Линклар

МХХ ходимининг ўзи қийноқ нишонига айланди


Эксперт гуруҳи ҳисоботи¸ Ўзбекистондаги қийноқлардан ҳеч бир шахснинг ҳимояланмаганидан даракчидир.

Эксперт гуруҳи ҳисоботи¸ Ўзбекистондаги қийноқлардан ҳеч бир шахснинг ҳимояланмаганидан даракчидир.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи қамоқхоналардаги қийноқларга оид янги ҳисоботида маълум қилди.

Ташкилотга кўра, шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида ҳибсда ушлаб турилаётган собиқ МХҲ ходими Мансур Соипов қаттиқ калтакланган.

44 яшар Соипов 15 йил давомида Миллий хавфсизлик хизматида ишлаган. Январ ойида у Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Террорчиликка қарши кураш бўлимига раҳбар этиб тайинланган ва феврал ойида лавозимидан озод этилган эди.

27 январ куни эса Соипов экстремизмда айбланиб ҳибсга олинган аёлни сабабсиз озод этганликда айбланиб қўлга олинган.

Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳига кўра, ҳибсда қаттиқ калтакланиш оқибатида Соиповнинг тўртта қовурғаси синган, кейинчалик оғир аҳволда у Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи Бухоро қамоқхонасидаги ваҳший қотиллик ҳақида ҳам хабар қилди.

Ташкилотга кўра, шу йилнинг 8 феврал куни Бухоро колониясида 40 яшар тошкентлик махбус Музаффар Аҳмедов қийноқ оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Аҳмедов¸ 2002 йилда экстремизмда айбланиб қамоққа олинган ва икки йил ўтиб озод этилган эди. 2007 йилда эса Аҳмедов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси¸ яъни конституциявий тузумга тажоввуз қилганлик, ноқонуниий диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш айби билан 10 йилга қамалган эди.

Аҳмедовнинг яқинларига кўра, унинг танасида қийноқ белгилари бўлган.

Қамоқхона нозирлари юборган ҳужжатларда эса Музаффар Аҳмедовнинг камерадошлари тарафидан қийноққа тутилгани оқибатида юрак хуружидан ўлгани айтилади. Ҳозирча бу факт бўйича жиноий иши қўзғатилганига оид маълумот йўқ.

Озодлик Эксперт гуруҳи ҳисоботида келтирилган маълумот юзасидан ўз суриштирувини ўтказмоқда ва бу воқеаларга доир тафсилотларни яқин фурсатда сайтимиздан топиб ўқишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG