Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Қаддафий мулозимлари қочаётгани исёнчиларни руҳлантирмоқда


Муаммар Қаддафий ҳукуматининг яна бир мулозими истеъфо беришини эълон қилди. Ливиянинг БМТдаги вакили ҳам ташқи ишлар вазири истеъфо берганидан кейин Қаддафий режимидан юз ўгирди. Мулозимларнинг бирин-кетин Қаддфийни тарк этаётгани ва Вашингтоннинг Марказий разведка хизматига Ливияда махсус операция ўтказиш топшириғини берганига оид хабарлар қийин аҳволда қолган Ливия мухолифатини руҳлантирмоқда.


Кейинги икки кун ичида Муаммар Қаддафийнинг икки мулозими ўз лавозимларидан воз кечди.

Собиқ ташқи ишлар вазири, БМТ Бош ассамблеясининг жорий раиси Али Абдулсалом Треки Ливияда исён бошланганидан кейин кўплаб расмийлар ҳукуматни тарк этгач, Қаддафий режимининг БМТдаги вакили этиб тайинланган эди.

Бироқ Қоҳирага келган Трекининг бу лавозим ёҳуд Қаддафий таклиф қилган бошқа лавозимларни қабул қилмаслиги тўғрисидаги баёноти бир нечта мухолифат сайтларида эълон қилинди.

Ливия Ташқи ишлар вазири Мусса Кусса Лондонга қочиб келиб, истеъфога кетишини билдирганига ҳали икки кун ҳам бўлгани йўқ.

Қаддафий ҳукуматининг кўп йиллик санкциялардан кейин қайта халқаро ҳамжамиятга қўшилишига катта ҳисса қўшган Кусса истеъфо берганини Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг эълон қилди.

Ҳейг 1998 йилда Локерби шаҳари осмонида АҚШга қарашли йўловчи самолётнинг портлашига алоқадор собиқ вазир жавобгарликдан даҳлсиз қолмаслигини маълум қилди.

Шу билан биргаликда Форин офис раҳбари қолган мулозимларни ҳам Қаддафийдан юз ўгиришга чақирди. Куссанинг истеъфога кетиши режим “ичидан емирилаётганини” кўрсатди, дея таъкидлади Ҳейг.

- У бу ерга ўз хоҳиши билан келди. У лавозимидан истеъфога чиқаётганини айтди. Биз у билан айни масалани муҳокама қилаяпмиз. Сўзлашув тафсилотини кейинроқ маълум қиламиз. Биз Қаддафий атрофидаги одамларни уни ташлаб кетиш ҳамда сиёсий ўзгаришларга имкон яратувчи¸ Ливия халқининг хоҳиш-иродасини акс эттирадиган ҳақиқий ислоҳотларни бошлашга рағбатлантирамиз,- деди Британия Ташқи ишлар вазири.

Триполи расмийлари аввал Куссанинг истеъфога кетгани ҳақидаги хабарларни инкор қилиб, унинг Лондонга “дипломатик миссия” билан борганини иддао қилди. Кейинчалик Қаддафий ҳукумати Кусса ҳақидаги версиясини ўзгартирди.

- Жаноб Мусса Кусса жиддий касаллиги боис ҳукуматдан дам олишга руҳсат сўради. Ҳукумат унга руҳсат берди ва у Тунисга бир-икки кун, балки ҳатто бир-икки ҳафтага даволнгани кетган эди. У бизни бошқа режалари борлигидан хабардор қилмади,- деди Ливия ҳукумати матбуот вакили Иброҳим Мусса.

Ливия адлия ва ички ишлар вазирлари Қаддафийнинг намойишчиларга қарши куч қўллашига норозилик ўлароқ исён бошланган дастлабки кунлардаёқ истеъфо берган эди.

Мулозимларнинг бирин-кетин Қаддафийни тарк этаётгани ҳозир қийин аҳволда қолган исёнчиларга умид бағишламоқда. Кейинги кунларда Қаддафий кучлари исёнчиларни улар ишғол қилган ҳудулардан сиқиб чиқармоқда.

Бир пайтлар Ливия махфий хизматларини бошқараган собиқ ташқи ишлар вазири Кусса Қаддафийни қандай қилиб ағдаришга оид муҳим ахборотларни бериши мумкин.

Айни пайтда, Қўшма Штатлардан Ливиядаги ҳарбий операция учун масъулиятни қабул қилиб олган НАТО тинч фуқароларни ҳимоя қилишда давом этажагини баён қилди.

Ҳозирда Ливия миссиясига қўмондонлик қилаётган Канада генерали Чарлз Бушар Қаддафий ва унга содиқ қолаётган кучларни маъноли қилиб огоҳлантирди. Италиянинг Неаполь шаҳри яқинида жойлашган қўмондонлик марказида ўтказилган матбуот анжуманида генерал Бушар бундай деди.

- Мен тинч фуқароларга қарши ҳаракат қилаётганларга яна бир марта яхшилаб ўйлаб кўришни таклиф қиламан: бу ҳаракатларни давом эттириш сиз учун яхшилик билан тугамайди. Ва мен бундай ҳаракатларни тўхтатишни маслаҳат берган бўлардим,- деди НАТО генерали.

АҚШ Президенти Барак Обама Марказий разведка бошқармасига Ливияда махсус махфий операция ўтказишни топширганига оид хабарлар исёнчиларга қўшмича умид бағишламоқда.

“The New York Times” газетаси исми келтирилмаган АҚШ расмийларига таяниб, МРБ Ливияга мухолифат жангчиларига ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган агентларни жўнатганини хабар қилди.

Бу хабарлардан руҳланган исёнчилар Қаддафий кучларига қарши контр-ҳужумга тайёргарлик кўра бошлагани айтилмоқда.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс конгрессда ўтган эшитувларда МРБ операцияси ҳақида изоҳ бера олмаслигини таъкидлади.

У билан бирга конгрессда ахборот берган АҚШ бирлашган штаби раиси Адмирал Майк Маллен халқаро коалиция ҳаво зарбаларига қарамасдан, Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийга содиқ кучларнинг қўли устун келаётганини баён қилди.

АҚШ Конгрессида қилган чиқишида Маллен Қаддафий қўшинлари ихтиёридаги қурол аслахалар исёнчиларга нисбатан ўн баробар кўпроқдир, дея таъкидлади.

У шунингдек Ливияда ҳавонинг ёмон келгани жорий ҳафтада халқаро кучлар ҳаво зарбаларига ҳалақит бергани боис, Қаддафий кучлари ҳужумга ўтганини қўшимча қилди. Лекин, деди у, НАТО зарбалари “Қаддафийнинг ҳарбий имкониятлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда бошқарув ва назорат имкониятлариги жиддий путур етказди.
XS
SM
MD
LG