириш хусусида Оқ уй раҳбари бундай деди:

- Мен буни эҳтимолдан соқит қилганим йўқ, лекин бундай эҳтимол бор деяётганим ҳам йўқ. Биз ҳозирча Қаддафий кучлари қандай йўл тутишини таҳлил қилмоқдамиз,- деди Обама.

Чоршанба куни исёнчиларни қуроллаш эҳтимоли ҳақида Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ҳам гапирди. Парламентда қилган чиқишида бош вазир Ливия мухолифатига ўзини ҳимоя қилишга ёрдам бериш БМТнинг Ливияга нисбатан жорий қилган қурол эмбаргосига зид бўлмаслигини таъкидлади.

- Қурол эмбаргоси бутун Ливия ҳудудига тааллуқлидир, лекин айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1973 сонли резолюцияси тинч фуқаролар ва фуқаролар яшайдиган ҳудудларни ҳимоя қилиш учун барча воситалар ишга солинишига рухсат беради ва бизнинг фикримизча, бу маълум вазиятда тинч фуқароларни ҳимоя қилаётганларга ярдам кўрсатилишини эҳтимолдан соқит қилмайди. Демак, мен парламент вакилларига аввал ҳам айтганимдек, биз буни эҳтимолдан соқит қилмаймиз, лекин бундай қарорни қабул қилганимизча йўқ,- деди Британия раҳбари.

Лекин Ливиядаги, ҳозирча шубҳали деб қаралаётган, исёнчиларни қуроллантириш таклифи НАТО ичида турлича қабул қилинмоқда.

Обаманинг ўзи ҳам ливиялик жанггарилар борасида аниқ фикр шаклланмаганини айтган. Бундан ташқари, АҚШ адмирали Жэймс Ставридис разведка маълумотларига кўра исёнчилар орасида Ал-Қоида ва Ҳизбуллоҳ аъзолари борлиги аниқланганини маълум қилди.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен сешанба кунги чиқишида ливиялик исёнчиларни қуроллантиришга қарши эканига ишора қилди. “Биз у ерда одамларни қуроллантириш эмас, ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз”, деди у.

Ливия ҳаво ҳудудида учиш тақиқланган зонани таъминлаш операциясида иштирок этаётган Бельгия билан Дания ҳам исёнчиларга қурол етказиб бериш ғоясига қарши чиқмоқда.

Бу ғояга кескин қаршилик қилаётганлар орасида Россия ҳам бор. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ливия мухолифатига қурол-аслаҳа етказиб бериш БМТ мандати доирасидан чиқади, дея огоҳлантирди.

Хитой эса, умуман коалициянинг ҳаво ҳужумларини қоралаб келмоқда.

Айни пайтда, мухолифат сўзчиси Маҳмуд Шамман¸ агар исёнчиларнинг ихтиёрида кўпроқ қурол бўлганида Қаддафийни бир неча кун ичида ағдаришлари мумкинлигини тъкидлади.

Ливиялик исёнчиларга қурол билан ёрдамлашиш масаласи сешанба куни Лондонда Ливия келажагига бағишланган халқаро анжуманда муҳокама қилинмади. Анжуманда қатнашган 48 давлат вакиллари Қаддафийга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришларини ваъда қилдилар.

Конференция Ливияда жанглар авжига чиққан пайтда ўтказилди.

Мухолифат жангчилари БМТ Хавфсизлик кенгаши 17 март куни Ливия ҳаво ҳудудини парвозлар учун ёпиб қўйиб, халқаро коалицияга фуқароларни ҳимоя қилиш операциясини амалга ошириш мандатини берганидан бери жиддий ютуқларга эришди.

Лекин чоршанба куни Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар Ливия шарқидаги учта йирик шаҳарни исёнчилардан қайтариб олди.

Қаддафий кучлари танклар ва артиллерия ёрдамида чоршанба куни Рас Лунуф, Уқайла ва Брега шаҳарларини ишғол қилиб, исёнчилар истеҳкоми бўлган Бенғозидан 160 километр шарқроқда жойлашган Аждабия шаҳрига яқинлашди.
XS
SM
MD
LG