Линклар

Санкт-Петербургда ўзбекларга "ҳожатбарор" карточка берилиши мумкин


Россияда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорларининг асосий муаммоси ижтимоий ҳимоянинг йўқлигидадир.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорларининг асосий муаммоси ижтимоий ҳимоянинг йўқлигидадир.

"Мигрантнинг ягона картаси" ташаббускорлари шу тариқа ўзбек муҳожирлари ижтимоий ҳимоясини таъминламоқчи.


Ўзбекистондан Россиянинг иккинчи йирик шаҳри – Санкт-Петербургга келаётган меҳнат муҳожирларининг аксарияти дуч келадиган энг катта муаммо ҳужжатларни расмийлаштиришдир.

Санкт-Петербургдаги "Умид" ўзбеклар диаспораси ташкилоти раҳбари Алижон Ҳайдаров ҳозирда мигрантларнинг шаҳарда ишлашини легаллаштириш учун камида 15 минг рубл сарфлаши лозимлиги ва ортиқча ҳаржнинг олдини олиш учун мардикорларнинг аксари ноқонуний меҳнат фаолиятини танлашга мажбур бўлаëтганини айтади.

Бу муаммони амалда ҳал этиш учун “Умид” ташкилоти шаҳарда ўзбек тилида чоп этилаётган “Турон” газетаси кўмагида қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар учун махсус пластик карточка ишлаб чиқишни йўлга қўйди, дейди Алижон Ҳайдаров Озодлик билан мулоқотда.

- Бунинг номи “Мигрантнинг ягона картаси”, деб номланади. У жамиятимизнинг аъзоларига берилади аъзолик карточкаси сифатида.

Кейинги йилдан карточкадан ҳатто пул ўтказиш ҳам мумкин бўлади. Жамият аъзолари бемалол уйларига пул жўнатади. Кейин биз бу карточка орқали уларни текшириб ҳисобга оламиз ва иш берувчиларга тавсия қиламиз. Иш берувчи биздан келганини билади ва жамият улар учун жавобгар бўлади. Биз нафақат мигрантларни, иш берувчиларни ҳам текширамиз, Масалан, пўл тўлай олишга қодирлиги, имкониятларини. 3-4 ой ишлайди, бечоралар, пул тўламайди. Биздан борса биз ҳақларининг тўланишини доимо назорат қилиб борамиз.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу карточкалар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига бепулга берилади. Жорий қилинаётган яниликнининг афзалликларни кўрган тожик, қирғиз ва қозоқ жамоалари ҳам ундан фойдаланиш ниятини билдирмоқда, дейди Алижон Ҳайдаров.

Петербургдаги ўзбек жамияти раҳбарига кўра, пластик карточка фақат жамият аъзоларигагина берилади ва у ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш тизимини яратишга имкон яратади.

- “Мен ўғлимни, дадамни, укамни топа олмаяпман”, деб кўп қўнғироқ қилишади. Аъзолар қаерда яшаяпти, нима иш қиляпти, қачон келган - ҳамма информация бўлади. Биз уларнинг ишга киришига ёрдам берамиз, юристларимиз консультация беради, судларда ҳимоя қиламиз, таржимонлар билан таъминлаймиз. Ҳозир 2000 яқин аъзоларимиз бор ва пластик карточкаларни шу ойнинг охирларида чиқарамиз, дейди Санкт-Петербургдаги "Умид" ўзбеклар диаспораси раҳбари Алижон Ҳайдаров.

Лойиҳа ташаббускорлари "Мигрантнинг ягона картаси"нинг дастлаб ўзбекистонликлар, кейинроқ эса бошқа диаспора вакилларига ҳам беришни режалаштирмоқда.

Ўзбек муҳожирларига қулайлик яратиши мумкин бўлган бу янгилик Санкт-Петербург Федерал Миграция хизмати қаршилигига учрамоқда, дейди бу лойиҳа ташкилотчиларидан яна бири “Турон” газетаси муҳаррири Анастасия Тишкина.

- ФМС бошқармаси бу картанинг жорий қилинишига салбий муносабат билдирмоқда. Билмадим, нимаси уларга ёқмади, ўзлари ҳам тушунтирмади. Аслини олиб қарасак, бу карточка ҳеч қандай юридик кучга эга эмас. Бу оддий аъзолик картаси. Менимча, бу уларнинг ваколатига ҳам кирмайди ва бизга Миграция хизматидагиларнинг бу масалада буйруқ беришга ҳақлари йўқ,- дейди ўзбек тилида чоп этиладиган “Турон” газетаси муҳаррири Анастасия Тишкина Озодлик билан суҳбатда.

Муҳожирликда меҳнат қилаётганлар ҳақида тўлиқ маълумотлар тўпланган пластик карточкаларни жорий қилиш маҳаллий миграция қоидалари ва бошқа қонунчилигига зид эмасми, деган савол туғилади.

Санкт-Петербург Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш Федерал хизматининг миграция масалалари бўйича эксперти Елена Свешникова ҳар қайси шахс ёки ташкилот қонунга хилоф бўлмаган равишда ўзига тегишли маълумотларни эълон қилиши ёки уни бирор ташкилот доирасида аъзолик карточкаларига киритишга ҳақли, дейди.

- Меҳнат қилишга руҳсатномаларни, миграция қайди қоғозларини тарқатувчи ва умуман мигрантларнинг миграция ҳолатини ўзича белгиловчи шахслар ва ташкилотларнинг фаолияти қонун томонидан чекланади. Лекин меҳнат муҳожирлари бирлашиб бирор маълумотлар киритилган карточка ва визиткаларни чоп этмоқчи бўлса, марҳамат. Қолаверса, карточкаларга шахсий маълумотлар киритилишига шахснинг ўзи розилик беради. Карточкаларни чоп этиш меҳнат муҳожирларининг шахсий иши ва бу ҳолат Миграция хизмати ёки бошқа давлат органи ваколатидан ташқарида, деди Санкт-Петербург Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш Федерал хизматининг эксперти Елена Свешникова.

Миграция бўйича мўтахассиснинг айтишича, бир неча йил олдин ФМСда ҳам мигрантлар ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилган магнитли пластик карточкаларни жорий қилиш ғояси пайдо бўлган, аммо қандайдир сабабларга кўра бу ташаббус қоғозда қолиб кетган. Лекин Россия ҳукумати бундай электрон карточкаларни жорий қилиш ғоясидан тўлиқ воз кечганича йўқ, дейди Елена Свешникова.

“Петербург.уз” газетаси тарқатган маълумотга кўра, ҳозирда Санкт-Петербургда 850 мингдан ошиқ ўзбекистонлик яшаб меҳнат қилади. Бу эса Россия маданий пойтахти аҳолисининг тўртдан бири деганидир. “Умид” ташкилоти президенти Алижон Ҳайдаров¸ шаҳарда 500 мингдан ортиқроқ ўзбек яшаëтганини тахмин қилади. Санкт-Петербург Миграция хизмати бошқармаси келтирган маълумотга кўра, шимолий пойтахтдаги ўзбеклар сони 300-400 мингни ташкил этади, аммо улардан фақат 120 минги қонуний меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.

2010 йилда Ўзбекистон Сакнт-Петербургни меҳнат муҳожирлари билан таъминлашда биринчи ўринни эгаллади: ўзбеклар бу шаҳардаги жами гастарбайтерларнинг 58 фоизини ташкил этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG