Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:50

Йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди


Эндиликда йўл ҳаракати билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жарима миқдорининг кескин оширилиши кутилмоқда.


Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 26 март куни маъқуллаган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик ҳақидаги Кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар” ҳақидаги Қонунда айтилади.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенаторлари қонун муҳокамаси чоғида қилган чиқишларида, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик ҳақидаги Кодексидаги нормаларни такомиллаштиришдан асосий мақсад аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш борасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш эканлигини таъкидлашган.

Янги қонунга кўра, маст ҳолда ёки ҳайдовчилик гувоҳномасиз машина бошқариш, йўлда қоидасини бузган ҳолда фалокатли вазиятлар содир этиш, тезликни ошириш, светофор чироқлари талабига бўйсунмаслик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилади.

Бу жазо чоралари қандай усулда кучайтирилади, бу ҳақда ҳозирча жамоатчиликка маълумот берилгани йўқ.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий чоралар кучайтирилгани ҳақидаги йўриқнома ҳали ўз идорасига етиб келмаганини айтди:

- Бу ҳақда таклифлар киритилган эди, бироқ ҳали буйруқ келгани йўқ, биз эски тартибда ишлаяпмиз, деди Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими.

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг исми сир тутилишини сўраган инспекторига кўра, бундай қонуннинг қабул қилиниши бугун жуда долзарб бўлиб қолган. Инспекторнинг айтишича, йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини писанд қилмай қўйишганига анча бўлган, катта амалдорлар фарзандлари ва танишлари ҳатто инспекторнинг “тўхташ” ҳақидаги буйруғига ҳам итоат қилмай қўйган:

-120-қарор чиққандан бери парковкалар бўйича. Шу бўйича ҳозир ишлар олиб борилаяпти. Анча порядка бўлиб қолди. Одамлар илгари остановка, жамоат транспорти тўхтайдиган остановкаларгача қўйиб ташларди машинасини. Ҳозир шунақа ҳолатлар камаяяпти анча.

Озодлик: Қанчалик эҳтиёж бор эди, янги қонунга?

- Биласизми, мен яна ўзимча ўйлайман, йўл ҳаракати қоидаларини бузгандан кейин жарима қилинарди. Жарима қилингандан кейин, жаримаси ҳам унақа катта жарима эмас. Жарима қилингандан кейин “Жарима экан, яна оламан” дейдида, яна қилиб юраверади. Мана энди унча-мунча одам ҳам ўйлаб иш қилади. Мисол учун¸ 23 минг жарима қаердаю, энди мисолда бу, 100-150 минг жарима қаерда. Ер билан осмондай фарқи борку. 150 минг пул тўлагандан кўра қоида бузмасдан тинчгина қоида бузмасдан юргани яхшида. Менимча, одамлар ҳам шуни ўйлайди, энди, дейди Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг исми сир тутилишини сўраган инспектори.

Фарғоналик такси ҳайдовчиси Жаҳонгирнинг айтишича, янги қонун ҳақидаги гапларнинг пайдо бўлганига анча бўлган. Шу гап чиққандан бери шаҳарда ҳайдовчилик гувоҳномасисиз юрганлар камайди ва инспекторлар ҳам порани кам оладиган бўлиб қолди, дейди Жаҳонгир:

- Лекин яхши бўлди. Бир томондан ëш болалар чиқмаяпти ҳозир. Қоидабузарлар кўп эди-да. Милициялар қаттиқ ушлагани ҳисобига ëши катта, 28 дан ўтган болалар минишни бошлади. Дадаси болаларига бермай қўйди кўп.

Озодлик: Ҳозир қоидани бузсангиз, инспектор билан “гаплашиб” чиқиб кетиш мумкинми?

- Беш-олти ой олдин мумкин эди. Энди ҳозир жуда қаттиқ бўлиб кетди. Гаплашишнинг иложиси йўқ энди. Кўпчилик ўртоқларим праваси йўқ, доверенности йўқ минаëтган эди. Ҳозир ҳаммаси қонун-қоида бўйича минилаяпти. 10 тадан 8 тасида доверенност, биттасида права йўқ эди. Ҳозир кучайтирилгани ҳисобига ҳаммаси документларини тўғирлаб олди, дейди фарғоналик ҳайдовчи Жаҳонгир.

Сирдарёлик ҳайдовчи Аброр бошқача фикрда. Унинг айтишича, одатда бундай қонунлар қабул қилинган пайтда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари, ўзларини гўёки қонуний ишлаётгандай қилиб кўрсатишади ва бу қонуннинг ҳовури босилгач¸ яна ҳайдовчиларни шилишни бошлайди:

- Шу билан ГАИлар “честний” бўлиб кетармиди? Қаерда честний бўлади? Бўлмайди, бизникилар бўлмайди ака. Ўрганган кўнгил ўртанмай қўймас, дейди сирдарёлик ҳайдовчи Аброр.

Бундан бир ҳафта бурун Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов ўз ҳайдовчисидан пора олганлиги учун Сирдарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан бир гуруҳини ишдан бўшатган эди. Айрим жойларда ДАН ходимларининг пора олишдан сал бўлса-да тийилиб қолганига¸ айрим ўзбекистонликлар тахминича¸ янги қонундан кўра кўпроқ¸ вазирнинг қаҳри сабаб бўлган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG