Линклар

logo-print
Америка армияси қўмондони халқаро коалиция ҳаво зарбаларига қарамасдан, Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийга содиқ кучларнинг қўли устун келаётганини баён қилди.

Адмирал Майк Маллен АҚШ Конгрессида қилган чиқишида Қаддафий қўшинлари ихтиёридаги қурол аслахалар исёнчиларга нисбатан ўн баробар кўпроқдир, дея таъкидлади.

У шунингдек Ливияда ҳавонинг ёмон келгани жорий ҳафтада халқаро кучлар ҳаво зарбаларига ҳалақит бергани боис, Қаддафий кучлари ҳужумга ўтганини қўшимча қилди.

Кейинги кунларда Ливия исёнчилари ишғол қилган ҳудулардан чекинишда давом этмоқда. Мухолифат кучлари кеча Брега ва Аждабия шаҳарларида қаттиқ ҳужумга учради. Қаддафий кучлари исёнчилар қўлида қолаётган Мисрата шаҳрини қуршовга олиб, артиллерия ва танклардан ўққа тутишда давом этди.

Кеча НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Стокҳолмда қилган чиқишида АҚШ билан Британиянинг БМТ мандати бўйича ливиялик исёнчиларга қурол етказиб берилиши мумкин, деган фикрига қўшилмаслигини баён қилди.

- НАТОнинг позицияси ҳақида гапрадиган бўлсак, биз БМТ Хавфсизлик кенгашининг қурол эмбаргосининг амал қилишини таъминлашга чақирувчи резолюциясини тўлиқ амалга тадбиқ қиламиз. Қурол эмбаргосидан мақсад эса Ливияга қуроллар киришининг олдини олишдан иборатдир ва НАТО БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг ана шу жиҳатини тўлиқ амалга тадбиқ қилади. Яъни биз у ерда одамларни қуроллантириш эмас, уларни ҳимоя қилиш билан шуғулланмоқдамиз,- деди НАТО раҳбари.

АҚШ расмийлари чоршанба куни исёнчилар назоратидаги шарқий Ливияга Марказий разведка бошқармаси агентларини юборганини ошкор қилди. Бироқ АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс конгрессда ўтган эшитувларда МРБ операцияси ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

Айни пайтда, Ливия Ҳукумати чоршанба куни Британияга қочиб кетган ташқи ишлар вазири Мусса Кусса истеъфога кетганини тасдиқлади.

Пайшанба куни Ливиянинг БМТдаги вакили Али Абдулсалом ал-Треки ҳам истеъфо беришини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG