Линклар

Ўзбекистон буғдой импортига солиқни кучайтирди

  • Ҳурмат Бобожон

1 апрелдан бошлаб ўзбек бекаларининг севимли унига айланган қозоқ уни нархининг янада ошиши кутилмоқда.

1 апрелдан бошлаб ўзбек бекаларининг севимли унига айланган қозоқ уни нархининг янада ошиши кутилмоқда.

1 апрелдан Ўзбекистонга киритиладиган хориж унига солинадиган акциз солиқлари яна 15 фоизга оширилади.

Россиянинг Прайм-тасс агентлигининг Ўзбекистон Божхона қўмитаси расмийларига асосланиб хабар қилишича, Ўзбекистон президентининг 4 март куни имзолаган қарорига асосан 1 апрелдан хориж буғдой унининг мамлакатга олиб кирилиши учун 15 фоизлик акциз солиқлари жорий этилади.

Божхона қўмитаси расмийлари¸ шаклланган анъанага кўра¸ на матбуот ва на жамоатчиликка бундай қарор сабабларини очиқламади. Озодлик мухбирининг Божхона қўмитаси Матбуот хизматига бу қарорни изоҳлашни сўраб қилган мурожаати ҳам жавобсиз қолди.

Қозоғистондаги "Казах Зерно" ахборот агентлиги таҳлилчиси Сергей Букатов фикрича, четдан келадиган буғдой унига акциз жорий этиб Ўзбекистон ўзида етиштириладиган буғдой ва буғдой унининг кўпроқ сотилишини таъминламоқчи.

- Ўзбекистонда буғдой уни аҳоли учун етарли бўлиши мумкин, лекин Қозоғистонники билан солиштирганда ўзбек унининг сифати анча паст. Менимча¸ Ўзбекистон ҳукумати бу йилги ғалла йиғим-терими олдидан ўзида етиштирилаётган уннинг сотилиши учун замин ҳозирламоқда. Четдан келадиган, жумладан анча сифатли қозоқ унига акциз солиқлари жорий этиб, ўзида етиштириладиган буғдой уни харидоргирлигини оширмоқчи, дейди Букатов.

Ўзбекистон қозоқ унининг минтақадаги асосий харидорларидан ҳисобланади. Қозоғистонлик кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон расмий шартномалар асосида йилига ўртача 1 миллион тонна қозоқ уни харид қилади ва бу аҳоли истеъмол қиладиган йиллик ун миқдорининг 15-20 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистонга қозоқ уни импорт қилиш билан шуғулланадиган "Дони Нон" ширкати вакили Гайбилло Эрматов ҳам ўзбекларнинг асосий озиғи бўлмиш нон ва нон маҳсулотларининг қозоқ унисиз тайëрланмаслигини айтади.

- Буғдой унининг қарийб 70-80 фоизини Ўзбекистон ўзида етиштиради. Мамлакат буғдой мустақиллигига деярли эришган, етишмаганини Қозоғистондан олади, дейди Эрматов.

Ўтган йили Ўзбекистон расмийлари буғдойдан 7 миллион тонналик рекорд ҳосил олинганини билдирган эди. Шунга қарамай Ўзбекистонда қозоқ унига талаб камаймаган.

- Бир томондан рақамлар катта, мамлакат аҳоли учун етарли ун етиштириб чиқараётгандек, лекин аслида бу ҳосилнинг озиқ-овқатга ярайдиган қисми кам, дейди Қозоғистондаги "Казах Зерно" ахборот агентлиги таҳлилчиси Сергей Букатов.

Расмий шартномалар асосида келтирилаëтганидан ташқари¸ қозоқ уни Ўзбекистонга чегарадан айланма йўллар орқали контрабанда ҳам қилинмоқда. Сергей Букатов, Ўзбекистонда четдан келтириладиган буғдой унига акциз солиқларининг кучайтирилиши ун контрабандасини яна ҳам кучайтириб юбориши мумкин¸ деган ишончда.

- Контрабанда кучаяди, унни чегарадан божхона декларацияларисиз ўтказиб юбориш ҳоллари кўпайиши мумкин. Ўзбекистон ички бозорида эса¸ табиий¸ қозоқ уни нархи яна ҳам ошади¸ дейди Сергей Букатов.

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ ҳозирги кунларда Ўзбекистонда маҳаллий уннинг 50 килограмлик бир қопи ўртача 30-35 минг сўм, қозоқ унининг қопи эса¸ 70 минг сўмдан сотиляпти - фарқ икки баравар. Қозоқ уни нархи яна ошгач, ун маҳсулотлари нархи ҳам табиий равишда кўтарилмай қолмайди.

- Ун таркибида клейковина миқдори қанча кўп бўлса¸ нон маҳсулоти сифати шунча яхши бўлади.Яхшироқ нон ёпиш учун ун таркибида камида 22-27 фоиз клейковина бўлиши керак. Кам бўлса¸ нон ўхшамайди.

Билишимча, Ўзбекистонда маҳаллий унга қозоқ унини аралаштириб нон ёпишади. Сабаби¸ ўзбек унида клейковина миқдори 10-18 фоиздан ошмайди. Ўз-ўзидан кўриняптики, қозоқ уни қимматлар экан¸ ундан тайёрланадиган нон маҳсулотлари нархи ошиши ҳам табиий¸ дейди Букатов.

Айни пайтда¸ Озодлик манбаларига кўра¸ Ўзбекистон пойтахтидаги бозор ва дўкон пештахталаридан Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаëтган ун ғойиб бўлмоқда. "Ўздонмаҳсулот" давлат ширкати расмийлари Озодлик билан суҳбатда бундай хабарни инкор қилдилар¸ аммо ўзбекистонлик оддий истеъмолчилар ўзбек унининг савдодан йўқолаëтгани тасдиқламоқдалар.

Британиядаги Халқаро Ғалла қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон йилига четдан 1¸5 миллион тонна буғдой импорт қилади.

Бу давлат Қозоғистондан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари Россия ва Украинадан ҳам ун сотиб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG