Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:52

Сангов иши БМТ назоратида


1 март куни Душанбенинг Сино туман ички ишлар бўлимида тергов қилинганидан сўнг ғойиб бўлган Сафарали Сангов кейинроқ ҳушсиз ҳолда пойтахт касалхонасининг реанимация бўлимидан топилганди.
1 март куни Душанбенинг Сино туман ички ишлар бўлимида тергов қилинганидан сўнг ғойиб бўлган Сафарали Сангов кейинроқ ҳушсиз ҳолда пойтахт касалхонасининг реанимация бўлимидан топилганди.

Душанбе шаҳар Сино туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилгани даъво қилинаётган Сафарали Сангов ўлими билан боғлиқ ишни БМТ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз назоратига олди.

Бу борада 30 март куни мазкур идора масъуллари маълумот тарқатди.

Душанбелик 37 ёшли Сафарали Санговнинг ўлими билан боғлиқ воқеани кузатиб келаётган кўпчилик тожикистонликларни унинг жасади экспертизаси хулосаси ва уни тергов қилган милиция ходимларининг тақдири қизиқтирмоқда.

30 март куни БМТнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идораси Тожикистондаги ваколатхонаси Сафарали Сангов ўлими билан боғлиқ ишни назорат қилишини ва Санговлар оиласи ҳақ-ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоялаш мақсадида оқловчи тайинлаганини билдирди.

Мазкур идора расмийси Тахмина Жўраева Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда ўз идораси бу йўналишда барча ҳуқуқий чора-тадбирлар қўллаётганини маълум қилди.

БМТ расмийсининг айтишича, Сангинов ўлими билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш ва ҳақиқатни юзага чиқариш оқловчи Гулчеҳра Холматова зиммасига юклатилган.

Айни пайтда адвокат Гулчеҳра Холматова Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий ташхиси натижасини кутиб турганини билдирди.

- Бизнинг республика прокуратурасига мурожаатимиздан сўнг Сино туман ички ишлар бўлимининг шу ишга алоқадор ходимларига нисбатан Душанбе шаҳар прокуратурасида жиноят иши очилди. Прокуратура аризамиз асосида жасадни ташхис қилишни сўраб республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома юборган. Аммо ҳозирча ташхис натижалари маълум қилинганича йўқ. Биз ишни бошлаш учун вазирлик жавобини кутиб турибмиз, - деди Гулчеҳра Холматова.

Эслатиб ўтамиз, душанбелик Сафарали Сангов шу йил март ойи бошида наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда гумонланиб, Сино туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Аммо дастлабки терговдан сўнг ғойиб бўлиб қолган маҳбус ҳушсиз ҳолда Душанбе шаҳар касалхонасининг реанимация бўлимидан топилганди.

Ўшандан сўнг ўзига келмай оламдан ўтган Сафарали Санговнинг яқинлари уни милиция ходимлари калтаклаб ўлдирганини иддао қилишган эди.

Бироқ Сино туман Ички ишлар бўлими ходимлари Сафарали Сангов ўзига қўйилган айбномага эътироз сифатида ўзини иккинчи қаватдан ташлаб юборганини билдирганди.

Сафарали Санговнинг ўлими ҳақидаги шаҳодатномада “мия пардаси тагида қон қуйилиши, мияси чайқалгани” унинг қазоси сабаби сифатида кўрсатилган.

Бироқ Сафарали Сангов жасадини ташхис қилган шифокор Муҳаббат Йўлдошева хулосасига кўра, Сангов қаттиқ зарбалар туфайли жароҳатланган. Айнан шу зарбалар унинг ўлимига сабаб бўлган.

- Энди адолат тантанаси ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш прокуратура зиммасида. Кўрамиз улар инсон ҳуқуқлари ва қонунни қай даражада ҳимоялай олади, - деди Муҳаббат Йўлдошева.

Аснода Сафарали Санговнинг беваси Сарвиноз Сангова эрининг қотиллари қонун доирасида жазоланиши учун охиригача курашишини айтади.

Сарвиноз ўз оиласи ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб, Душанбе шаҳар ҳокими, Тожикистон Миллий мажлиси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев ва президент Имомали Раҳмон номига ҳам ариза ташлаганини айтди.

- Менинг эрим бахстсиз ҳодиса туфайли ўлгани йўқ. Уни милиционерлар уриб ўлдиришди. Мен даъвомдан қайтмайман, охиригача курашаман. Ҳақиқат тантана қилишига ишонаман, - дейди Сарвиноз Сангова.

Айни пайтда Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализода ҳам ўз идораси Сафарали Сангов қисматига бефарқ эмаслигини маълум қилди.

- Биз Сангов ўлими билан боғлиқ ишни назорат қилиб турибмиз. Унинг оиласига ҳуқуқий ёрдам кўрсатаяпмиз. Бу масала Тожикистон Бош прокурори томонидан ҳам бевосита назорат қилинмоқда, биз улар билан бу масала юзасидан доимий алоқадамиз, - деди Ализода жаноблари.

Аснода мустақил таҳлилчилар мамлакат куч ишлатар тизим ходимлари, хусусан, Ички ишлар вазирлигида хизмат қилаётган масъул кишилар фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳар қадамда поймол қилиб, уларнинг давлатга бўлган ишончини йўқотаётганини айтишади.
XS
SM
MD
LG