Линклар

Патент тизими Россиядаги муҳожирни ҳимоялайдими?

  • Ҳурмат Бобожон

Патент меҳнат муҳожирини полиция тазйиқидан ҳам ҳимоя қилиши мумкин.

Патент меҳнат муҳожирини полиция тазйиқидан ҳам ҳимоя қилиши мумкин.

Россияда меҳнат муҳожирлари учун киритилган патент тизими¸ ўзбек муҳожирларига кўра¸ улар учун қатор қулайлик яратмоқда.



Ўзбек муҳожирлари Россияда ишлаш учун патент олишлари керак бўлади


Россияга иш излаб борувчи ўзбек фуқаролари бу мамлакатда меҳнат фаолиятларини бошлашдан олдин Миграция хизматидан рўйхатдан ўтиб, ишлаш учун патент ҳам олишлари керак бўлади.

Бундай патент чет эллик муҳожир ишчига Россияда тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради, дейди Россия Федерал Миграция хизмати матбуот вакили Константин Полторанин.

- Нафақат ўзбек муҳожирлари, балки Россияга визасиз ишлагани келиши мумкин бўлган бошқа собиқ совет ўлкалари фуқаролари ҳам патент олишлари керак бўлади, дейди Полторанин.

Бундай тартиб аслида Россияда 2010 йил 1 июлдан кучга кирган. Константин Полтораниннинг айтишича, ҳозирга қадар 250 мингдан ортиқ чет эллик меҳнат муҳожири патент олиб ишламоқда.

- Россияга ишлагани келган чет эл фуқаролари патент олиш учун идорамизга келиб паспортини кўрсатиши, иккита фотосуратни олиб келиб махсус аризани тўлғизиб топшириши керак бўлади. 10 кундан кейин келиб белгиланган пулни тўлаб патентни олишади. Ҳар ойлик меҳнат фаолияти учун меҳнат муҳожири 1000 рубл тўлайди. Кейинчалик патент муддатини узайтирмоқчи бўлса, банкка бориб белгиланган пулни тўлаши кифоя ва шу тариқа чет эллик муҳожир Россияда қонуний меҳнат фаолиятини қилиб юриши мумкин, дейди Полторанин.

Агар бирон меҳнат муҳожири иш берувчи қўлида патентсиз ишлаётгани аниқланса, у йирик миқдорда жаримага тортилиши ва Россиядан депортация қилиниши мумкин. Константин Полторанининг айтишича, патентсиз ишлаб юрганларни аниқлаш қийин эмас.

- Биринчидан, биз ҳар ой мамлакатга кирувчилар рўйхатидан тақрибан 30 мингга яқин шундай муҳожирни аниқлаймиз. Миграция қонунини бузувчилар тизимимизда кўриниб туради. Бундайлар мамлакатдан депорт қилинади, жаримага тортилади ва кейин Россияга киришлари вақтинча тақиқланади, дейди Полторанин.

“Патент муҳожир ишчига қанақа ҳуқуқларни беради?” деган саволимизга Россия Миграция ҳизмати вакили: "Биринчидан, патент муҳожирларни даромад солиқларидан озод қилади. Қолаверса рўйхатдан ўтиши ҳам керак эмас. Мана шу патент Россияда рўйхатдан ўтганлик ўрнини босади",- дея жавоб берди.

Москвада ҳайдовчилик қилаётган хоразмлик Бахтиёр патент тизими жорий этилгани яхши бўлди, дейди.

- Ҳозир как регистрацияда бу патент. Ҳар ойда 1000 рубл тўлаб юраверасиз бемалол.

Озодлик: Яхшими бу?

- Минг марта яхши. Частний ишларга яхши. Бировга шофëр бўлсангиз, машина ҳайдаб юрсангиз, бировнинг дачасида ишласангиз. Давлат ишларига патент билан олишмайди. Разрешение на работу керак.

Озодлик: Патентсиз ишлаб юрганлар ҳам борми?

- Кўп. Патент яқинда чиқди. Кўп одам уже патентга ўта бошлади. Регистрация қилмайсизда. Ҳар ойда квитанция билан 1000 рубл тўлайсиз. Кўп одам олмасдан ҳам ишлаб юрибди. Йўлда барибир милиция тўхтатади, регистрация дейди. Кўп одамлар патентсиз, разрешение на работусиз ишлаб юрибди. Патентга тўлаб тинчгина ишлаган яхши эмасми. 1000 рубл тўлайлик, бемалол юрайлик.

Озодлик: Патентни олиш қийин эмасми?

- Йўқ. ФМС орқали қилиб беришаяпти. Борасиз, анкета тўлдирасиз. 10 кундан кейин тайëр бўлади. Аввал уч ой регистрация қиласиз. Уч ой тўлишига 10-15 кун қолганда борасиз. Регистрация уже узайтирилган бўлиб бир йилга кетади. Регистрация рол ўйнамайди. Патент рол ўйнайди, дейди Бахтиëр.

Айни пайтда Россияда патенсиз ишлаб юрганлар ҳам анча. Россия пойтахтида қоровуллик қиладиган Раҳмон Қодиров шуларнинг бири.

- Менда йўқ. Уни ФМСданми, нимадан тўғирлаш керак.

Озодлик: Демак, сиз патент олмасдан ишлаяпсиз.

- Ҳа.

Озодлик: Штраф қилмайдими?

- Ушласа, штраф қилади.

Озодлик: Нимага олмаяпсиз?

- Менга кераги йўқ унинг.

Озодлик: Нимага?

- Мен вақтинчалик. Менда регистрация бор уч ойгача. Уч ойдан кейин олишим мумкин. Ҳеч қанақа документсиз ишлаб юрганлар ҳам бор. Ҳамма ҳужжатларни тўғирлаб ишлаб юрганлар бор.

Озодлик: Патент жорий қилингани яхши бўлдими? Ишлар қулайлашдими?

- Ўзим ҳали патент олиб ишлаб кўрмадим. Келганимга 10 кун бўлди. Уч ойлик регистрация тугагандан кейин патент оламан. Яхши бўлдими ëки ëмон бўлдими шундан кейин айтишим мумкин, дейди Москвада қоровуллик қиладиган Раҳмон Қодиров.

Россия Мигарация хизматига кўра, мамлакатга ишлагани келувчи муҳожирлар патентни Москванинг Домодедово аэропортида ҳам олишлари мумкин.

Ўзбек муҳожирлари пул жўнатишда яна биринчи

Бугунги кунда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади. Улар маҳаллий аҳоли ўзига эп кўрмаган ишларни қилиб, Ўзбекистонда қолган оиласига пул жўнатади.

Улар ўз мамлакатига пул жўнатиш бўйича собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларидан келган муҳожир ишчилардан анча ўзиб кетган.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, ўзбек муҳожирлари тарафидан жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга пул жўнатиш тизими орқали бир миллиард долларга яқин пул жўнатилган. Бунинг учдан бир қисми "Золотая Корона" тизими орқали ўтказилган.

- 2010 йилда Россиядан Ўзбекистонга бизнинг тизимимиз орқали пул жўнатиш 180 фоизга ошди. Яъни тизимимиз орқали Ўзбекистонга пул юбориш тақрибан икки ярим баравар ортди. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга барча тизимлар орқали пул жўнатиш 38.6 фоизга ортди, дейди Россиядаги "Золотая корона" пул ўтказиш ширкати вакили Шаҳло Қосимова.

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш бўйича ўзбекистонликлар бир неча йилдан бери биринчи бўлиб келмоқда.

Ўтган йилда Россиядан Ўзбекистонга жами 3 миллиард доллардан кўпроқ пул жўнатилган бўлса, бунинг учдан бир қисми "Золотая корона" орқали ўтказилган.

- Ҳақиқатан ҳам Россия Марказий банки статистик маълумотларига кўра, Ўзбекистонга пул жўнатиш бўйича рақамлар анча юқори ва бу ўсишда давом этмоқда, дейди Шаҳло Қосимова.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатилаётган бу пуллар Ўзбекистон иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил этиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG