Линклар

logo-print

Хорижда легаллаштирилган ҳужжатлар Ўзбекистонда қабул қилинадиган бўлди


Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси – Олий мажлис Сенати “Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Ҳаага, 1961 йил 5 октябр) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда UzDaily.uz ахборот нашри хабар қилди.

Ўзбекистоннинг ушбу ҳужжатга қўшилиши Конвенция амал қиладиган ҳудудда тақдим этилиши шарт бўлган ҳужжатларни легаллаштирмасдан жўнатиш имкониятини яратади.

Маълумки, Ўзбекистонда у ёки бу давлатдан жўнатилган расмий ҳужжатларни дипломатик йўллар билан, шу жумладан, консуллик xизматлари орқали легаллаштириш талаб этилади.

Бу ҳужжат ва ундаги имзо ва муҳрнинг ҳақиқийлигини текшириш учун зарур ҳисобланади.

1961 йилнинг 5 октябрида Ҳаагада бўлиб ўтган конференцияда хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштиришни бекор қилувчи Конвенция қабул қилинган эди.

Унга мувофиқ, бирон бир давлатда тайёрланган ва бошқа давлатга топширилиши керак бўлган расмий ҳужжатларга қўйиладиган, консуллик легаллаштириш тартиб-таомилининг ўрнини босадиган махсус белги — апостиль жорий этилади.

Апостиль билан қайд этилган ҳужжатлар Конвенцияга аъзо давлатлар томонидан ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши лозим.

Эндиликда мазкур қонун Олий мажлиснинг қуйи палатасида ҳам муҳокама этилади ва парламентнинг тўлиқ тасдиғидан ўтиб, президент имзолаганидан сўнг кучга киради.
XS
SM
MD
LG